Солижон МЎМИНОВ,
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган
филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди
"Наманган кардиологияси" деган ибора кейинги пайтда бежиз тез-тез тилга олинмаяпти. Мақтанишга йўймангу, биз кўпйиллик саъй-ҳаракатлар билан шундай эътирофга сазоворландик. Бу, вилоят ҳокимлигининг, Республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг юксак эътибори ва ниҳоят изланувчану ташаббускор жамоамизнинг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда дадил қадам ташлаётгани, муттасил ўқиб-ўрганаётгани, эришган натижаларидан асло қаноатланмаётгани туфайлидир, албатта.
Тиббиёт асли азалдан дунёвий соҳа. Ҳеч бир мамлакат, ҳеч бир миллат унинг ривожисиз умумтараққиётга эришолмайди. Шундан, биргаликда изланиш, илмий тадқиқотлар олиб боришнинг афзаллиги беқиёс. Бирининг ютуғи – ҳамманинг ютуғига айланиши учун халқаро миқёсдаги илмий-амалий анжуманлар муҳим роль ўйнайди, ўзаро ҳамкорлик ҳамишалик ҳаётий зурурат бўлиб қолаверади.
Жорий йилнинг 23 – 24 октябрь кунлари пойтахтимизнинг "Hyatt Regeny" меҳмонхонасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан "Превентив кардиология: бирламчи профилактикадан – кардиореабилитациягача" мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Тадбир онлайн ва офлайн тарзда олиб борилди. Аввало, РИКИАТМ директори, профессор Хуршид Фозиловнинг маърузаси тингланди. Кейин эса Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги А.Бакулев номидаги МТТМ юрак-қон томир жарроҳлиги маркази ФДБМ директори, Россия фанлар академияси академиги, профессор Елена Голухова, Швейцариядаги Цюрих университетининг юрак-қон томир маркази директори, профессор Паул Вогт ва бошқалар ўз чиқишлари билан фаол қатнашдилар. Мен Наманганда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида маъруза ўқидим.
Халқаро анжуманда биз учун юрак-қон томир касалликларининг бирламчи профилактикаси нақадар муҳимлиги, кардиореабилитация, яъни касалликни бошидан кечирганларни соғломлаштиришнинг долзарб муаммолари янада ойдинлаштириб берилди. Ундан бой таассуротлар билан қайтдик. Энди олган билимларимизни амалий фаолиятимизда бардавом қўллаш ҳаракатидамиз.
Очиғини айтганда, октябрь ойи дунё кардиологлари учун ғоят унутилмас воқеаларга бой ўтди. 27-28 октябрь кунлари биз ҳам Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган "САМКО – 2023" илмий-амалий конференциясида қатнашдик. Ўша икки кун ғоят ҳаяжонли кечди. Филиалимизнинг эндоваскуляр хирурглари Акмал Жалилов, Аброр Абдуллаев, Абдурауф Обидов ва Ислом Убайдуллаевлар соҳанинг жаҳонга таниқли олимлари билан учрашиб, уларнинг маърузаларини тинглашиб, ҳатто клиникалардаги амалиётлар билан танишиб ўз маҳоратларини янада бойитдилар.
Анжуманга филиалимизнинг домий ҳамкорлари – таниқли интервенцион кардиологлар Ганюпов (Кемеровадан), Редкин (Новосибирскдан), Каледин (Санкт-Петербургдан) ташриф буюрган эдилар. Шунингдек, Е.И.Чазов номидаги кардиология тиббиёт миллий тадқиқот маркази профессори Евгений Меркулов, Москвадаги Бокулев номли юрак-қон томир жарроҳлик миллий тадқиқотлар маркази профессори Гоар Арутюнян ва бошқалар ҳам анжуманда ҳозир бўлдилар.
Саммитда Е.И.Чазов номидаги кардиология тиббиёт миллий тадқиқот маркази бош директори ўринбосари, профессор Филипп Палеев, Россия рентгенэндоваскуляр диагностика ва даволаш илмий жамияти раиси, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси, академик Алекян Баграт каби қатор устозларнинг ғоят фойдали маърузаларини ҳам тингладик.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим жоизки, Алекян Гегамович менинг илмий раҳбарим, энг қадрли устозларимдан бири ҳисобланади. У кишидан 2004 йилда Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги миллий тиббиёт тадқиқот марказида таҳсил олган эдим. Яна устознинг қимматли сабоқларидан баҳраманд бўлдим.
Биз наманганликлар саммит доирасида назарий билимларимизни янада бойитиш билангина кифояланиб қолмадик. Санкт-Петербургдаги В.А.Алмазов номли миллий тиббиёт тадқиқот марказида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдик. Россия кардиологлар жамияти раиси, академик Евгений Шляхто томонидан бошқариб келинаётган мазкур марказдаги ибратли ишларни ўргандик. Келгусида ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, маҳорат дарслари ўтказиш, ўзаро малака ошириш ҳамда тажриба алмашиш бўйича икки томонлама фойдали келишувларга эришдик.
Саммитнинг энг қимматли иши шуки, унда асосан кардиоэндоваскуляр амалиётнинг асоратлари кенг ва атрофлича муҳокама қилинди. Профессор Евгений Меркуловнинг маърузаси барча қитъа мутахассисларида ғоят қизиқиш уйғотди. Чунки ҳозиргача эътибор эндоваскуляр амалиётларнинг ўзига, унинг муваффақиятини таъминлаш жараёнларига қаратиб келинар эди. Бу гал ана шу амалиётлар чоғида ва ундан кейин юзаланадиган жиддий асоратларни бартараф этиш масалаларида дунё олимлари батафсил кенгашиб олдик. Гарчи бундай асоратлар оз бўлса-да, охир-оқибат бемор ҳаётининг ўлим билан тугашига олиб бориши ўйлаб кўрилса, унинг нақадар зарур эканини англашимиз қийин эмас. Биз шифокорлар учун инсон ҳаётидан қимматли ва аҳамиятли ҳолат йўқ. Демак, ҳамма яшашга ҳақли. Бунга сабабчи бўлиш эса беҳад масъулият ва беҳад шарафли ҳамдир.