Халқ саломатлигига эришиш билан инсонлар умрини узайтиришга қаратилган бардавом ислоҳотлар тиббиётчилар зиммасига катта масъулият юклаб келмоқда. Президентимиз бежиз: "Биз учун энг катта бойлик бўлган аҳоли саломатлигини сақлашга оид конституциявий нормалар ижросини таъминалаш – давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиши лозим" дея таъкидламаганлар.
Вилоятимизда бугунга келиб, 185 та бирламчи тиббий-санитария муассасалари, яъни 90 та оилавий шифокорлик пункти, 81 та оилавий поликлиника ҳамда 14 та туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 12 та тез тиббий ёрдам бўлимлари, шунингдек, 510 та хусусий тиббиёт муассасаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Соҳамиздаги ижобий ўзгаришлар муттасил кўпаймоқда. Агар 2022 йилда чекка ва олис ҳудудлардаги 144 та маҳаллада 154 та тиббиёт пунктлари очилган бўлса, жорий йилда яна 30 та маҳаллада шундай давогоҳлар ташкил этилди. Бу билан тиббий хизмат аҳолига янада яқинлаштирилди.
Албатта, халқ соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун барча шароит ва қулайликлар яратилгани сайин тиббиёт ходимларига нисбатан талабчанлик ҳам оширилмоқда. Жумладан, вазирлик мутахассислари томонидан назорат ва амалий ёрдам тобора кучайтирилмоқда. Якунланган октябрь ойида вилоятимизга республика ишчи гуруҳи аъзоларининг навбатдаги ташрифи уюштирилди. Улар Норин, Поп, Тўрақўрғон ва Уйчи туманларида бир неча кун фаолият олиб боришди. Натижалар ғоят самарали бўлди, десак асло муболаға эмас.
Масалан, Норин тумани аҳолисининг муаммолари ва ижтимоий аҳволини ўрганиш жараёнида фуқаролардан 312 та мурожаат қайд қилинди. Энг муҳими, уларнинг аксариятини ўз ўрнида ҳал этиш чора-тадбирлари кўрилди. Қўшариқ маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳудудий бўлимда мақсадли чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди. 153 нафар фуқарода турли касаллик аломатлари аниқланди. Шундан 141 нафарига амбулатория шароитида даволанишга тавсиялар берилди. Қолганлари туман ҳамда вилоят даволаш муассасаларига йўлланма олдилар.
Поп туманидаги Нуробод маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг соғлиғи тиббий кўрикдан ўтказилганида 198 нафар кишининг 123 нафарида ҳеч қандай касаллик аломатлари аниқланмади. 75 нафари соғлиғида эса етишмовчиликлар мавжудлиги маълум бўлди. Улар ҳам назорат куниёқ даволашга йўналтирилдилар.
Шунингдек, Тўрақўрғон туманидаги Зарбдор, Уйчи туманидаги Гулзор маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисининг муаммолари ва ижтимоий аҳволи ҳам ишчи гуруҳни қизиқтирди. Улар мурожаат этувчилар билан суҳбатлашиб, соғлиқлари юзасидан билдирилган шикоятларни тингладилар, зудлик билан ташхис қўйиш учун УТТ, лаборатория, флюорография (рентген), маммограф, электрокардиограмма текширувларини мақсадга мувофиқ, деб топишди. Сўнгра врачлар беморларга муолажа муассасаларида соғлиқларини тиклашга тавсиялар ёзишиб, зарур маслаҳат, йўл-йўриқлар бериб жўнатишди.
Яхши биламизки, касалликларнинг олдини олишда соғлом турмуш тарзи муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун "Тўғри овқатланиш – саломатлик гарови" тарғиботига алоҳида эътибор қаратилди. Соғлом овқатланиш ярмаркалари аҳолининг бу борадаги қизиқишларини янада оширди. Жисмоний нофаол кишиларга эса мутахассислар томонидан ҳаракат-умрга баракат экани ҳам изчил тушунтириб борилди.
Юқоридаги туманлардан Республика илмий-амалий марказларининг Намангандаги филиалларига, вилоят шифохоналарига тавсия билан юборилганлар айни вақтда зарур муолажаларни олишяпти. Ҳатто юқори технологик даволаш тадбирлари – жарроҳлик амалиётлари ўтказиляпти.
Тиббиётчилар, яъни барча врачу ҳамшираларимиз учун халқ соғлиғини сақлаш асосий вазифа экан, улар ўзларининг бор билим ва малакаларини эзгу мақсад йўлида ҳеч аямасдан сарфлайверадилар.
Алиёр НУРАЛИЕВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.