Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази Наманган филиалида кейинги пайтда энг нозик, энг мураккаб жарроҳлик операциялари муваффақиятли уддаланмоқда. Чунки, юқори малакали врачу ҳамширалар жамулжам жамоа хорижий ҳамкасблари билан муттасил ҳамкорликни йўлга қўйган.

Октябрнинг иккинчи ўн кунлигида филиалга Молдова Республикасининг Кишинёв шаҳридаги "Medpark international Hospital" клиникаси профессори Батринак Анатольевич Аурелиу ҳамда Италиянинг Милан шаҳридаги "Сан Донато" институти профессори, кардиолог, экокардиографист Георгий Черин ташриф буюришди. Улар уч томонлама имзоланган меморандумга мувофиқ фаолият юритишяпи.

Италиялик олим-жарроҳ филиал мутахассислари билан биргаликда маҳорат дарслари ва кўргазмали амалиётлар ўтказди. Бу галги операция юрак клапанлари шикастланишида клапанни сақлаб қолишдек ғоят мураккаб жараёндан иборат бўлди.

Амалиёт жараёнлари самарадорлиги ва унда "Қизилўнгач орқали эхокардиоскопия" аҳамиятлари тушунтирилди. Жарроҳлик столига ётқизилган 32 ёшли бемор юрак митрал ва трикупидал клапанлар шикастланиши билан кўп йиллардан бери оғриб келаётган эди. Ниҳоят унинг юрак клапанида кўпкомпонентли пластик операция йўли билан ўз клапанлари сақлаб қолинди.

Сўнгра юрак клапанларининг ҳаммаси шикастланган беморларда операция жараёни тактикаси ва кейинги хирургик ва терапевтик тактикалар ҳам муҳокама қилинди.

– Беморнинг ўз юрак клапанларини сақлаб қолишнинг афзаллик томони шуки, улар умрбодлик ногирон бўлиб қолишининг олди олинади. Сабаби сунъий клапан қўйилганда умрбод қон суюлтирувчи дориларни қабул қилиши шарт ва доимий тиббиёт ходимларининг кузатувида юриларди. Клапани сақлаб қолинган беморнинг дори ичиши шарт эмас, маълум вақтдан сўнг тиббиёт ходимлари назоратигаям муҳтож бўлмайди, – дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов.

Шунингдек, молдовалик меҳмон Батринак Аурелиу томонидан марказда ётган беморлар кўруви уюштирилди. Ҳамкасбларга юрак хасталигига чалинганларнинг операциядан олдинги ва операциядан кейинги ҳолатини баҳолаш ҳамда тўғри ташхис қўйиш параметрларини ўрганиш бўйича маҳорат сабоқлари ташкилланди.

Содиқ САЙҲУН.