Ўзбекистонни дунё тан олишига далолат берувчи ҳолатлар ягона эмас. Истиқлолли юртимизнинг камолатига қай томондан қаралса ҳам ибратли жиҳатлар яққол кўзга ташланиши ҳаётий ҳодиса. Бирлашган Миллатлар ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тад­қиқотлар асосида қайд қилинган "Бутун жаҳон бахт индекси"да Ватанимиз 158 та мамлакатлар ўртасида 44-поғонани эгаллади. Айни маҳалда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринда Ўзбекистон турибди. Бу барқарор тараққиётнинг маҳсули, тинч ва хотиржам меҳнатнинг меваси демакдир. Ахир "Тома-тома кўл бўлур" деганларидай миллионлаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган юртдошларимиз кечаю-кундуз изланишда, интилишда. Уларнинг жаҳон андозаларига мос маҳсулотлар билан дунё бозорига дадил чиқишаётгани иқтисодиётимиз юксак суръатини таъминловчи етакчи омилдир.

Юртимиз қиёфаси йилдан йилга гўзаллашиб, чинакамига мафтункор тусга кираётгани ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бун­ёдкорлик халқимизга бобомерос. Куч- кудратнинг ифодаси яратувчанликда зоҳир. Кўзларда ҳайрат туғдирадиган, кўнгилларда кўришга иштиёқ уйғотадиган ўзгаришлар оламни Ўзбекистонга чорлаяпти. Самарқанду Тошкентнинг жаннатона жамолига, Навоийу, Нукусу Урганчнинг, Бухоронинг, Қаршию Термизнинг, Гулистону, Жиззахнинг, Андижону Фарғонанинг ва ниҳоят Наманганимнинг истиқлолдан гуллаб- яшнашига сира-сира гап йўқ!

Бугун бахту иқболини ердан ва тердан яратаётган ҳамқишлоқларимиз ҳаракатига ҳам тасаннолар тавсифи ярашиқли. Дала-боғлар саховатидан дастурхонлар тўкин, бозорлар тўкин. Тўю тантаналар давомли. Ҳар гўшада эзгу тилаклар, эзгу дуоларга қўл очишмоқда табаррук кексаларимиз. Эъзозлаш йилида эъзоз топаётганларнинг ғанимат ҳаётдан шукроналари бетугал. Фарзандларига ҳалол ризқу, ҳалол насибани раво кўришади. "Ерга меҳр-элга меҳр" деган ўзбекона туйғуни наинки ўғил-қизларига, сону-саноқсиз невара-эвараларигача "юқтиришади". Бу билан кўнгиллари тўқ, бу билан кўнгиллари беармон. Бу билан беҳисоб савобмандликка мушарраф сезишади ўзларини.

 

Ўзбек ўзи туғма ерсуяр,

Томорқаси - жаннат парчаси.

Пешонаси чашма-терқуяр,

Қуёшлидир толе дарчаси.

 

Пахта билан дони ёнма-ён,

Фермер-деҳқон соҳиби замин.

Қўли етар узатса қаён,

Елкалаган элу юрт ғамин.

 

Қайга борсак кичик корхона,

Ютуқлари каттадан катта.

Бўш турмайди ҳар уй, ҳар хона,

Кексаю ёш эзгу ниятда.

 

Озодлигу ободлик бир тан,

Иккисини ушлашар маҳкам.

Бахтлироқ йўқ дунёда ҳурдан,

Олқишлайди аҳли башар ҳам.

 

Ҳайратона юртсан бетакрор,

Жаҳон: "Қойил!" дер, Ўзбекистон,

Фахрлансак арзийди минг бор,

Кўкрагингни кер, Ўзбекистон!

Содиқ САЙҲУН.