Шу савол билан ВССБ қурилиш-таъмирлаш ва эксплуатация ишларини ташкил қилиш бўлими бошлиғи Аслиддин РАҲМОНОВга мурожаат қилдик.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида"ги ПҚ-118-сонли қарорида ижтимоий соҳа иншоотлари иситиш тизимларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш вазифалари белгилаб берилди. Жумладан, 2023 – 2026 йилларда давлат соғлиқни сақлаш муассасаларининг қозонхоналарини кўмир ёқилғисига ўтказиш орқали куз-қиш мавсумида иссиқлик узлуксизлигини таъминлаш мақсадида модернизация қилиш, узатиш тармоқларини таъмирлаш ва белгиланган меъёрда ишлашига давлат-хусусий шериклик асосида эришиш йўл-йўриқлари кўрсатилди.
Вилоят "Йўл харитаси" изчил амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги 246 та муассаса иситиш тизими хатловдан ўтказилди. Аниқланган камчилик ва нуқсонлар тўғрисида далолатномалар расмийлаштирилди. Уларни бартараф этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларига биноан энергияга тежамкор кўмир қозонларини ўрнатиш ва объектлардаги ички иссиқлик тармоқларини модернизациялаш жадал олиб борилди. Табиий газ билан ишлайдиган 19 та қозонхона кўмир ёқилғисига мослаштирилди.
Модернизация ишлари тугалланган 241 та муассасанинг иситиш қурилмалари давлат-хусусий шериклик тамойили асосида тендер ғолиблари тасарруфига берилди. Бу ҳақда улар жойлашган туман ҳокимликлари ва тадбиркорлар ўртасида 10 йил муддатга битимлар имзоланди.
ССБ тасарруфида қолган 5 та муассаса қозонхоналари ҳолати меърий талаблар асосида ўрганилди ва уларга кўмир заҳираси учун 370 миллион сўм маблағ ажратилди. Айни кунда режадаги 885 тонна кўмир заҳираси қозонхона омборларига келтирилди.
Таъкидлаш жоиз, тизимдаги муассасаларда жами истиладиган майдон 500 минг 517 квадрат метрни ташкил этади. Уларни иситиш учун қозонлар сонини 585 тага етказиш даркор. Бунинг учун яна 143 та муассасага янги русумдаги 238 та иситиш қозони ўрнатилади. Ҳозирга қадар 70 дан ортиқ агрегат ўз жойига монтаж қилиниб, техник синовдан ўтказилди. Режа яқин кунларда тўла уддаланади.
Давлат-хусусий шериклик шартномаси тузган тадбиркорлар ўз тасарруфларига олган муассасаларни иссиқлик билан таъминлаш учун 19 минг 995 тонна кўмир заҳираси жамлашлари керак. Режа бўйича ҳозиргача 15 минг тоннадан ортиқ ёқилғи жамланди.
Муассасаларнинг ички иссиқлик тармоқлари техник назоратдан ўтказилди. Нобоплик аниқланган тармоқлар янгиланди. 21 минг 844 та радиатор замонавийларига алмаштирилиши лозим. Бугунги кунга қадар 9 минг дона самарадорлиги юқори радиаторлар қўйилди. Бу долзарб вазифани ўз муддатида амалга ошириш диққат марказимизда.
Маълумки, электр энергияси диагностика-даволаш муассасалари фаолиятида жуда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун қайта тикланувчи муқобил энергия таъминотини барпо этиш энг долзарб вазифалардан биридир. Шу мақсадда маҳаллий бюджетдан ажратилган 14 миллиард 812 миллион сўм маблағ ҳисобидан 76 та муассаса 1480 киловаттлик қуёш панеллари билан таъминланди.
ССВ томонидан берилган 2 миллиард 459 миллион сўм эвазига энг чекка ҳудудлардаги 50 та МТПга 235 киловаттлик шундай ток манбалари қўйилди. Бугунга қадар тизим биноларида жами 1451 киловаттлик қуёш мосламалари ишга туширилди. Бунинг учун 13 миллиард 812 миллион сўм маблағ сарфланди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг тўртинчи чорагига режалаштирилган яна 12 та бирламчи санитария тиббиёт пунктига юқоридагидек индивидуал электр яратувчи мосламалар улаш ишлари қизғин бажариляпти.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан вилоят бўйича жами 85 та шифохонага электр генератори ўрнатилди. Улар зарур ҳолларда узлуксиз ишлаши учун 32 минг 225 литр ёнилғи заҳираси яратилди.
Жойларда техник ходимлар эшик-деразалар мустаҳкамлигини кўздан кечириб, иссиқликни сақлашга доир юмушларни босқичма-босқич якунига етказмоқдалар.
Президентимизнинг ПҚ-465-сонли қарорига мувофиқ, инвестиция дастури доирасида 2023 йилда жами 8 та объектда қурилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Уларнинг 5 таси фойдаланишга топшрилди. 3 та объектдаги қурилиш-монтаж ишлари йил якунигача ниҳоясига етади.
Суҳбатдош М. ОБИЛОВ.