Ҳаётда боланинг бирор оғир дардга йўлиқишидан ҳам мушкул ва кўнгилсиз ҳолат бўлмаса керак. Бундай пайтда ота-она учун дилбандининг соғайишидан ҳам муҳимроқ истак бўлмайди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали болалар реанимацияси бўлими жамоаси ана шундай истаклар ижобати йўлида хизмат қилаётган инсонлардир. Қувонарлиси, сўнгги вақтларда жамоа фаолиятида эътиборга молик ижобий ўзгариш ва касбий юксалишлар кузатилмоқда.
Болалар реанимацияси бўлими мудири Дилмурод Мамадалиевга шу ҳақдаги саволлар билан мурожаат қилдик.
– Дилмурод Муродуллаевич, маълумки, жонлантириш бўлимида шошилинч ёрдамга муҳтож, оғир аҳволдаги кичик ёшдаги беморларга тиббий хизмат кўрсатилади. Бу эса анестезиолог-реаниматологдан тортиб, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларигача ғоят катта масъулият юклайди. Бемор аҳволининг яхшиланиши, айниқса, хавотирли босқичларни енгиб ўтиши кўпроқ сизларнинг билимингиз, саъй-ҳаракатларингиз, малака ва тажрибаларингизга боғлиқ, шундай эмасми?
– Албатта, бўлимда назология бўйича, санаб ўтиш мумкинки, барча хирургик ва соматик болалар касалликларининг оғир даражаларида шошилинч ёрдам кўрсатилади. Бошқа соҳалардан фарқли жиҳати шундаки, бизда ҳар бир беморга индивидуаль ёндашилади. Шифокор, ҳамшира, кичик тиббиёт бекаси ҳамиша ҳушёр, ҳамиша бедор бўлмоғи лозим. Бир фарзанд, бир оиланинг тақдири баъзан лаҳзаларга боғлиқ бўлади. Бу эса юқорида таъкидлаганингиздек, барчадан бирдек масъулиятни талаб этади.
Шу ўринда бўлим фаолиятига алоҳида тўхталмоқчиман. Болалар реанимацияси бўлими 12 ўринга мўлжалланган, 13 нафар олий тоифали врач анестезиолог-реаниматолог, 10 нафар анестезист, 31 нафар олий тоифали ўрта ва 27 нафар кичик тиббиёт ходимлари ҳамжиҳатликда болалар саломатлигини тиклаш учун хизмат кўрсатяпмиз. Бўлимда барча шароитлар яратилган, энг замонавий тиббий жиҳозлар мавжуд. Дори-дармон таъминоти узлуксиз йўлга қўйилган.
– РШТЁИМ Наманган филиалида республикада биринчилардан бўлиб телемедицина амалиёти жорий қилинди. Ушбу янгиликнинг самарали ва афзал жиҳатлари нималардан иборат?
– Дарҳақиқат, яқин вақтдан буён Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган даволаш стандартлари бўйича фаолият олиб борилади. Бемор ҳолатидан келиб чиқиб, филиалдаги устозлар билан кенгашиб, муаммоли вазиятларда Республика илмий-амалий тиббиёт марказларининг профессорларига, мутахассисларга телемедицина орқали мурожат қиляпмиз. Пойтахтлик ҳамкасбларимиз ҳам телемедицина орқали бизнинг бўлимдаги бемор ҳолатини яққол кўриб туриши ва муолажалар буюриши мумкин. Бу эса жажжи беморларни тезроқ дарддан фориғ бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Батафсил сўз юритадиган бўлсак, телемедицинанинг жонлантириш бўлимлари учун манфаатли томони жуда кўп. Ўзимиз ҳам шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларининг болалар бўлимлари шифокорлари таклифи билан телемедицина орқали керакли тавсия ва маслаҳатларни беряпмиз. Бошқача айтганда, телемедицина олис масофани яқинлаштириб, вақт йўқотмаслик ва бемор ҳаётини сақлаб қолишда катта имкониятларни тақдим этади. Авваллари оғир аҳволдаги бемор ҳолатини яхшилаш мақсадидаги муҳокама ва маслаҳатлар учун профессорлар, олим-шифокорлар пойтахтдан ёки бошқа вилоятдан келишга мажбур бўлар эди. Энди эса аксинча, телемедицина бундай вазиятларга тўла барҳам беради. Қолаверса, тиббиёт ходимлари учун эса маҳорат мактаби вазифасини ўтайди. Филиалда йилдан-йилга болалар ўлими кўрсаткичларининг камайиб бораётгани мана шундай янгиликларнинг ўз вақтида амалиётга татбиқ қилинаётганининг самараси деб ҳисоблайман.
Шуни ҳам алоҳида таъкидламоқчиманки, телемедицина бўйича нафақат пойтахт, балки Россия федерациясининг Москва болалар соғломлаштириш маркази ва Санкт-Петербург давлат педиатрия университетининг малакали профессорлари билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Бунинг учун хорижлик таниқли ва тажрибали профессорлар, устоз шифокорларнинг розилиги ва электрон манзилларини олдик. Келгусида тиббиёт ривожланган мамлакатлар – Туркия, Германия, Озарбайжон ва бошқа давлатларнинг таниқли олим-шифокорлари билан ҳам ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.
– Ўзбекистонда ҳам тиббиёт тизими жадал ривожланмоқда. Айниқса, кадрлар салоҳиятини ошириш учун соҳада кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Узоққа бормайлик, шу кунларда РШТЁИМ Наманган филиалининг кўплаб врач ва ҳамширалари бир қатор хорижий давлатларда малака оширмоқда. Бу Наманган тиббиётининг ривожланиши учун хизмат қилиши, шубҳасиз. Ўтган ойда сиз ҳам Санкт-Петербург болалар тиббиёт марказида малака ошириб келдингиз. У ердаги тажрибалардан келиб чиқиб, бўлимда қандай янгиликларни амалга оширишни режалаштиряпсизлар?
– Дарҳақиқат, сентябрь ойида врач ординаторлар – Бобур Ходжаев ва Нуриддин Жабборовлар билан биргаликда Россия давлатининг Санкт-Петербург болалар тиббиёт марказида малака ошириш курсларида иштирок этдик.
Биз Санкт-Петербург болалар тиббиёт марказининг Анестезиология ва реанимация кафедрасида ўқиш давомида Россия давлати тиббиётининг илғор усулларига гувоҳ бўлдик, илмий-амалий янгиликлардан бохабар бўлдик. Марказда айнан бизни қизиқтирган масала – регионар анестезияни педиатрияда кенг татбиқ қилинганлиги ва унинг болаларга малакали, хавфсиз тиббий ёрдам кўрсатишда ўрни катта эканлигини кўрдик ва бу биз учун айни муддао бўлди. Назарий ва амалий жиҳатдан марказ профессорлари Д. Заболотский, В. Корячкин, Г. Ульрих каби таниқли мутахассислардан билим олдик, улар тажрибасини ўргандик. Келгусида Наманганда педиатрияда регионар анестезияни кенг йўлга қўйишни режалаштирганмиз.
Бунинг аҳамиятли жиҳати шундаки, регионар анестезияни кенг йўлга қўйиш орқали умумий оғриқсизлантириш, амалиётдан кейинги оғриқсизлантиришдаги наркотик анальгетикларга бўлган эҳтиёжни минимал даражага тушириш, шу билан бир қаторда наркотик анальгетикларнинг болаларга ножўя таъсирининг олдини олишга муваффақ бўламиз.
– Мазмунли суҳбат учун раҳмат.
Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.