Давлатимиз раҳбарининг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-215-сонли қарори соғлиқни сақлаш ривожида туб бурилиш ясаган муҳим тарихий ҳужжат бўлди. Унга биноан вилоятимизда таркибида 1468 та тиббий бригада хизмат олиб бораётган 80 та оилавий поликлиника, 98 та оилавий шифокор пункти фаолияти йўлга қўйилди.Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан олисда жойлашган маҳаллаларда 154 та маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилди. Улар орқали аҳолининг профилактик тиббий кўриклари, скрининг дастурлар ва патронаж хизмати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ ва белгиланган муддатларда изчил амалга оширилмоқда.
Фазлиддин МУҲИДДИНОВ,
17-оилавий поликлиника мудири
– Юртбошимизнинг мазкур қарорига биноан туб бурилишлар амалга оширилгунга қадар аҳолига яқин муассасаларнинг камлиги, мавжудларида ҳам тиббий хизмат сифат ва самарадорлиги пастлиги оқибатида баъзан олдини олиш мумкин бўлган касалликлардан ўлим билан тугаш ҳоллари учраб турарди. Онкология йўналишидаги беморларнинг ярмида касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтгандан кейингина аниқланган. Аҳоли биринчи бўғиндаги хизмат сифатидан қониқмай, вилоят шифохоналарига боришга мажбур бўлган.
Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган тадбирлар натижасида умумий амалиёт шифокори замонавий билим ва илғор тажрибаларни эгаллаган ҳақиқий оилавий шифокорга айланди. Уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилди. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида "тиббий харита"лар шакллантириб, манзилли иш олиб бормоқда. Аҳоли саломатлигининг электрон базасини яратишга киришилди.
Бизнинг поликлиникамиз аввал 10-поликлиника филиали сифатида кўп қаватли бинонинг биринчи қаватида ҳеч қандай тиббий, меҳнат шароити бўлмаган ҳолда атиги икки нафар оила шифокори билан иш олиб борган.
Биномиз 4,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига қайта қурилди. 500 миллион сўмликдан ортиқ тиббий ускуна ва жиҳозлар, ЭКГ, лаборатория анжомлари билан таъминланди. Шароит тубдан яхшиланди. Беш нафар оила шифокори, невропатолог, стоматолог, эндокринолог, ЛОР, акушер-гинеколог, инфекционист, врач-лаборант фаолият юритяпти. Бундан ташқари массаж, ЛФК, физиотерапия, 16 ўринлик кундузги шифохона, рентгент хонаси, иккита врач кўруви олди хоналари эл хизматида. Шунингдек, "Ташаббусли бюджет"да ғолиб чиқиб, компьютер, телевизор, қўшимча лаборатория жиҳозлари олиш ва қуёш панеллари ўрнатишга муяссар бўлдик.
Яратилган қулайлик ва имкониятлар туфайли ҳудудимиздаги 30 минг 592 нафар фуқарога сифатли тиббий хизмат кўрсатишга эришяпмиз. Профилактик кўриклар самарадорлиги кескин ошди. Жумладан, Республикашошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа марказий шифохоналар мутахассислари ҳамкорлигида уч марта, шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан олти марта аҳоли саломатлиги назоратдан ўтказилди. Поликлиникамиз ходимлари эса тармоқ режасига мувофиқ тиббий ва профлактик кўрикларни олиб бормоқдалар.
Булар натижасида бир қатор аёлларда бачадон бўйни раки, кўкрак бези саратони, 49 кишида қандли диабет, 52 нафар фуқарода юрак-қон томир касалликлари барвақт аниқланишига эришилди.Булардан ташқари, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, поликлиника бош врачи томонидан маҳалла ва кўчалар кесимида 20 га яқин сайёр қабул ўтказилди. Уларда кўтарилган муаммолар, аҳоли мурожаатларининг деярли ҳаммаси ўрнида ҳал этилди. 23 нафар бемор марказий шифохонларда бепул даволанишига эришилди.Скрининг ва профилактик кўрикларда 7600 нафардан ортиқ фуқаро тўртта тур бўйича хавф гуруҳига мансублиги ойдинлашди. Улар ўртасида соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш, шахсий гигиена бўйича тарғибот ишлари, хасталик белгиларини бартараф этиш муолажалари олиб бориляпти.
Илгари уйда ётиб қолган беморларни поликлиникага олиб келиш кўпгина қийинчилик туғдирар эди. Ислоҳот боис ана шу муаммо бартараф бўлди. Эндиликда оила шифокори ва тиббий бригадалар ҳамшираларитармоқ режаси асосида уларга тиббий маслаҳат бериб, лозим бўлган муолажаларни олиб бормоқдалар. Яқинда биринчи гуруҳ ногиронлари Нурилло Алиев, Акралхон Жўраев, иккинчи гуруҳ ногирони Ғофиржон Файзуллаевлар мактуб йўллаб, тиббий бригада хизматидан беҳад миннатдорликлари, Президентимизнинг тиббиёт бўйича олиб бораётган сиёсатлари шарофати билан уйда ётиб қолган дардманлар ҳам инсоний қадр-қимматни чинакамига ҳис эта бошлаганликларини ёзганлар.
Дарҳақиқат, поликлиника негизида 16 та тиббий бригада ташкил этилган. 15 нафар амалиёт, 32 нафар патронаж ҳамшираси, 7 нафар доя фаолият кўрсатяпти. Улар хонадонларда бўлиб, оила аъзолари саломатлигини мунтазам кузатиб бормоқдалар, хавф омилларидан келиб чиқиб, тегишли маслаҳат ва тавсиялар бермоқдалар.
Оилавий поликлиникага, замонавий шароит ва имкониятлар яратилибгина қолмай, зарур ваколатлар ҳам берилгани мақсадга мувофиқ бўлди. Жумладан, 8000 нафардан ортиқ беморга бепул дори-дармонлар рецепти тақдим этилиши ҳам инсонпарварликнинг ёрқин ифодасидир. Ўтган ойлар ичида 19 минг кишига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ оилавий шифокорлар, ҳамширалар хизматини аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари ҳамда касалликларнинг эрта аниқланишига қараб рағбатлантириш йўлга қўйилди. Шу мезонлар асосида учта тиббий бригаданинг икки нафар оила шифокори, тўққиз нафар хамширасига тўртинчи чорак учун лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида устама ҳақ тўлаш бўйича буйруқ чиқарилди. 42 нафар ходим байрам ва тадбирларда пул маблағлари билан мукофотланди.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ ёзиб олди.