Дастурнинг изчил ижроси натижасида бирламчи тиббий хизмат тизимини тубдан яхшилаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ихтисослаштирилган марказлар ҳамда соҳада янги - шошилинч тиббий хизмат тизимини ташкил қилиш, кадрлар тайёрлаш масаласини такомиллаштириш, фармацевтикани ривожлантириш каби йўналишларда туб ўзгаришларга эришилди. Бундай ўзгаришлар, табиийки, вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимига ҳам давр руҳини олиб кириб, уни аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам қўрғонига айлантирди.
Аввало тиббиётнинг муҳим бўғини - бирламчи тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш чоралари кўрилди. Қишлоқ жойларида 217 тадан зиёд врачлик пунктлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Наманган шаҳрида эса 12 та оилавий поликлиника ташкил этилди. Уларнинг моддий-техник имкониятлари ривожлантирилди. "Саломатлик-2", "Саломатлик-3" лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида бирламчи тизим энг замонавий жиҳозлар, тиббий анжомлар билан таъминланганлиги аҳолига катта қулайлик яратиш билан бирга хизмат сифати ва малакасини кескин кўтаришга йўл очди.
Ислоҳотлар жараёнида ихтисослаштирилган тиббий марказлар ташкил этиш орқали даволаш-профилактика ишларини халқаро андозалар даражасига кўтариш борасида бир қатор ютуқларга эришилганини таъкидлаш ўринлидир. Бунда илгари самарасиз фаолият юритиб келган шифохоналар бирлаштирилиб, улар негизида моддий-техник имкониятлари ривожланган ва юқори малакали хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган замонавий муассасалар шакллантирилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳам ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир. У собиқ вилоят кўп тармоқли шифохонаси негизида, вилоят урология маркази, вилоят травматология ва ортопедия шифохонаси, собиқ вилоят кўз касалликлари диспансерининг бирлаштирилиши натижасида вужудга келди.
Мазкур марказ ташкил этилиши муносабати билан давр талабидан келиб чиққан ҳолда янги ихтисослашган бўлимлар ташкил этилиб, умумий ўринлар сони 365 тага етказилди. 100 қатновли консультатив-диагностика бўлимининг ташкил этилиши ҳам ўз самарасини берди. Бу ерда рентгент ва нур диагностикаси бўлимлари очилди, қўшимча ихтисосликлар - врач-эпидемиолог, врач-клиник фармокотерапевт, профпатолог каби мутахассисликлар жорий этилди. Янги бўлимнинг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланиши хизмат доираси янада кенгайиши, сифати яхшиланишига замин яратди.
Инвестиция Дастурига мувофиқ марказ моддий-техник базасини янада такомиллаштириш мақсадида кенг қамровли таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилди. Бинолар мукаммал таъмирланди. Лойиҳа бўйича сарфланган 2 миллиард 800 миллион сўм бюджет маблағи эвазига икки қаватли лаборатория, дорихона, зарарсизлантириш бўлимлари биноси қад кўтарди.
Дарҳақиқат, тиббиёт муассасаларини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилиш, уларни энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш кўлами ортганлиги эътиборга лойиқдир. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиали ҳамда унинг шаҳар ва туманлардаги бўлимлари равнақида бу яққол кўзга ташланади. Эндиликда РШТЁИМ Наманган филиали вилоятдаги тиббий муассасалар учун ташкилий-услубий марказ вазифасини ўтамоқда. 350 ўринга мўлжалланган даволаш масканида 19 та клиник-диагностика бўлими мавжуд.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шошилинч тиббий хизмат тизимининг ривожланиши даволаш-диагностика ишлари такомиллашишига кенг йўл очди. Соҳага тадбиқ этилаётган янги техника ва технологиялар туфайли касалликларни аниқлаш ва даволаш ишлари сифати яхшиланди. Рентгент-диагностика бўлимидаги Германиянинг "Сиеменс" рентгент аппарати, амалиёт хонасидаги "Херман" ва "Карл Шторц" лапароскоплари, функционал диагностика бўлимидаги Япониянинг "Алока" ва Голландиянинг "Эн Вайзер" ультратовуш аппаратлари, "Санфлавер" компанияси билан тузилган шарномага мувофиқ ҳамда Ислом Тараққиёт банки томонидан ажратилаётган кредитлар асосида олинган энг замонавий тиббий асбоб-ускуналари, мультислайдли компьютер томография мажмуаси каби бир қанча янги асбоб-ускуналар, жиҳозлар тўпламлари фикримиз далилидир.
Илмий марказ филиали ташкил этилганидан буён муассасада юздан зиёд янги диагностика ва даволаш усуллари амалиётга тадбиқ этилди. Лапароскопик амалиётлар, найсимон суякларнинг очиқ ва ёпиқ синишларида экстрамедуляр стерженли остеосинтез қилиш, бош мия инсульт гематомаларини олиш, умуртқа поғонасининг шикастларида умуртқаларни мутаҳкамловчи операциялар каби мураккаб жараёнлар наманганлик шифокорлар томонидан юқори даражада бажарилмоқда.
Бугунги тиббиёт замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган, энг мураккаб касалликларни ҳам даволай олади. Бундай имконият нафақат пойтахт, балки, вилоят ва туман шифохоналарида ҳам яратилгани соҳанинг жадал равнақидан нишона. Масалан, илгари юрак жарроҳлиги амалиётлари вилоятларда меҳнат қилаётган тиббиётчилар учун ушалмас орзудай туюларди. Эндиликда унинг энг мураккаб турларини ҳам ўтказиляпти.
Наманганда бундан олти йил аввал сунъий қон айлантириш ва кардиоплегия шароитида хаста юрак устида дастлабки амалиётга қўл урилгани кўпчиликнинг ёдида. Ўшанда пойтахтдан ташриф буюрган тажрибали ҳамкасбларимиз билан биргаликда юрак ишемик касаллигининг зўриқувдаги стенокардия туридан азоб чекаётган беморда аорта шунтлаш ўтказилгандан сўнг унинг аҳволи бутунлай яхшиланган эди.
Айтиш мумкинки, минтақа тиббиёти учун воқелик ҳисобланган ушбу саъй-ҳаракат катта ишларнинг пойдевори бўлди. Бугун вилоятда кардиохирургия тиббиётнинг янги, айни пайтда тезкорлик билан ривожланаётган, илмий изланиш, инновацион ғоя ва ташаббуслар кенг тадбиқ этилаётган соҳасига айланди. Бу борада Россия, Ҳиндистон сингари мамлакатлардаги шифокорлар билан ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб боряпти.
Фарғона водийсида юрак ва қон томир касалликларини аниқлаш ҳамда даволаш ишларини замон талаблари даражасига кўтариш мақсадида ишлаб чиқилган республика инвестиция дастури асосида минтақавий кардиохирургия марказини ташкил этиш бўйича кенг кўламда олиб борилган ишлар вилоят кардиология маркази фаолиятини юксак талаблар даражасига кўтарди. Бунинг учун 5 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, уч қаватли бино мукаммал таъмир ва реконструкциядан чиқарилди. Қўшимча равишда жарроҳлик ва лаборатория хоналари, реанимация, стерилизация ва рентгенэндоваскуляр бўлимлардан иборат кардиохирургия бўлими, текшириш-даволаш хоналари қуриб битказилди. Энг замонавий тиббиёт технологик жиҳозлари олинди.
Ҳозирга келиб, марказ республикада шу йўналишда муваффақиятли фаолият юритаётган тўртинчи даргоҳдир. Бу ерда туғма ва орттирилган юрак нуқсонлари, юракнинг ишемик ҳамда қон-томир тизими касалликларини эрта аниқлаш ва жарроҳлик йўли билан даволаш ишлари кенг йўлга қўйилган. Беморларга фан доктори ва фан номзоди илмий даражасидаги кардиохирурглар, Россия Федерацияси, республикамизнинг етакчи тиббиёт муассасаларида малака оширган врач ва ҳамширалар хизмат кўрсатишмоқда.
Беморларга ташхис қўйиш ва даволаш, хусусан, жарроҳлик амалиётларини ўтказиш ишларининг тобора такомиллашиб бораётгани ҳамюртларимизнинг марказга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Бунинг натижасида, энг аввало, ушбу беморлар даволаниш учун Тошкентга ёки хорижий давлатларга операция қилдириш учун бориш ташвишидан халос бўлишди.
Бугун марказда кардиохирургиянинг энг сўнгги ютуқлари асосида юракнинг ҳамма турдаги туғма нуқсонлари устида жарроҳлик иши олиб бориляпти. Хусусан, юрак клапанларини алмаштириш, электр кардиостимулятор имплантациясини амалга ошириляпти, эхокардиография усули кенг йўлга қўйилган.
Кардиохирургия энг ёш, шу билан бирга юқори технологияли, аҳоли саломатлиги ва ҳаёт фаолиятини тиклаш йўлида етакчи соҳадир. Унинг муваффақиятли ишлаши учун даставвал янги технология, зарурий тиббий ускуна ва жиҳозлар бўлиши лозим. Шундан келиб чиқиб, марказда юрак операцияларида бир марталик тиббий воситалар-оксигенетор, канюлалар, атравматик иплар билан таъминланган. Моддий-техник базани ривожлантириш мақсадида Корея Республикасидан 970 минг АҚШ доллари қийматида 33 турдаги 108 та замонавий тиббий ускуналар келтирилиб, ўрнатилди.
Яқинда кардиохирургиянинг янги йўналишлари-интервенцион кардиология, қон-томир хирургияси, микрохирургия ва коронар хирургия ривожига хизмат қиладиган кардиоангиограф аппарати ишга туширилди. Мамлакатимиз вилоятлари орасида биринчи бўлиб юрак томирларини коронарография текшируви ҳамда юрак тож томирларини стендлаш амалиёти бошланди. Бу вилоят тиббиёти тарихидаги ғоят муҳим ютуқлардан биридир.
Аёллар ва ўсиб келаётган авлодга ғамхўрлик кўрсатиш - жамиятнинг эртанги куни, келажак ҳақида қайғуриш демакдир. Айнан шу боис оналик ва болалик муҳофазаси соғлиқни сақлаш тизимининг устувор йўналишига айланган. Бинобарин, "Она ва бола скрининги" маркази, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиали, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази каби муассасалар фаолиятининг намунали йўлга қўйилиши ушбу йўналишдаги даволаш-профилактика ишларини янги поғонага кўтариш имконини берди.
"Соғлом бола йили"да вилоятимизда келажагимиз ворисларининг саломатлигини муҳофаза қилишга йўналтирилган муассасалар ишини яхшилашга алоҳида урғу берилди. Капитал таъмирлаш ва қайта реконструкциялашдан чиқарилган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази фарзандларимизга хизмат қила бошлади.
Инвестиция дастурига кўра ушбу масканда салкам 3 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш лойиҳаси доирасида КВФ молиявий кўмагида қиймати 235 минг еврога тенг замонавий тиббий жиҳозлар келтирилди. Бу вилоятда ненатология хизматини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Диёримизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар баробарида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш тизимини такомиллаштириш, соғлом бола туғилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларда соғлом оила қуришга, соғлом турмуш тарзини олиб боришга интилишни шакллантириш бўйича тушунтириш ишлари кучайтирилди. Фаолият марказида туғиш ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни соғломлаштириш тадбирлари турганлиги диққатга сазавордир.
"Кексаларни эъзозлаш йили"нинг асосий вазифалари орасида эл саломатлигини муҳофаза қилиш ишларини янада юқори даражага кўтариш масаласи алоҳида ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда вилоят аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини янада ошириш чоралари кўрилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 28 ноябрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгилаб берилган устувор йўналишлар барча саъй-ҳаракатлар асосини ташкил қилмоқда.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ мавжуд қувватлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида вилоятимиздаги барча туманлар тиббиёт бирлашмаларининг ташхис, стационар ва кўмакчи бўлинмаларини мақбуллаштириш чоралари кўриляпти. Улар моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида замонавий лаборатория, ташхис ва даволаш ускуналари билан жиҳозланмоқда.
Инвестиция дастурига кўра шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларининг моддий-техник имкониятлари бугунги кун талаблари даражасида юксалтирилмоқда. Мингбулоқ ва Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаларида бу жараён якунланган бўлса, айни пайтда Норин, Чуст туманларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Реконструкция ва таъмирлаш ишлари сифатли бажарилган тиббиёт муассасалари "Саломатлик-3" лойиҳаси асосида энг замонавий ва такомиллашган тиббий жиҳозлар билан таъминланяпти. Жумладан Янгиқўрғон ва Мингбулоқ туманлари тиббиёт бирлашмаларига ўрнатилган рақамли рентгент аппаратлари ўта мукаммаллиги билан эътиборга моликдир. Қисқаси, "Саломатлик-3" лойиҳаси асосида етказиб берилган асбоб-ускуна ва жиҳозлар қиймати 5,5 миллиард сўмдан зиёддир.
Бир сўз билан айтганда тиббиётда кечаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг беқиёс самаралари Наманганда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Солижон МЎМИНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.