Янгиқўрғон ТТБ ташаббуси билан "Соғлом она, соғлом бола – соғлом оила" мавзуида хотин-қизлар анжумани ўтказилди.
Аёл табиатан покизалик, саранжом-саришталикни севиш ва албатта, инсонни дунёга келтириб, уни жисмонан, руҳан баркамол қилиб улғайтириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини бағишловчилик салоҳияти билан яратилган. Шу боис, аввало, она ўзи соғлом ва саломатликка оид бошланғич билимларга эга бўлиши, оила аъзоларининг тиббий маданиятига талабчанлик билан ёндошиши зарур. "Илмли аёл – жамият кўзгуси" шиори остида ўтказилаётган "ХХI аср аёли" хотин-қизлар фестивали доирасида туман маданият марказида ташкил этилган анжуманда ана шу устувор масалаларга жамоатчилик эътиборини қаратилди.
Ўз ўрнида таъкидлаш керакки, тиббиётдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ вилоятимизда тажрибали шифокор ва ҳамширалардан иборат 1470 га яқин тиббий бригадалар шакллантирилиб, бирламчи тизим фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Маҳаллаларда очилган 154 тиббиёт пункти тиббий хизматни аҳолига яқинлаштиришда муҳим роль ўйнамоқда. Шифокорлар уйма-уй юриб, фуқароларнинг яшаш жойларида хизмат кўрсатишяпти. Одамларга маҳалланинг ўзида тиббий хизматдан баҳраманд бўлиш, ҳатто, тиббий кўриклардан ҳам шу ерда ўтиши учун имконият яратилди. Булар "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!" тамойили асосида амалга оширилаётган хайрли ишларнинг бир қирраси, холос.
Аммо аҳолининг тиббий саводхонлиги ва саломатликка оид билими етарли даражада эмаслиги боис касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволашга эришишда муаммоларни келтириб чиқараётганлиги ҳам бор ҳақиқат.
– Шу боис оилага дахлдор жамоат ташкилотлари вакиллари, МФЙлардаги аёллар фаолларини, хотин-қизлар бўйича кўчабошилари, лидерлик салоҳиятига эга опа-сингилларни таклиф этдик. Мақсад шулар билан оилаларда соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш, соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, касалликлар келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишда фаол ҳамкорлик ўрнатишдир. Гап шундаки, айрим қайноналар, хонадон бекалари тиббий профилактиканинг аҳамиятини тушунмаганликларидан шифокорларинимизга қийинчиликлар туғдиришмоқда. Ҳолбуки, улар оилаларда соғлом турмуш тарзи юзасидан суҳбатлар ўтказиш, тавсия ва маслаҳатлар бериш билан патронажларимиз, оилавий шифокорлик пунктлари ходимлари хизмат вазифасини қонун доирасида бажаришига монелик қилмасликлари керак, – деди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Лайло Аҳмедова.
ТТБ бошлиғининг КТМП бўйича ўринбосари Мурибат Зокирова "ХХI аср аёли қандай бўлиши керак?", оила шифокори Тўхтахон Солиева "Соғлом бола – келажак пойдевори" мавзуларидаги маърузаларида аёлнинг саломатликни сақлаш борасидаги бурчлари, она ва бола саломатлигини сақлаш учун яратилган имконият ва имтиёзлар, тиббий маданиятнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритдилар.
Тиббиётчилар ижросидаги оилада тиббий маданиятга жиддий ёндошувчи ва унга панжа орасидан қаровчи оналар хонадонидаги қувончли ва ачинарли оқибатлар акс эттирилган саҳна кўринишлари қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.
Маҳалла аёллари анжуман доирасида соғлом овқатланиш тартиблари юзасидан тайёрланган яшил, сариқ, қизил дастурхонлар асосида фойдали, фойдасиз ва зарарли неъматлар ҳақида ёрқин тасаввур ҳосил қилдилар.
– Анжумандан жуда катта маънавий завқ ва соғлом турмуш тарзига хос тушунчалар олдим, – дейди Азизахон Абдуллаева. – Биз аёллар шифокорларнинг саломатлигимиз учун елиб-югуриш билан бирга, тиббий билим ва тушунчалар ҳосил қилишимизга ҳам жон куйдираётганликларидан беҳад миннатдормиз.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.