Жорий йил октябрь ойининг биринчи ўн кунлиги давомида мамлакатимизда Ўзбекистон – Озарбайжон соғлиқни сақлаш декадаси бўлиб ўтди. Тиббиётнинг етти йўналиши бўйича ўнлаб етакчи мутахассислар, соҳа олимлари юртимиздаги қатор даволаш муассасаларида маҳорат дарслари олиб бордилар. Трансплантология, офтальмология, онкология, гинекология, травматология бўйича бепул юқори технологик, кам инвазив жарроҳлик амалиётлари ўтказдилар.
Қардош мамлакатнинг таниқли онкожарроҳларидан бири, Озарбайжон Миллий онкология маркази онкоколопроктология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Юсиф Алияров ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази онкопроктологи, тиббиёт фанлари номзоди Оқилбек Раҳимов, халқаро алоқалар бўлими етакчи мутахассиси Илёсмирзо Зияев Наманган филиалида бўлдилар. Улар дастлаб, филиал структураси, моддий-техника базаси, халқаро андозаларга мос даволаш-диагностика имкониятлари билан батафсил танишдилар. Сўнгра бу ерда амалга оширилаётган кам инвазив усулдаги, асоратсиз ва ортиқча жароҳатларсиз кечадиган, организм қисқа муддатда ўз функциясини тиклашини таъминлайдиган юқори технологияли жарроҳлик муолажалари самарадорлиги ҳақида илмий давра суҳбати ўтказилди.
Қардош онкохирурглар "Тўғри ичак ва йўғон ичак саратони" билан оғриган беморлар учун маслаҳат-кўриклар ташкил этдилар. 100 дан зиёд дардманларга даво муолажалари белгиланиб, керакли тавсиялар берилди. Кўрик натижалари чуқур таҳлил этилиб, жарроҳлик амалиётини қўллаш зарур бўлган кишилар аниқланди. Уларнинг бири 42 ёшли чустлик Элёр Абдужабборов. Унда илеоцекал соҳа, яъни йўғон ичакнинг бошланиш қисмида саратоннинг токсик-анемик тури пайдо бўлган. Уч сантиметрли ўсма йўғон ичак ўтказувчанлигини кескин қисқатирибгина қолмай, баданга сўрилиши керак бўлган сув ҳамда озиқ моддаларни заҳарлаб, фойдасиз ҳолда чиқиб кетишига олиб келган. Бу эса беморни кундан-кун ҳолдан тойдириб, ўрта оғир даражадаги иккиламчи камқонлик касалига ҳам дучор этган.
Доктор Юсиф Алияров беморда ўтказилган барча турдаги таҳлиллар натижаларини синчиклаб ўрганди, наманганлик ҳамкасблари тиббиёт фанлари номзоди, филиал жарроҳлик бўлими мудири Акмалжон Тожибоев, Муҳаммаджон Абдулҳамидов, Донёрбек Саматовлар билан обдон кенгашиб, ўнг томонлама гемиколэктомик амалиётни қўллашга қарор қилдилар. Яъни, бемор йўғон ичагининг саратон эгаллаган жойини олиб ташлаш, қолган қисмини ошқозон билан найча орқали бирлаштиришга келишдилар. Бу ўта зарур ва мураккаб операцияни амалга оширишга филиалга шу йил келтирилган энг замонавий лапароскоп жамламаси имкон берди. Аппаратнинг баданга ручкадеккина тирқишдан киритилган дастаги ичида қориндаги амалиёт жойини ёритиб, тасвир узатадиган, ҳаво билан кенгайтирадиган ҳамда, энг ҳайратланарлиси, кесиш ва улашни бажарадиган "ақлли қўллар" мавжуд бўлиб, улар халқаро жарроҳлар бригадаси бошқарувида инсон ҳаёти учун нажот фариштасига айланди. Уч соат давом этган лапароскопик тўғри ичак қорин оралиқ экстирпацияси операцияси муваффақиятли уддаланди.
– Жарроҳлик столига ётар эканман, – дейди Э.Абдужабборов палатага ўтгач, – доктор Юсиф ичимдан ўтаётганларни сезгандай, минг йиллик қадрдондек кўзи тўла меҳр, чеҳрасида халоват бахш этувчи табассум билан ёқимли озарча талаффузда "Қардош, бир неча соатдан кейин ракдан тамоман қутуласиз. Қоринингиз кесилмайди, оғриқ ҳам сезмайсиз, бир неча кундаёқ оёққа турасиз!" дегани дилимга ёруғлик бахш этди. Тиббиётимизнинг бугунги тараққиётига, шифокорларимизнинг кутганимдан ҳам зиёда салоҳияти таърифини айтиб адо қилолмайман... Қанча олим докторлар 3 соат менинг ҳаётим учун заҳмат чекдилар. Ҳамма хизматлар бепул. Инсон қадрини улуғлаётган Президентимиздан умрбод миннатдорман.
Ҳафта давомида доктор Юсиф ва марказ мутахассислари 40 нафарга якин беморни махсус кўрикдан ўтказдилар. Уларнинг 11 нафарига оператив даво қўлланди. Шунингдек, 5 та юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиёти бажарилди. Бу операцияларнинг барчаси кам инвазив усулдаги, яъни асоратсиз ва ортиқча жароҳатларсиз кечадиган ва организм қисқа муддатда ўз функциясини тиклайдиган илғор муолажа турларидан иборат.
– Декада илмий-амалий жиҳатдан ҳам катта аҳамият касб этди, – дейди филиал бош врачи Солижон Холиқов. – Назарий анжуман ташкил этилиб, доктор Юсиф Алияров, Оқилбек Раҳимовларнинг тўғри ичак саратонини ташхислаш ва даволаш, йўғон ичак саратонида замонавий текшириш усуллари ҳақидаги маърузалари тингланди, унда баён қилинган услубий тажрибалар билан ўртоқлашдик. Шунингдек, ўн кунлик якунида Озарбайжон Республикаси Миллий онкология маркази ҳамда РИО ва РИАТМ Наманган филиали ўртасида доимий илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилди.
– Бу менинг қардош Ўзбекистонга биринчи ташрифим эди, – дейди Юсиф Алияров. -Қайноқ меҳр билан кутиб олингани учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига чуқур миннатдорчилик билдираман. Мақсадимиз икки республика соғлиқни сақлаш тизими ўртасида ҳамкорлик кўпригини яратиш эди, биз бунга муваффақ бўлдик, деб ишонч билан айта оламан. Декада доирасида соҳани рақамлаштириш, фармацевтика, халқ табобати, тиббий таълим ва илм-фан соҳаларида ўзаро алоқаларни ўрнатиш бўйича таклиф-истаклар алмашдик. Шуни таъкидлашни истардимки, декада давомида Наманганда онкологик касалликларни барвақт аниқлаш ва даволашнинг мустаҳкам моддий-техника базаси мавжудлиги ва, янада муҳими, бой илм-тажрибага, тиббий салоҳият ва тафаккурга эга бўлган кучли мутахассислар фаолият олиб бораётганлигининг гувоҳи бўлдим. Наманганда кечган соғликни сақлаш декадасидаги кунларим ғоят унумли, кўтаринки ва ишчанлик руҳида ўтганидан мамнунман. Қардошлик анъаналаримиз кенг кўламда ривожланишига имконият яратиб бераётган икки давлат раҳбарларига, вазирликларимизга ташаккур билдираман.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.