Президентимизнинг "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6099-сонли Фармонига биноан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ўтказилаётган "Соғлиқни сақлаш вазири кубоги – 2023" спорт мусобақаларининг вилоят босқичи Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуасида ташкил этилди. Тантанали очилиш маросимидан сўнг туман, шаҳар ва вилоят тиббиёт муассасалари жамоалари шаҳмат, шашка, мини футбол, стол тенниси бўйича беллашдилар.

– Тўрттала тур бўйича учрашувлар нуфузли ҳакамлар таркиби, Ўзбе­кистон касаба уюшмалари Федера­цияси жисмоний тарбия ва спорт бош­қармасининг масъуллари ва вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси назорати остида ўтди, – дейди ВССБ бош мутахассиси Дилором Маматхонова. – 350 нафарга яқин тиббиётчи спортчилар стол тенниси залларида, шахмат ва шашка тахтаси устида, очиқ футбол майдонларида ўзларининг ақлий, жисмоний сало­ҳиятларини астойдил ишга солдилар. Қарийб 700 нафар касбдошлари томошабин сифатида қўллаб-қувватлаб турдилар.

Ниҳоят, 22 та минифутбол жамоаси баҳсида 1-ўрин Косонсой ТТБ, 2-ўрин вилоят СЭО ва ЖСБ, 3-ўрин Тўрақўр­ғон ТТБ жамоаларига насиб этди.

Стол тенниси бўйича эркаклар ўртасида 2-вилоят сил касалликлари шифохонаси вакили Боқижон Эрқулов биринчи, РШТЁИМ Наманган филиали вакили Орифжон Мирзаев иккинчи, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ходими Мансурбек Фозилов учинчи ўринни олдилар. Аёллар ўртасида эса биринчи ўрин Поп ТТБ вакили Дурдона Исомиддиновага, иккинчи ўрин чортоқлик Иқболой Шариповага, учинчи ўрин учқўрғонлик Адиба Турсуновага берилди.

Шахмат турнирида эркаклар ўртасида Попдан Абдувоҳид Камолов, "Пахталикўл" фтизиатрия ва пульмонология тиббий реабилитация марказидан Нусратилло Нарзуллаев, вилоят суд-тибиий экпертиза бюросидан Абдусобир Отабоев биринчи,икинчи ва учинчи ўринларга муносибликларини исботладилар. Аёллар шахматида илк уч ўринни янгиқўрғонлик Гулшода Маҳкамова, мингбулоқлик Ойдина Аҳмедова, Наманган туманидан Юлдузхон Мамадалиева ишғол этдилар.

Шашка бўйича эркаклар турнирида янгиқўрғонлик Иброҳим Мирзашарипов, вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан Аҳрорбек Умаров, чортоқлик Сайдулло Абдуллаев тенгсиз эканликларини кўрсатдилар. Шашкачи аёллар баҳсида Наманган туманидан Назира Жўраева, янгиқўрғонлик Азиза Турсунқулова, Наманган ШТБ вакили Дилбар Абдусаломова устун келдилар.

– Президентимиз фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида тасдиқланган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва кенгашимиз қўшма қарорига мувофиқ, – деди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилояти Кенгаши раиси Аббос Мамадалиев, – кубок беллашувларига бирламчи тизимдан бошлаб, оилавий ҳамда марказий поликлиникалар, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг барча бўлимлари, вилоят тиббий марказлари жамоалари қамраб олинди. Уларнинг қай бирларидир жамоа аъзоси, бош­қалар эса ишқибоз тариқасида қатнашиб, жисмоний ва руҳий қувват олишларига эришилди. Кўтаринки ва тантанавор тарзда ўтказилган барча босқичлар соғлиқни сақлаш посбонларининг омма ўртасида соғлом турмуш тарзини янада фаоллаштириш, жойларда спорт-кўнгилочар тадбирларини тез-тез ташкил этиш орқали ўз фаолиятлари самарадорлигини оширишга рағбатлантирди.

Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совринлар билан тақдирландилар. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов мусобақа ғолиблари бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилишини маълум қилди.

Иштирокчилар жисмоний чиниқиш ва руҳий куч-қувват бағишлаган мусобақани ташкил этган вазирлик ва идоралар раҳбарларига миннатдорчилик изҳор этдилар. Мамлакат босқичида қатнашиш насиб этган вилоятимиз вакилларига омад ёр бўлсин!