АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессияси бўлиб ўтди. Унинг доирасидаги юқори даражадаги мажлисларда Соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятов бошчилигидаги бир гуруҳ тизим масъуллари ҳам иштирок этди.
Кун тартибидан тиббиётга оид қатор глобал масалалар ҳам жой олган. Жумладан, 20 сентябрда вазир "Пандемияларнинг олдини олиш, уларга тайёргарликни таъминлаш ва жавоб қайтариш" мавзусига бағишланган мажлисда маъруза қилди.
Қайд этилганидек, пандемия бошланиши билан мамлакатимизда касалликнинг олдини олиш ҳамда унга қарши кураш бўйича Президентнинг тегишли Фармон ва қарорлари, Ҳукумат даражасидаги қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Республика махсус комиссияси тузилди. Қисқа қилиб айтганда, мураккаб эпидемиологик вазиятда давлат ўз иродасини кўрсатди.
Касалликни юқтирган беморлар учун пойтахт яқинида ва вилоятларда карантин марказлари, махсус юқумли касалликлар шифохоналари, тақсимлаш муассасалари барпо этилди.
Бу даврда Ўзбекистон аҳолисини озиқ-овқат, дори-дармон билан таъминлаш йўлга қўйилди. COVID-19 ни бепул диагностика қилиш тизими шакллантирилди.
Юртимизда Ўзбекистон-Хитой қўшма ZF-UZ-VAС 2001 вакцинасини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. ЖССТ томонидан тавсия этилган бошқа эмлаш воситаларидан ҳам кенг фойдаланилди.
Келгусидаги эҳтимолий пандемияларга тайёр туриш учун зарур чора-тадбирлар кўриляпти. Халқаро ташкилотлар ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликда бу йўналишда қатор қўшма лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда.
Маъруза якунида пандемияларнинг олдини олиш, уларга тайёргарликни таъминлаш юзасидан таклифлар ҳам илгари сурилди.
"Коронавирус инфекциясини тўлиқ назорат қилишни ўрганишимиз керак, – деди у. – Бу жараёнда эпидемияга қарши чора-тадбирларни такомиллаштириш бўйича тадқиқотлар олиб бориш, CОVID-19 га чалинган беморларни эрта аниқлаш, даволаш ва профилактикасини мувофиқлаштириш, такрорий инфекциянинг олдини олишда иккиламчи иммунитетнинг аҳамиятини ўрганиш, пандемия тарқалишини эрта прогноз қилиш асосида карантин чораларини кучайтириш ёки юмшатиш муҳим аҳамиятга эга.
Қолаверса, мутацияга учраган штаммларга қарши узоқ муддатли ҳимояни таъминлаш, беморлар ва соғайганларни эмлаш муддатлари, вакцинация билан боғлиқ хавфларни аниқлаш, янги авлод вакциналарини яратиш зарур.
Бундан ташқари, фанга номаълум ва етарлича ўрганилмаган инфекциялар натижасида юзага келиши мумкин бўлган пандемиялар даврида махсус профилактика стратегияларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ масалаларни ўрганиш талаб этилади. Ўзбекистонлик олимлар бу йўналишда кенг ҳамкорликка тайёр.
Бундан ташқари, вируслар ва ҳужайралар банкини яратиш, потенциал хавфли вирусларнинг табиий резервуарларини ўрганиш ва вирусологияда нанотиббиётни ривожлантириш каби масалалар кун тартибига қўйилиши керак."
Йиғилишда коронавирусга қарши кураш борасида Ўзбекистон тажрибаси юқори баҳоланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.