Президентимизнинг 2023 йил 20 июндаги тегишли қарорига мувофиқ янги ташкил этилган Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш марказига малака тоифалари беришда замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали унинг шаффофлигини таъминлаш вазифаси юклатилган эди.

Мазкур топшириққа кўра, малака тоифаси беришда ҳужжат топшириш ва аттестациядан ўтказишнинг мутлақо янги шаффоф ва адолатли тизими яратилди.

Унга кўра, 2023 йил 11 сентябрдан бошлаб Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази томонидан малака тоифаси бериш бўйича тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ҳужжатларини фақат электрон шаклда tibtoifa.­ssv.uz ахборот тизими орқали қабул қилиш бошланди.

Янги тизим асосида онлайн тартибдаги малака тоифаси бериш бўйича даст­лабки аттестацияларни жорий йил 16 сентябрдан бошлаб ўтказиш йўлга қў­йилди.

Оғзаки имтиҳонлар (суҳбат) онлайн шаклда махсус дастур орқали Тошкент шаҳри ва вилояти учун Марказ биносида зарур қурилмалар билан жиҳозланган хоналарда, Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги мутахассислар учун муассасанинг ҳудудлардаги ана шундай хоналарида ўтказилмоқда.

Бунда имтиҳонларнинг онлайн суҳбат босқичи учун бериладиган билет саволлари "Random" (инсон омили минималлашган, компьютер технологияси ёрдамида тасодифий савол танлаш) дастури орқали танланади.

Билетлар 5 та саволдан иборат бўлиб, уларга жавоб бериш учун кўпи билан 15 дақиқа вақт ажратилади ва 10 баллик тизимда баҳоланади. Имтиҳон якунида ушбу дастур умумий балларнинг ўртача қийматини ҳисоблаб, ўша заҳоти эълон қилади.

Аттестация жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида онлайн трансляция қилинади.

Мазкур тизимнинг яна бир афзаллиги шундаки, эндиликда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малака тоифаси олишда ҳужжат топшириш ҳамда аттестациядан ўтиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга келишига бутунлай барҳам берилди.

Энг муҳими, эндиликда назарий билими, амалий кўникмалари ва касбий маҳоратини мунтазам ошириб борган тиббиёт ходимларигина малака тоифасини бериш бўйича имтиҳонлардан ўта олади.

Бу эса тизимни етук ва чуқур билимга эга, халқаро рақобатбардош кадрлар билан бойитиш имконини беради. Зеро, бу – аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.