Республикамизнинг барча вилоятларида мазкур танловнинг вилоят босқичи ғолиблигини қўлга киритган ўқувчиларни Наманган "Ёшлар маркази"да карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда кутиб олинди.
Тадбирни O'zLiDeP Наманган вилоят кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов кириш сўзи билан очди. У барча ёшларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги байрами билан қизғин табриклади.
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Бегмат Очилов эса мамлакатимизда ёшларга билим олишлари, ҳунар эгаллашлари учун яратилган шароитлар, партия лойиҳалари, жумладан, 2004 йилдан бери ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Ишбилармон талаба" стипендияси кўрик-танлови ўқувчи ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришда, уларда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик фазилатларини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаёганлигини алоҳида таъкидлади.Шунингдек, у барча иштирокчиларга омад ва зафарлар тилади.
Шундан сўнг танлов жараёни бошланди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ўқувчи ёшлар томонидан тайёрланган кўргазмалар билан яқиндан танишдилар. Маҳсулотларни кўздан кечирдилар, ўқувчи ёшларнинг бизнес режаси, компьютер технологиясидан саводхонлиги, O'zLiDeP фаолиятидан қай даражада хабардорлиги, келгусидаги орзу истаклари ҳақида суҳбатлашилди.
- Мен Сирдарё саноат касб-ҳунар коллежида ўқийман, - деди Дурдона Мамадиёрова. - Танловнинг республика босқичи Наманганда бўлади, деган хабарни эшитганимда роса қувондим. Чунки бу гўзал шаҳар ҳақида кўп эшитгандим, лекин ўз кўзим билан кўрмагандим. Сирдарёдан Фарғона водийси томон ўзимизнинг мамлакатимиз автомобилсозлари ишлаб чиқарган "Нексия" русумли автомашинада йўлга тушдик. Йўл-йўлакай Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Ангрен шаҳарларини томоша қилиб келдик. Қамчиқ довонида кенг ва равон йўлда турнақатор бўлиб қатнаётган юзлаб машиналарни, йўлнинг икки ёнида салобат бағишлаб турган баланд тоғларни, қояларни кўриб шундай бепоён, жаннатмакон юртимиз борлигидан ич-ичимдан фахрланиб кетдим.
Бугунги танловга ўсимликларни сув шароитида ўстиришга мўлжаллаб ясалган мўъжазгина техникамни олиб келдим. Кўриб турганингиздек, буни ясаш жуда мураккаб эмас. Бунинг учун сув тортиб берадиган мотор, резина шланг ва 2 та махсус контейнер бўлса бас. Бу 7-8 метр жойни эгаллайди, холос. Мен гулларни қандай қилиб шу усул билан ўстиришни кўрсатганман. Бу технология ёрдамида нафақат гул, балки бодринг, помидор кўчатларини ҳам тупроқсиз, фақат сув аралаштирилган ўғит ёрдамида бемалол парвариш қилиш мумкин.
Қорақалпоғистондан келган ўқувчи ёшларнинг миллий либослари, тайёрлаган кўргазмалари ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортди.
- Мен Чимбой қишлоқ хўжалиги ва касб-ҳунар коллежида ўқийман, - дейди Милливой Базарбаев. - Бугунги танловга ўзим ясаган дутор, уй-рўзғор буюмларидан ёғоч қошиқ, хон тахта, чўмич, от арава, урчуқ, ўтов, сандиқчаларни олиб келдим. Гарчи бундай буюмлар бугун турмушимизда кам учрасада лекин ота-бобларимизнинг ўтмишдаги ҳаёт тарзларини тасаввур этишимиз, бугунги техника ва технология асри билан қиёслашимиз учун зарур деб ҳисоблайман.
Пойтахт Тошкентдан келган ўқувчилар ҳам ўз истеъдодларини намойиш этишда бошқаларга намуна бўлишди.
- Мен Губкин номидаги нефть ва газ академик лицейида ўқийман. Болалигимдан наққошликка, расм чизишга қизиқаман. Тикувчилик ҳам қўлимдан келади. Шунинг учун ҳозир эски патнисларга турли гулларни, нақшларни чизиб, уларга янги умр бағишлаяпман. Бу ишларим мухлислар эътиборини қозоняпти. Мен ўқишдан бўш пайтларимда ўзбек-япон маданий марказига ҳам бориб тураман. Бу ерда япон тилини ўргандим. Ҳозир япон, рус, инглиз, немис тилларида бемалол сўзлаша оламан.
Тошкент шаҳридан Учтепа туман миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Муҳидинова Шаҳло Асл қизининг қувноқлиги, ҳозиржавоблиги, зукколиги тенгдошларида ҳавас уйғотган бўлса ажаб эмас. У ҳам дизайнерлик, ҳам бичувчилик ва тикувчиликнинг уддасидан чиқа оларкан. Унинг атлас, адрас каби матолардан қизлар учун дид билан тиккан кўйлаклари барчанинг ҳавасини уйғотди.
Жиззах транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ўролова Зилола Воҳид қизи эса бадиий ижод билан ҳам шуғулланаркан. Шеърлар ёзаркан. "Соғлом авлод - соғлом келажак пойдевори", "Ёшлар маънавиятига таҳдид - келажакка таҳдид" деб номланган китоблар ҳам чиқарибди.
- O'zLiDeP ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Ишбилармон талаба" стипендияси танлови ҳам ёшлар маънавиятини юксалтиришга, уларнинг тадбиркорликка, ҳунар эгаллашга бўлган қизиқишларини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга, - дейди Зилола.
Шу куни кечга қадар ўқувчи ёшлар тайёрлаган ушбу кўргазма томошабинлар билан гавжум бўлди. Ниҳоят, Наманганга оқшом чўкди. Ёшлар залга таклиф этилди. Тақдирлаш маросими бошланди. Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Баҳодир Юсупов Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шароитлар ва имкониятлар ҳақида тўхталди. Жумладан, ўтган йили Наманганда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида "Баркамол авлод" спорт мусобақаларининг республика босқичи кўтаринки руҳда ўтганлигини, бу тадбир ёшларни янада жисплаштириб, янги марралар сари илҳомлантирганлигини, O'zLiDeP томонидан ўтказилаётган ушбу танлов ҳам эзгу мақсадларга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг танловда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни олган барча ўқувчиларга O'zLiDeP Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси фахрий ёрлиқлари, партия вилоят кенгаши ва бошқа ҳомий ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Санъаткорларнинг Ватан, дўстлик, тинчлик, ёшлик ҳақидаги қўшиқлари янграйди. Бу эса ёшлар қалбидаги ғайрат -шижоатни жунбушга келтирди. Улар қўлларини-қўлга бериб, қўшиқларга ҳамоҳанг тарзда рақсга тушдилар.
Мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллиги байрами арафасида "Бетакроримсан, ягонасан, Она Ватаним - Ўзбекистоним!" шиори остида ўтказилаётган ушбу анжуман куннинг эртасига яна давом этди. Дастурда ёшларни Наманган вилоятининг диққатга сазовор жойлари, тадбиркорлар фаолияти билан таништириш ҳам бор эди. Тўрақўрғон туманидаги "Дилрабо СД", Наманган шаҳридаги "Наманган момиқ сочиқлари" корхоналаридаги учрашувлар ёшларда катта таассурот қолдирди.
Бобур номли маданият ва истироҳат боғидаги кўнгилочар сайр ҳам уларга манзур бўлди. Шу куни "Ишбилармон талаба" танлови қатнашчилари "Хайр, Наманган!", "Хайр, тенгдошлар", "Яшасин, дўстлик", "Биз биргаликда катта кучмиз", "Танлов ташкилотчиларига раҳмат!" деган дил сўзлари, унутилмас таассуротлари билан ўз гўшаларига, жонажон оилалари бағрига қайтиб кетишди.
O'zLiDeP матбуот хизмати.