Энг улуғ,энг азиз айём – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги шодиёнаси арафасида жонажон ватанимиз муттасил ривожланишига баҳоли қудрат ҳиссасини қўшаётган фидойи, ташаббускор ва меҳнатсевар юртдошларимиз давлат мукофотлари, вазирликлар таъсис этган турли эсдалик нишонлари билан тақдирландилар.
Байрам арафасида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ эса 318 нафар соҳа жонкуярлари "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан мукофотландилар. Чунончи, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилояти филиали мажлислар залида кечган тантанали маросим ҳам ана шу қувончли воқеанинг давоми бўлди.
Вазирликнинг тегишли буйруғи билан вилоятимиздан Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дилмурод Қодиров, Поп туманидаги "Гулистон" оила шифокорлик пункти мудири Бухомида Саркабоева, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими акушер-гинекологи Самияхон Исоқова, Мингбулоқ тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими анестезиолог-реаниматологи Маҳмуджон Қодиров, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси даволовчи врачи Мамир Маҳмудов, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ўта юқумли касалликлар лабораторияси мудири Гавҳар Нишонова, Янги Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси 13-оила поликлиникаси умумий амалиёт ҳамшираси Феруза Ҳожиева, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази катта ҳамшираси Раъно Ҳайдарова, Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамшираси Дилрабо Болтабоева, Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Ёқутхон Хонбобоева, Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган вилояти филиали Уйчи тумани бўлими ҳайдовчиси Маъруфжон Валиев, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация ва анестезиология бўлими бекаси Тоштилла Холматова, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали қабулхона бўлими бекаси Муҳайё Темирова, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази қабулхона бўлими кичик тиббиёт ходими Наргиза Юлчиева, Норин тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлими кичик тиббиёт ходими Маҳтума Болтабоевалар "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Тақдирлаш маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Васила Тожибоева барчани Мустақиллик байрами билан муборакбод этди ва мукофотларни эгаларига тантанали равишда топширди.
Тадбир иштирокчилари камтарона хизматлари қадрланиб, кўрсатилган рағбат ва юксак эъзозу эътибор учун миннатдорчилик билдирдилар. Тиббиётдаги ислоҳотлар натижадорлигини таъминлаш учун янада сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиб, халқ саломатлини мустаҳкамлашда фаол бўлишга ваъда бердилар.