Васила ТОЖИБОЕВА,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг
репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни
муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари.
Август ойи давомида бизлар Германиянинг Франкфурт шаҳри тажрибалари билан танишдик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-296-сонли қарори, чет элларда кўрганларимиз каби энг замонавий тизимларни барпо этиш дастуриламали бўлиб хизмат қилади.
Дарҳақиқат, қарорда айтилганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017-2022 йилларда оналар ўлими кўрсаткичи 1,5 бараварга, гўдаклар ўлими эса 1,3 бараварга камайишига эришилди.
Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларни бепул дори воситалари, тиббий буюмлар ва махсус озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш жорий этилиб, уларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш кўлами кенгайтирилди.
Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ҳамда кеча-кундуз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари, шунингдек, поликлиникаларда болалар бўлимлари ташкил этилди.
Барча "тиббиёт бригадалари" таркибига қўшимча педиатрия ҳамшираси ва доя штатлари ажратилди. Болалар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни зарур витамин комплекслари, йод препарати, темир ва фолий кислотаси билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди.
Қарорга биноан, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасаларининг самарали бошқарув тизимини яратиш мақсадида 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Республика "Она ва бола скрининг" маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази, ҳудудий перинатал, аҳоли репродуктив саломатлиги ҳамда "Она ва бола скрининг" марказлари негизида Марказнинг 14 та ҳудудий филиаллари ташкил этилади.
Франкфурт шаҳри поликлиникалари, туғуруқ комплекси фаолияти, репродуктив саломатликни сақлаш тажрибаси билан танишиш мазкур қарорни тез, тўлақонли ва изчил бажаришга рағбатлантирувчи ўзига хос маҳорат мактаби сабоғи бўлди, десак асло янглишмаймиз.
Жумладан, у ерда тиббий суғурта кўп йиллар аввал жорий этилган ва бугун такомилга етган. Оилаларнинг ҳар бир аъзоси тиббий суғуртага аъзо. Бу тизим фуқарода ўз саломатлигига нисбатан масъулият билан қараш ҳиссини уйғотган. Шу боис соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланишга амал қилиш, профилактик эмлашларни ўз вақтида олиш фуқароларнинг қатъий одатига айланган. Пировардида болалар ва катта ёшлилар ўртасида ҳам касалликка чалинишлар кескин камайган.
Суғурта учун тўланган маблағ тасарруфи шаффофлик билан олиб борилади. Айтайлик, ой-куни яқин ҳомиладор аёлни туғуруқ комплексига таклиф этишади. Унинг иштирокида туғуруқ жараёнлари харажатлари режалаштирилади. Ўзининг бадаллари етмаса, қолган қисми давлат бюджети ёки хайрия маблағлари ҳисобидан қопланиши маълум қилинади. Айни пайтда ҳомиладор қайси жойда ётиши, кимлар, қандай хизматлар кўрсатиши бир неча кун олдиндан таништирилар экан.
Мамлакатимизда ҳам жорий этилган давлат тиббий суғуртаси шаклидаги механизм Сирдарё вилоятида тажриба-синовдан муваффақиятли ўтяпти. 2026 йилнинг якунига қадар барча вилоятларда тўлиқ жорий этилади. Бизнинг вилоятимизда ҳам бу борада амалий ишлар бошлаб юборилган.
Германия тиббий муассасаларида электрон рақамлаштиришнинг мукаммал шаклини Франкфурт шифохоналарида кўрдик. Ҳудуддаги "0" ёшдан энг кекса одамгача туғилганидан бошлаб соғлиғидаги ўзгаришлар, эмлама олишлари, қандай касалликка чалинганлиги ҳақидаги маълумотлар киритилган электрон база яратилган.
Фуқаро саломатлиги бўйича қай турдаги шифохонага мурожаат қилса, ўша муассасадаги врач мазкур базадан унинг саломатлик кўрсаткичларини олади ва бу ташхислаш, муолажа белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Рақамлаштириш электрон поликлиника шаклланишини ҳам таъминлаган. Фуқаро соғлиғига оид шикояти бўйича уйда турган ҳолда мурожаат қилади. Бир зумда телефонига қайси хонадаги шифокорга, қай вақт киришигача хабарнома келади. Бундай бошқарув усули беморни мушкулотдан халос этиб, қабулда тирбандлик юзага келишининг олдини олмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори, шубҳасиз, ҳамкасбларимиз хорижда кўриб келаётган тажрибаларни вилоятда татбиқ этиш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш соҳасида жиддий ижобий ўзгаришлар ясашга олиб боради.