– дейди АҚШ нейрохирурглар ассоциацияси ва Европа нейрохирурглар жамияти аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси халқаро ҳамкорлик шўъбаси бош мутахассиси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали нейрохирургия бўлими шифокори Сайдулло Шарифбоев.
Аввало, суҳбатдошимизни яқиндан таништирсак: Наманган шаҳрида, шифокорлар оиласида туғилган. 2002 йилда Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг нейрохирургия бўлимида клиник ординатурани ўтаган ва беш йил врач-ординатор бўлиб ишлаган. 2009 йилдан буён мазкур марказнинг Наманган филиалида нейрохирург.
– Сайдулло Абдуллаевич, касбга муҳаббат, Наманган тиббиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш иштиёқи сизни халқаро билим ва тажрибаларни татбиқ этишга руҳлантириб келмоқда. Шу мақсадда жаҳон тиббий марказларига амалга оширган сафарларингиз ва натижаларга бир назар ташласак.
– "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун" тамойили асосида соғлиқни сақлашни тараққий эттириш, халқимизнинг тиббиётдан розилигига эришиш ҳар бир шифокордан изланувчанликни, шахсий ташаббускорликни ҳам талаб этади. Бутунжаҳон нейрохирурглар жамияти таъсис этган грант лойиҳалари асосида Япониянинг "Tokyo Women's Medical University Medical Center East" клиникасида, Буюк Британиядаги "Ҳелламшер Қироллик шифохонаси", Жанубий Корея тиббиёт муассасаларида билим ва тажрибаларимни бойитдим.
Айни пайтда нейрожарроҳлик бўлимида нейроэндоскопик мураккаб операцияларни йўлга қўйиш иштиёқи қимматбаҳо тиббиёт жиҳозларини олиб келишни талаб қиларди. Шу мақсадда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан эълон қилинган "Ривожланаётган давлатлар учун кичик грантлар дастури"да иштирок этдик ва ғолиблик насиб этди. 110 минг АҚШ доллари қийматидаги грант маблағи эвазига Германиянинг "Karl Storz" компаниясида ишлаб чиқарилган "Нейроэндоскоп" аппарати сотиб олинди. Бу – даволашни жаҳон андозалари даражасига олиб чиқиш имконини берди. Москва шаҳрида жойлашган Н.Н.Бурденко номидаги Нейрохирургия илмий-амалий марказидаги малака оширишда профессор А.Н.Шкарубо қўл остида "Нейроэндоскоп" аппарати ёрдамида ўта мураккаб жараён – калла асосидаги ўсмаларни олиш ва бошқа амалиётларда бевосита иштирок этдим.
Натижада "Нейроэндоскоп" аппарати ёрдамида Республикамизда вилоятлар ичида биринчилардан бўлиб, РШТЁИМ Наманган филиалида гипофиз бези ўсмаларида бурун орқали операция қилиш усулини татбиқ этдик. Бундан ташқари яна болаларда учрайдиган "Гидроцефалия" касаллигида "Бош мия III-қоринчаси тубини нейроэндоскоп аппарати ёрдамида перфорациялаш" операциясини ҳам вилоятлар кесимида биринчилардан бўлиб амалга оширдик. Авваллари бундай мураккаб, нозик операциялар фақат дунёнинг ривожланган мамлакатларида, жуда катта маблағ ҳисобига қилинган.
Тўплаган билимларимни янада ривожлантириш мақсадида шу йил август ойида Американинг Стенфорд Университети клиникасида (Stanford Hospital) малака ошириб кайтдим. У ерда профессор Хуан Фернандез Миранда бошчилигида ўтказилган халқаро "Innovations in Endoscopic Endonasal Skull Base Surgery: Hands-On Course, Live Surgery & Immersive 3D Lecture" курсида қатнашдим. Бу курсда 5 та қитъа (Шимолий Америка, Жанубий Америка, Европа, Oсиё, Австралия), 19 мамалакатдан 40 дан ортиқ нейрохирург мутахассислар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасидан бу курсда қатнашган биринчи шифокор бўлдим. Курсда асосан нейроэндоскоп ёрдамида бурун йўллари орқали калла асосида жойлашган патологияларни (ўсмаларни) оператив олиш йўлларини махсус тайёрланган анатомик муляжларда, малакали мутахассис-инструкторлар назоратида ўрганилди. Курс тугагандан сўнг Стенфорд клиникаси амалиётлар бўлимида бир ой давомида малакали мутахассислар билан мураккаб бош мия патологияларида амалга оширилаётган операцияларни ўргандим.
Ўйланманки, хорижий давлатларда олган билим ва тажрибаларим, халқимиз соғлиғини сақлашни жаҳон андозалари даражасида амалга оширишга имкон беради. Суҳбатдан фойдаланиб, Америкада малака оширишга имкон яратиб берган Наманган вилояти ҳокимлигига ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур. Наманган тиббиётини янада тараққий эттириш борасидаги ташаббускорлигингиз ва изланишларингиз бардавом бўлсин!
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.