Унда РИКИАТМ Наманган филиали директори,
тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов қатнашиб қайтди
Кардиология – тиббиётнинг бир тармоғи бўлиб, юрак-томир тизимининг тузилиши, фаолияти ва касалликларини, уларнинг юзага келиш сабаблари, ривожланиш механизмлари, ўзига хос кечиши ҳамда диагностикасини ўрганади. Айни маҳалда юрак-қон томир касалликларини аниқлаш, даволаш ва уларнинг олдини олиш усулларини ишлаб чиқади. Шунинг учун ҳам кардиология доимий тараққиётда. Нидерландия пойтахти Амстердамда 25-28 август кунлари ўтказилган халқаро анжуманда ҳам юқоридаги масалалар юзасидан кенг доирада кенгашилди. Шунингдек, кардиологиянинг истиқболига дахлдор муаммоларга дунё мутахассисларининг диққат – эътибори қаратилди. Бизнинг бугунги мулоқотимиз ана шу ҳақда.
– Солижон Жалилович, хабаримиз бор, яқинда яна бир халқаро анжуманга таклиф этилдингиз. Ўзбекистондан Нидерландия сафарига йўл олган камсонли кардиологлар ичида Сизнинг борлигингиз беихтиёр наманганликлардаям фахр уйғотди. Бу истиқлол ислоҳотлари туфайли эртани ўйлаб, жаҳонга бўйлаб қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг муваффақияти бардавомлигидан далолат бераётгандек туюлди бизга ҳам.
– Албатта, шундай. Фақат Фарғона водийсидагина эмас, бутун Ўзбекистон миқёсида ҳам Наманган кардиологиясининг, Наманган кардиологларининг камолоти ҳавас қилса арзигудай даража касб этаётгани ўз навбатида жамоамизга юксак масъулият юклаяпти. Раҳбар сифатида шахсий ибрат кўрсатишга мен ўзимни доимо бурчли ҳисоблайман. Кўпсонли ҳамкасбларимнинг каттадан кичигигача ҳамиша изланади, илм билан амалиётни бир-бирига уйғун олиб боришга ҳаракат қилади. Ҳозир хорижий мутахассислар билан ҳамкорликсиз тиббий тараққиётни таъминлашга эришиб бўлмайди. Шу йилнинг ўзида кардиологларимиз Европага бир неча бор чиқишди. Хирурглардан Абдусалом Хўжамбердиев Минскда, Акмалжон Жалилов, Аброржон Абдуллаевлар Прагада малака-маҳоратларини бойитиб, янада мукаммаллаб келишди. Беларусиялик ва чехияликлардан юрак хасталикларини Европа тиббиёти стандартлари асосида даволашни ўзлаштирганлари улар фаолиятида ҳар куни асқотяпти, десам сира-сира муболаға эмас. Чунки, Европа стандарти – жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқларини ўзида доимо мужассамлаштириб боради. Шу жиҳатдан қараганда менинг Нидерландияга сафарим бу борада яна бир янги қадамлар ташлашимизга имконият яратгани билан катта аҳамиятга эгадир.
– Сизнинг аввалдан Европа кардиологлари жамияти аъзоси эканингиз айни муддао бўлибди-да?!
– Тўғри тушунибсиз. Ўзбекистондан конгрессга таклиф қилинганлар кўп эмас, бармоқ билан санарли эди. Айниқса, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Хуршид Ғайратович Фозилов раҳбарлигида бирга-бирга иштирок этганимизнинг ўзи бу анжуманнинг обрў-нуфузи баландлигини билдиради. Ва ўз навбатида Наманган кардиологиясига эътиборнинг юксаклигини кўрсатади. Президентимиз раҳнамолигида кейинги йилларда ниҳоятда катта ижобий ўзгаришлар рўёбга чиқарилаётгани элу юртимизга маълум. Бу қадар ғамхўрликларга жавобан кеча-кундуз астойдил ишламасдан бўладими. Жаҳон тиббиёти андозаларига мосу хос равишда фаолият юритиб, даволаш даражасини энг юқори поғонага кўтара олсаккина, ўз ишимиздан қониқиш ҳосил қилишга ҳақлимиз деб ўйлайман.
– Дунёнинг барча қитъаларидаги таниқли кардиологларни ўзига чорлаган халқаро конгресс қандай кечди?
– Ниҳоятда ҳайратона тусда ташкилландики, унинг таърифига гап йўқ. Миқёсиям, қамровиям кенгдан кенг. 30.000 дан зиёд иштирокчи жамулжам бўлди. Янгича форматда бир неча секцияларда 4500дан ортиқ маърузалар тингланди, матнлари билан танишилди. Улкан залларда, энг кичиги 1,5x6, энг каттаси 5x30 метрли мониторлар қаршисида нафақат ўтириб, ҳатто тик туриб қатнашиш лаҳзалариям ҳар бир кардиолог учун мароқли туюлди. Таассуротлар шунақанги бой бўлдики, қай бирини айтсам экан?
– Ҳаммасида энг долзарб масалалар кўтарилгани, энг янги тажриба ва тавсиялар мужассамлангани тайин. Шундай экан, муҳимдан муҳимларини тилга олсангиз ҳам кифоя, деб ўйлайман.
– Тўғри. Кардиология асли азалдан инсоннинг ҳаёт-мамотига жуда-жуда дахлдор соҳалигини яхши биласиз. Юрак панд беряптими, демак, ҳаётингизга ўлим чанг солаётгани, десак заррача муболаға қилмаймиз. Агар зудлик билан носоз юракни созлаш учун зарур тиббий чораларга ўтилмаса, оқибати уқубатли бўлиши мумкинлигини ким ҳам инкор эта оларди. Конгресснинг илмий-амалий нафдорлигини тўла таъминлаш учун кардиологиянинг деярли барча жиҳатлари эътибордан четда қолдирилмади. Чунончи,қатор-қатор, яъни:
– Ўткир коронар синдром;
– Юрак етишмовчилиги;
– Артериал – гипертония;
– Липидология;
– Юрак аритмияси;
– Турли даражадаги юрак пороглари каби кўплаб секцияларга бўлиниб фаолият юритилди. Бирор дақиқа, бирор он ўқиш ва ўрганишдан тўхтамадик.
– Ўйлайманки, сизлар конгрессда иштирок этиш чоғида ўз-ўзидан Ўзбекистон тиббиёти ютуқларини жаҳоннинг турли минтақаларидаги энг ривожланган мамлакатларникига таққослаб, солиштириб кўргансизлар. Ўша лаҳзаларда кўнгилларингиздан нималар ўтди?
– Амстердамдаги анжуман Европа кардиологлари жамияти томонидан уюштирилган бўлса-да, унда Ер куррасининг деярли барча қитъаси мамлакатлари мутахассислари йиғилишди. Жуда катта залдаги кўргазмалар мажмуида Ўзбекистон кардиологлари жамияти томонидан тайёрланган кўргазма ҳам ўрин олганлиги, бу ерда мамлакатимиз байроғининг ҳилпираб тургани кўнглимизни тоғдек юксалтириб юборди. Чунки, Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Германия, Саудия Арабистони, Венгрия каби давлатлар қаторида туришнинг ўзи бўладими?! Бу, истиқлол йилларидаги тиббий ислоҳотларимизнинг беҳад қувончли натижалари шарофати эмасми?! Янада муҳим жиҳати, шу ислоҳотларнинг рўёбга чиқарилишида ўзимиз бевосита қатнашаётганимиз кўнглимизда нега чексиз ғурур ҳиссини уйғотмасин! Бизлар ҳам конгрессдаги энг мамнун ва энг масрур иштирокчилар сафида юрганимиз шундан.
– Яна бир кўргазма ҳақида ҳам маълумот берсангиз?
– Дарвоқе, бу ҳақда аввалроқ ижтимоий тармоқларда хуш кайфият билан таъкидлаб ёзгандим. Конгресснинг иккинчи йирик кўргазмалар залига дунёнинг энг етакчи тиббиёт техникаларини ишлаб чиқарувчи компаниялари маҳсулотлари қўйилибди. Ҳамма қатори ўзбекистонликлар ҳам улар билан қизиқиб танишдик. Германиянинг "Siemens", Швецариянинг "SHILER" ва бошқа мамлакатларнинг "ABOTT", "PHILIPS" компаниялари дунёнинг энг янги тиббиёт техникалари сифатида кўргазмага қўйган аксарият аппаратлару асбоб-ускуналарнинг деярли ҳаммасидан бизнинг филиалимизда фойдаланаётганимизга тўла ишонч ҳосил қилдик. Ғоят фахрландик. Наманганлик кардиологлар дунёдаги ҳамкасблар билан тенглашиш тугул, ҳатто ўзиб кета бошлабмиз. Боиси, кўргазмадаги техникалар энг сўнгги русумдаги авлодига мансублиги учун намойиш этилди. Кўпчилик мамлакат тиббиётчиларига уларни сотиб олиб, ўрнатиш ва фойдаланиш ҳозирча орзу эканига яна бир бор иқрор бўлдик.
– Оламшумул юксалишга эришган Наманган кардиологларига энг мураккаб, энг нозик жарроҳлик амалиётлари ва даволаш жараёнларида илгарилаб кетиш имкониятлари ва шароитларининг тўла-тўкис яратилганлиги юрак хасталигига чалинганларни соғайтиришда янги дадил қадамлар ташланишига қатъий ишонч туғдириши шубҳасиз. Лекин тиббий илм-фанни, тиббиёт техникалари ишлаб чиқаришни ривожлантириш тўхтаб қолмаслигини ҳам яхши биламиз. Галдаги режалар қандай?
– Аввало, асосий вазифамиз мавжуд аппарату асбоб-ускуналардан оқилона ва самарали фойдаланиш, кейин эса изчил изланиш, янгиликларни янгилигидаёқ фаолиятимизда қўллаш, устозлар кўмагида тадқиқотлар олиб бориш, олим-шифокорларимиз сафини тобора кенгайтиришдан иборатдир. Жумладан, анжуманда Россия бош кардиологи, академик Юрий Никитич Беленков ҳамда Озарбайжон кардиологлар жамияти президенти Узейр Раҳимов билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик хусусида музокара ўтказдик. Улар келгусида Наманганга ташриф буюрадилар. Яқинда 26-28 сентябрда ўтказиладиган Россия кардиологлар жамиятининг миллий конгрессига таклиф қилинганмиз.
Конгрессда илмий-амалий тадқиқотларда аниқланиб, юрак хасталикларини даволаш, камайтириш ва олдини олиш омилларига оид ишлаб чиқилган беҳад қимматли тавсиялар ҳам эътиборимизга ҳавола этилди. Улар алоҳида мақолага мавзудир.
Хуллас, ЕКЖ халқаро конгресси дунё кардиологлари фаолиятининг ўзига хос ҳисоботи бўлди. Айни вақтда амалга оширилишини кутиб турган долзарб вазифаларнинг аниқ режаларини белгилаб берди. Биз Ибн Сино издошлари истиқлолли Ўзбекистонимиз халқининг соғлом ва хуш кайфиятда яшаши учун кеча-кундуз хизматга шаймиз! Дунёдаги ҳамкасбларимиз билан қўлни-қўлга бериб астойдил фаолият юритаверамиз.
– Мароқли жавобларингиз учун ташаккур!
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.