Халқимиз қутлуғ айём – мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллигини муносиб кутиб олиш учун ғоят кўтаринки руҳда меҳнат қилаётган бир пайтда тиббиёт соҳасида ҳам оламшумул ўзгаришлардан янада мамнун бўлмоқда. Ўтган ҳафтанинг чоршанбаси – 23 август куни эрталаб Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида унутилмас тантанали тадбир ташкилланди. Яъни Австриянинг "AME international" компанияси билан ҳамкорликдаги тиббий лойиҳанинг тақдимот маросимига тўпланилди. Тадбирни вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов кириш сўзи билан очди.
– Президентимизнинг тиббиётга кенг кўламли инвестицияларни жорий қилиш, хорижий давлатлар билан икки томонлама манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги қарор ва топшириқлари Наманганимизда ҳам изчил бажарилмоқда, – дея таъкидлади вилоят ҳокими. – Жумладан, мана шу кардиология шифохонасига қисқа муддатда 10 миллион АҚШ доллари қийматидаги замонавий тиббиёт жиҳозлари ва аппаратлар келтириб ўрнатилмоқда. Бунинг учун австриялик ҳамкорларимизга катта раҳматлар айтамиз!
Тақдимот маросимида қатнашган компания директори, лойиҳа координатори жаноб Хайнц Мессинжер дўстона ҳамкорликдан беҳад мамнунлигини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, ушбу лойиҳа ижроси туфайли нафақат ўзбекистонликлар, айни пайтда қўшни мамлакатларда яшовчи халқлар ҳам ўз саломатликларини сақлашда катта имконият ва қулайликларга эга бўлаётганлигидан ғоят фахрланаётганини айтди.
– Биз нуронийлар ҳам истиқлол ислоҳотлари шарофати туфайли оламшумул ўзгаришлар амалга оширилаётганидан чексиз қувоняпмиз, – деди наманганлик кардиологлар устози Турсунпўлат Рустамов. – Ишонамизки, ҳозирги тиббиётчилар авлоди яратилган қулай шароитлару имкониятлардан ҳамиша самарали фойдаланишади. Юраги хаста беморларнинг нажот маскани шон-шуҳратини ҳалол ва фаол хизматлари билан янада юқори поғонага кўтаришади.
Филиал кардиологлари лойиҳа координатори ва биноларни мукаммал таъмирдан чиқарган қурувчилар раҳбарларига ўзбекона удумларга хос юксак илтифот кўрсатишди. Йиғилганларнинг қарсаклари остида зар чопон ва дўппи кийдиришди.
Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар давогоҳнинг энг замонавий тиббий аппаратлар билан жиҳозланган операция хоналарига ташриф буюришди. У ердаги муолажалар, энг мураккаб технологик жараёнлар қандай бажарилиши билан яқиндан танишишди.
Содиқ САЙҲУН.