Абдулҳоди ИМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи

 

 

Давр барча жабҳада бўлганидек, тиббиётда ҳам ўзгаришлар ясашни, фаолиятни замон талаблари асосида тобора такомиллаштиришни, пировардида халқимизни тиббий хизматдан рози қилиш учун тизим самарадорлигини оширишни тақозо этмоқда. Бинобарин, Наманган тиббиётининг бугунги салоҳиятига назар солинса, аҳоли саломатлигини муҳофазалаш борасида муайян натижаларга эришилганлиги яққол намоён бўлади.

 

Энг муҳим ўзгаришлар бирламчи тизим фаолиятида кузатилмоқда. Тиббий бригадалар шакллантирилганлиги, улар тажрибали шифокор ва ҳамширалар билан мустаҳкамланганлиги ютуқларни кўпайтирмоқда. Айни пайтда вилоятда 1468 та тиббий бригада хизмат кўрсатмоқда. Шу билан бирга маҳаллаларда очилган 154 дан зиёд тиббиёт пункти хизматни аҳолига яқинлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Одамлар энди узоқ йўл босиб шифокорлар ҳузурига қатнамаяпти. Муолажалар ва тиббий кўриклар яшаш жойининг ўзида амалга оширилмоқда.

 

Тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш жараёнлари бу билан кифояланиб қолгани йўқ. Республика ва вилоят малакали шифокорлари аҳолини соғломлаштириш мақсадида мунтазам равишда ҳудудлардаги олис қишлоқ ва маҳаллаларда бўлмоқдалар. Поп туманининг энг чекка Хонобод, Чодак, Чоркесар МФЙларида, Янгиқўрғон туманининг "Оқтом", Чуст туманининг Варзик ва бошқа ҳудудларда ташкилланган саломатлик тадбирлари боис кўплаб касалликлар олди олинди, ўнлаб беморлар дардига шифо топилди.

 

Йил бошидан бери бир қатор мақсадли соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилди. Жумладан, февралда "Қишлоқ хўжалиги ходимлари саломатлиги ойлиги", кейинчалик "Саломатлик сайллари" акцияси, "Соғ­лом аёл" ойлиги, "Болаларни соғ­лом овқатлантириш ҳафталиги" каби тиббий тадбирларда нафақат вилоятимиз шифокорлари, балки республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг таниқли мутахассилари малакали тиббий хизмат кўрсатдилар. Айни кунларда кекса авлод вакилларини соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда.

 

"Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!" шиори фаолиятимиз мезонига айланган. Бу тиббий хизмат бевосита маҳалла ва оилаларга кўчирилганида ўз ифодасини топмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, илгари беморлар шифокорлар олдига келган бўлсалар, энди тиббиёт ходимлари аҳоли ҳузурига йўл олмоқда. Ҳудудларда уйма-уй юриб, беморларга тиббий хизмат кўрсатиляпти. Шу билан бирга аҳолини ташвишлантираётган масалаларга ечим топиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказиш одат тусига кириб қолди. Вазирлик вакиллари ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти иштирокидаги қабулларда ечимини кутаётган кўплаб муаммолар жойида ҳал этиляпти. Айниқса Поп, Мингбулоқ, Учқўрғон, Наманган ва бош­қа туманларда ўтказилган бундай тадбирлар ижобий самара берди.

 

Илгари оғир хасталиклардан азият чекаётган беморлар нажот истаб пойтахтга ёки хорижга борар эдилар. Эндиликда бунга ҳожат қолмади. Чунки Наманганнинг ўзида юртимизнинг машҳур тиббиётчи олимлари билан ҳамкорликда ўнлаб мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказиляпти. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалидаги қатор нозик амалиётлар фикримиз далилидир. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, бошқа тиббиёт масканларида ҳам юқори технологик амалиётлар аъло даражада бажарилмоқда. Жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиа­лидаги буйрак кўчириб ўтказиш туфайли нажотталаб юртдошларимиз соғ­лом ҳаётга қайтарилди. Юқори технологик жарроҳлик амалиётларини энди ҳатто туман тиббиёт бирлашмаларида ҳам ўтказиш одат тусига кирмоқда. Мингбулоқда олиб борилган тотал эндопротезлаш амалиёти фикримиз далилидир.

 

Соҳанинг моддий-техник имкониятлари ривожлантирилаётганлиги, қолаверса, шифокорлар касбий маҳоратини ошириш, бу борада хориж тажрибасини ўрганишга устувор аҳамият қаратилаётганлиги тиббиётдаги юксалишларнинг бош омили бўлмоқда. Биринчидан, вакилларимиз Европа давлатларидаги етакчи клиникаларда билимларини мус­таҳкамламоқдалар. Иккинчидан, чет эллик таниқли шифокор-олимларнинг вилоятимизда ўтказаётган "Маҳорат дарслари" ижобий натижалар бермоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўзида вакилларимиз АҚШ, Германия, Чехия, Туркия, Озарбайжон давлатларининг нуфузли клиникалари иш тажрибаларини ўрганиб қайтдилар.

 

Кадрлар салоҳиятини намоён этишда, улар фао­лият олиб борадиган шифохоналарнинг моддий-техник имкониятларини давр талаби даражасида такомиллаштириш зарур. Бу муҳим вазифага ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоят кардиология марказини энг замонавий тиббий асбоб-ускуна ва аппаратлар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Австрия билан ҳамкорликда рўёбга чиқарилаётган лойиҳа ниҳоясида мазкур шифохона жаҳон стандарт­ларига тўла мос тиббий техника ва технологияларга эга масканга айланди. Жадал суръатда қад рост­лаётган вилоят травматология маркази эса ўзининг салоҳияти билан мамлакатимизда ягона бўлади. Бу ерда энг малакали шифокорлар ўта самарали тиббиёт асбоб-ускуналарида даволаш-диагностика ишларини олиб борадилар.

 

Халқимизни тиббиётдан рози қилиш борасидаги хайрли ишларимиз кўлами ниҳоятда кенг. Яқин орада фойдаланишга топшириладиган янги тиббиёт муассасалари соҳа тараққиётини янада юқори босқичга олиб чиқиш омили бўлади. Бунга Давлатобод туманида қад ростлаётган янги шифо муассасалари яққол далилдир. Қурилиш-таъмирлаш ишлари, тизимни моддий-техник такомиллаштириш ҳаракати муттасил давом эттирилади. Шу билан бирга замонавий билим ва малакага эга бўлган мутахассислар заҳирасини яратиш ҳам доимо диққат марказимизда бўлади.

 

Фурсатдан фойдаланиб, барча тиббиётчиларни яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз айём – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги байрами билан қизғин муборакбод этаман. Жонажон Ватанимиз янада гуллаб-яшнасин. Хал­қимиз бахту саодати бардавом бўлсин!