Маълумки, мамлакатимизда жорий йилнинг 1 августидан 1 сентябрига қадар "Кексалар саломатлиги ойлиги" деб эълон қилинган. Айни кунларда табаррук отахон ва онахонларимизни соғломлаштириш жараёни кечмоқда.
Вилоятимизда ҳам бу эзгу ишга пухта тараддуд кўрилганлиги боис тиббий тадбир зўр уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими ва вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг жамоалари ҳудудларда фаол иш олиб боришмоқда. Профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар чоғида вилоятимизда яшовчи 251 минг нафардан зиёд нуроний отахон ва онахонлар саломатлиги ҳолати ўрганиб чиқилмоқда.
Бинобарин, ҳозирга қадар 54 минг нафардан ортиқ кексалар уй шароитида тиббий кўрикдан ўтказилди. Қарийб 47 минг кишида турли касаллик белгилари кузатилди. Уларни зудлик билан соғломлаштириш режалари тузилиб, изчил амалга оширилмоқда.
Ҳудудлардаги амбулатор-поликлиника муассасаларида 169 минг нафардан зиёд қариялар малакали шифокорлар кўригига жалб этилди. Тиббий текширувдан ўтган аксарият фуқароларда неврологик, кардиологик, офтольмологик, урологик, эндокринологик ва бошқа хасталиклар аниқланди.
Ойлик доирасидаги тиббий кўрикларда ўткир ва сурункали касалликлар аломатлари қайд этилган кишилар хасталик даражасига қараб, бирламчи тизим кундузги шифохоналарида, стационар тиббий ёрдамга муҳтож қариялар эса туман ва шаҳар ҳамда вилоят тиббиёт муассасаларига йўналтирилмоқда. Юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур деб топилган нуронийларимизни республика шифохоналарида соғломлаштириш чоралари кўрилади. Қисқаси, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди.
Барчиной АҲМЕДОВА,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бирламчи тиббий-санитария
ёрдами бўйича бош мутахассиси.