Давлат тиббий суғуртаси механизмларини босқичма-босқич татбиқ этиш борасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида мавжуд тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар ҳолати тўла инвентаризациядан ўтказилди. Мониторинг натижасида тизимдаги муассасаларда яна 11 минг 177 турдаги тиббий жиҳозларга эҳтиёж борлиги аниқланди.
Шунингдек, 3300 та компьютер жамламасини харид қилиш, моноблокларни 4431 тага етказиш ва махсус принтерларни кўпайтириш лозимлиги ойдинлашди. Бирламчи тизим муассасаларида 290 нафар оилавий шифокор, 347 нафар тор соҳа мутахассислари етишмаслиги маълум бўлди. Хатлов якунлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Давлат тиббий суғурта жамғармасига тақдим этилди.
Айни чоғда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида ўтаказилган мониторингда аниқланган камчиликларни барҳам топтириш, БТСЁ муассасаларида тиббий бригадалар тузиш, шифокор олди кўрув хонаси ташкил этиш ва уларни тиббий аппаратуралар билан жиҳозлаш, кафолатланган пакет доирасида дори воситалари билан таъминлаш аҳволи ишчи гуруҳ томонидан таҳлил қилиб борилмоқда.
Шу билан бирга тиббиёт жамоаларида Давлат тиббий суғурта жамғармаси концепциясига мувофиқ, тиббий ёрдам кўрсатиш ва молиялаштиришнинг янги механизмлари, даволаниб чиққан беморларнинг статистик картасининг янги шаклини татбиқ қилиш юзасидан тушунтиришлар олиб бориляпти. Реимбурсация тизимини жорий қилишга тайёргарлик бўйича семинарлар ўтказилди.
Жорий йилда Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга ёрдам кўрсатиш учун Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали билан 2 миллиард 100 миллион сўм, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази билан 1 миллиард 80 миллион сўм, "DOCTOR VISION" МЧЖ хусусий клиникаси билан 500 миллион сўмлик шартномалар тасдиқланган. Шунга мувофиқ, бугунгача вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 70, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида 46 нафар, "DOCTOR VISION" МЧЖ клиникасида 104 нафар имтиёзли тоифадаги беморларда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Мухторжон ЖЎРАБОЕВ,
Давлат тиббий суғурта
жамғармаси ҳудудий
бош мутахассиси.