(Давоми. Бошланиши 10-сонда)
Инсон қадр-қимматининг баланд тутилиши Конституциямизнинг бошқа моддаларида ҳам аён белгилаб қўйилган. Чунки, эркинликнинг кафолати жуда муҳим. Бу борада 31-модда алоҳида эътиборга лойиқ: "Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилди...".
Юқоридагига кўра, ҳар бир инсон эмин-эркин яшашига ҳеч ким дахл қила олмайди. Янаям очиқроғи, беайб шахсга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. У ҳамиша адолатли қонун ҳимоясида.
33-модда фақат фикрлаш, сўз эркинлиги ҳақида эмас, унинг ўзига хос жиддий масъулияти ҳам битиб қўйилгани билан ғоят муҳим. Буни айниқса, ҳар бир ёш яхши билиши шарт."Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади".
Лекин шуни ҳам ёдда тутиш керакки, ижтимоий тармоқлардаги жаҳон ахборот майдонида асосланмаган, сиз билан бизни чалғитувчи, ёлғон-яшиқ, ёш авлодни тубан йўлларга ундовчи видеодаъватлар, ёзма ва оғзаки фикр-мулоҳазалар кам эмас. Оқ-қорани фарқлаш, нима яхшию, нима ёмонлигини ажрата олиш зарур. Акс ҳолда, эркинлик доирасидан чиқиб кетишингиз салбий оқибатларга олиб боради. Бу ҳам мазкур моддада эътибордан четда қолмаган. "Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоа хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади".
Виждон эркинлиги масаласидаям икки жиҳатга эътиборли бўлиш назарда тутилган. 35-моддада бу қисқа ва лўнда баён этилган: "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди". Кўринадики, биринчидан, мамлакатимизда ҳамма эътиқод эркинлигидан фойдаланиши мумкин. Бу борадаги ҳуқуқларимиз қонунан кафолатли. Мажбурийликдан холимиз. Хоҳласак, динга эътиқод қиламиз. Ихтиёрийлик тамойили амалда. Иккинчидан, диний қарашларни мажбуран онгимизга сингдиришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ, қонунан тақиқлаган. Бироқ, эътиқодимиздан қатъий назар бир-биримизга дўстмиз. Бир ватанда яшар эканмиз, мақсадларимиз ҳам ягона. Тинч ва хотиржам меҳнат қилиб, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишимиз керак.
Конституциямизнинг VIII боби "Сиёсий ҳуқуқлар"имизга бағишланган. "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади..." (36-модда). Буни барчамиз яхши биламиз. 2023 йил 30 апрель кунги Ўзбекистон Республикаси референдумида қатнашиб, Янги Конституциямизга овоз берган бўлсак, шу йил 9 июль куни Президент сайловларида иштирок этдик. Булар бизнинг фуқаролик ҳуқуқларимизнинг энг муҳимлари сирасига киради, албатта.
IX боб "Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар"дан ташкил топган. Чунончи: "Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли" (41-модда);
"Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга..." (42-модда);
"Ҳар ким дам олиш ҳуқуқига эга..." (45-модда).
Демак, энг аввало, иқтисодий ҳуқуқларимиз қонунда тўла акс эттирилган. Мулкдор бўлиш ҳуқуқимиз ҳалол яшашимиз манбаи бўлиб хизмат қилади. Чарчасак, қонуний дам олишимиз мумкин. Конституциямизда "Ёлланиб ишловчиларга дам олиш ҳуқуқи иш вақтининг давомийлигини, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларини, ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилини белгилаш таъминланади".
Хуллас, мамлакатимизнинг янгиланган Конституцияси – чинакам халқпарвар руҳдаги Бош қомусимиздир. Уни ўрганиб, унга амал қилиб яшасак, барча эзгу ниятларимизга етаверамиз.
Ўғилой БОЗОРОВА,
Тўрақўрғон туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим
мактабининг тарих фани ўқитувчиси.