ёхуд меҳмонлардан мезбонларга маҳорат дарслари

Тиббиётнинг беқиёс шарафли шарофати беморларнинг умрини узайтиришда яққол кўринади. Аслидаку зоти шариф инсонларнинг танидаги, руҳидаги ва ниҳоят қалбидаги оғриғу озорларни чекинтириш билан ҳаловатли яшашимизни давом эттиришга имкон яратишнинг ўзиёқ ўта муҳим, ўта олқишларга сазовор. Лекин жарроҳлик амалиётларининг аксарияти ҳаёт-мамот масаласини ҳал этиш билан тириклик аталмиш бир боралик бебаҳо неъматимизни жудолик жари ёқасидан қайтариб қўйиши гўёки мўъжиза эмасми? Худди шундай. Буни ғоят нозик, ғоят мураккаб операция учун тиббий амалиёт столига ётганлар шак-шубҳасиз чуқур ҳис қиладилар. Шунинг учун жарроҳларни умрбахш нажоткорлар десак ҳам асло янглишмаймиз. Айниқса, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалида бунга кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Ўтган ҳафтада маҳорат дарслари тарзида кечган ҳамкорликдаги жарроҳлик жараёнлари ҳам аввалгилариданда серсамара кечди.

Бу галги маҳорат сабоқлари Республика бош интервенцион кардиологи, профессор М. М. Зуфаров ташаббуси билан ташкилланди. 13-15 август кунлари марказнинг Наманган филиалида Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳри В. А. Алмазов номидаги "Милий медицина маркази" нинг эндоваскуляр хирургия бўйича етакчи илмий ходимлари томонидан ўтказилди. Юқори малакали мутахассис Н. А. Марукян билан биргаликда 22 нафар бемордаги операцияларнинг ҳаммаси ижобий натижа билан якунланди.

Яъни 12 нафар нуронийда юрак тож томирлари ангиопластикаси ва стентлаш, 4 нафар кекса ёшдаги беморда бош мия қон томирлари ангиопластикаси ва стентлаш, 4 нафар хастаҳолда юрак туғма нуқсонларининг окклюдерлаш билан бартараф этиш амалиётлари, 2 нафар тромбоэмболия юқори хавфида турган беморда кавафильтр имплантацияси сифатли уддаланди. Барча жараён кам шикастли инвазив усулларда бажарилгани туфайли амалиётга ётқизилганлар қисқа муддатда ёстиқдан бош кўтариб, ўз оилалари бағрига қайтишмоқда.

Фақат катта ёшдаги касалларгина эмас, кичик беморларга ҳам нажот қўллари чўзилмоқда. Чунончи, 15-16 август кунлари филиалда янада ҳаяжонли ҳолат ҳукм сурди. Вьетнам Республикасининг Ханой шаҳридаги Миллий медицина университети етакчи мутахассиси, профессор Лан Хиеу Нгуен иштирокида юрак туғма нуқсонларини эндоваскуляр хирургик усулларда даволаш бўйича маҳорат дарслари режалаштирилган эди. Вьетнамлик тиббиётчи профессор даст­аввал 40 нафар болани кўрикдан ўтказди. Шундан сўнг филиалнинг рентгенэндоваскуляр хирургия бўлимига ётқизилганлардан 14 нафар кичик беморлар профессорнинг қайта кўригидан ўтказилгач, уларнинг 8 нафарида юқори технологик операциялар ғоят муваффақиятли бажарилди.

Жумладан, косонсойлик Г. Абдураҳимова, Наманган шаҳрилик А. Насимхонов, Н. Муҳаммадалиева, Р. Шодмонова, норинлик З. Тўлқинжонова, янгиқўрғонлик С. Исоқова, мингбулоқлик А. Абдураҳмонова каби болаларга окклюдер инплантацияси туфайли соғ­лом ҳаётга қайтиш имконияти туғдирилди.

– Президентимизнинг тиббиётимиз ривожига бениҳоя катта эътибор бераётганликлари бизни билим ва малакамизни тўхтовсиз ошириб боришимизга руҳлантириб келмоқда, – дейди филиалнинг рентгенэндоваскуляр хирургия бўлими раҳбари, тиббиёт бўйича фалсафа доктори Акмалжон Жалилов. – Филиалимизда маҳорат сабоқлари тобора кўпайтирилмоқда. Хориждан ташриф буюраётган ҳамкасбларимиздан имкон қадар малака-маҳорат сирларини мукаммал ўрганиб боришга интиляпмиз. Ўтган ҳафта Россия ва Вьетнамдан келган ҳамкорларимиз билан тажриба алмашган бўлсак ҳам, уларни кузатмаёқ Туркия мутахассисларини кутиб олдик.

Энг муҳими, юқори технологик операция­ларнинг давлат ва жамғармалар томонидан кам таъминланганлар, болалару нуронийларда бепул ўтказилгани халқимизни бениҳоя хурсанд қилмоқда. Бизлар бундай эзгу фаолиятимиздан жуда мамнунмиз ҳамда беҳад фахрланамиз.

Дарҳақиқат, умрбахш қўллар шарофати билан орамиздаги нажотталаблар соғлом ҳаётга қайтарилмоқда. Шу боис, "Инсон қадри учун" тамойили устувор мамлакатимизда бу каби эзгу ишлар ҳамиша барқарору бардавом бўлиши кафолатли эканидан кўнгилларимизга ҳар доим мунавварлик югураверади.

Содиқ САЙҲУН.