дейишмоқда даволанувчилар миннатдор оҳангда
Таҳририятда ишлаб ўтирсам, телефоним садо бериб қолди. Қарасам, таниш рақам. Дарров уланиш белгиси устида бармоғим учини юритдим.
– Тошкентдан қишлоққа келгандик, кутилмаганда даволанишимизга тўғри келиб қолди, "Ҳаёт"да ётишимиз билан ҳаётимизга яна ҳаловат қайтди, – деди салом-аликдан сўнг мозийшунос-профессор Раҳмонали Ҳасанов. – Айниқса, ҳамшира Севара Отаматованинг муомаласию, муолажаларига гап йўқ. Яхшиси, ўзингиз келиб кўрганингиз маъқул, хусусий клиникадаги шароиту қулайликлар пойтахтдагилардан сира-сира қолишмас экан.
Албатта, домланинг таклифлари бизни ўша муассасага чорлади. Тўрақўрғон – Жомашўй йўлининг шундоққина чап ёқасида жойлашган кўп қаватли мўъжаз шифохонага кириб боришимиз билан бу ердаги озодаликни, саранжому саришталикни, тартиб-интизомни кўрибоқ кўнглимизга ўзгача мунавварлик югурди. Энг муҳими, қайси беморни учратмайлик, улардаги мамнунлик кайфиятини осонгина илғаб олдик. Кундузги ҳамшира Севара Отаматова ўзимизга таниш чиқди. Чунки, унинг Косонсой тиббиёт коллежини тугатиб, 2006 йилдан туман марказий шифохонасининг неврология бўлимида фаолият бошлаганини, муомаласи мулойим, чаққону чечан, билимдону уқувли эканини аввалдан яхши билардик. 17 йилдан буён тажрибасиям, малака-маҳоратиям янада ортибди. Эндиликда хусусий муассасанинг энг фидойи ва ҳурматли ходимасига айланиб улгурибди.
– Ёшлар учун яхшиларнинг ёнида ишлаш чинакам омад экан, – дейди Севара Отаматова. – Менинг ўзим ҳам ана шундай толеи кулган шогирдларданман. Мастура Юсупова, Зуҳра Ғафурова ва Маҳлиё Тўрахўжаева сингари юқори малакали ҳамкасб опаларимдан кўп нарсалар ўрганганим ҳозирда жуда-жуда қўл келаяпти. Беморларга бор меҳримни аямаганим учунми, уларнинг ҳеч бирлари бегонасирашмайди, ранжишмайди, аксинча, тезда юзларига табассум ёйилиб, хизматимиздан рози эканликларини изҳорлашади. Ҳар гал беморлардан олқиш эшитганимда, шу касбни танлаганимдан беҳад фахрланиб кетаман.
Кичик жамоада катта ҳамшира Азиза Жабборова, Мавлуда Акбарова, Ирода Набижонова сингари касбдошлари ҳам Севара каби зиммаларидаги вазифаларни ўз вақтида ҳалол ва фаол адо этишаётгани "Ҳаёт медикал" мижозларининг тобора кўпайишида муҳим омил бўлмоқда. Айни маҳалда, бошқарувчи Шерзодбек Абдуллаев хизмат кўрсатиш шароитларини тобора яхшилаш учун астойдил жон куйдираётгани ҳам алоҳида диққатга сазовор.
Хусусий клиника неврология, кардиология ва терапия йўналишида фаолият юритмоқда. Юқори малакали мутахассислар Одилжон Бойбобоев, Одилжон Ғафуров ва Акмалжон Ҳакимовлар ҳар бир беморни синчиклаб текширадилар, таҳлиллар ўтказилгач, аниқ ташхис қўядилар. Сўнгра энг самарали муолажаларни буюрадилар. Даволаш сифатига алоҳида эътибор қаратадилар. Натижада асабга боғлиқ хасталиклар, юрак носозликлари, ҳатто аллергик касалликлар билан мурожаат қилаётганлар кўп ўтмай, соғайиб кетишмоқда.
– Оилавий даволанишга ётиб янглишмаган эканмиз, – дейди олима аёл Жамила Ҳасанова. – Турмуш ўртоғим ҳамда қизим Ферузахонлар билан бирга энг зарур муолажалардан кейин ўзимизни аввалгидек соғлом ва бардам ҳис этяпмиз. Аҳил жамоада раҳматларга муносиб врачу ҳамширалар йиғилишган экан, ўзлариям ҳамиша омон бўлишсин!
Бундай эътирофу миннатдорчиликларни Шоҳида Комилова, Насиба Эрматова, Гулчеҳра Шарипова, Манзура Убайдуллаева, Рақиба Хўжаева ва Абдуллажон Турсуновлардан ҳам эшитдик.
Ҳозирда "Элга хизмат – олий ҳиммат" деган нақлга лойиқ иш олиб бораётган врачу ҳамшираларнинг истиқлол даври ислоҳотлари шарофатидан баҳрамандликлари туфайли кўксилари тоғу кўнгиллари чоғдир. Худди шундай кайфиятни ҳар куни беморларга ҳам юқтиришаётгани янада қувончли. "Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!" шиоримизга нақадар ярашиқли уларнинг ўз касбларига садоқатлари, эл соғлиғини сақлашдаги фидойиликлари.