Кўп тармоқли марказий поликлиника биринчи ҳудудий бўлимининг бу йўналишдаги ибратли фаолияти анжуман қатнашчиларига кўргазмали тарзда кўрсатилди. Бўлим мудири Айсулув Курмантаева тиббиёт муассасасида жорий қилинган янгиликлар ҳақида сўзлаб берди. Жумладан, бўлимга кираверишда ташкил этилган ахборот бурчагида фуқароларни қизиқтирувчи барча маълумотлар жамланган. Шифокорларнинг аҳоли ўртасида олиб бораётган ишлари рейтинги турли рангларда ифодаланмоқда. Акушер-гинекологлар ҳомиладорлар ва туғиш ёшдаги аёллар саломатлигини ўзига хос услублардан қатъий назоратга олишган. Фитобарда эса шифобахш гиёҳлардан дамламалар тайёрлаб қў­йилган.

Тадбирнинг назарий қисмида эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғ­лиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳусусида фикр юритилди. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Олимжон Қосимов ушбу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш ҳақида гапирди. Шундан сўнг катта ҳамшира Омина Каримова "Патронаж ҳамшираларнинг вазифалари", акушер-гинекологлар Маъмура Маҳмудова, Зиё­да Абдуллаевалар "Замонавий контрацептик воситаларидан фойдаланиш", тиббиёт бирлашмаси бош терапевти Нуриддин Абдулаҳадов "Туғиш ёшдаги аёлларда, ҳомиладорларда учрайдиган экстрогенитал ҳасталиклар" ҳақида маърузалар билан чиқдилар.

Анжуманда аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги, айниқса, "Саломатлик сектори" самарали иш олиб боришига эришиш муҳимлиги таъкидланди.

- Бунинг учун ахборот коммуникацион технологиялари салоҳиятидан кенг фойдаланяпмиз. Слайдлар воситасида таъсирчан тавсиялар бериш билан пот­ранаж ҳамширалар фаоллигини оширишга муваффақ бўляпмиз, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Роҳила Қурбонова.

Чиндан ҳам тиббий хизмат сифати ва даволаш-профилактика ишлари самарадорлигини таъминлаш учун астойдил изланиш даркор. Бу мақсадга қаратилган янгича ёндошувлар яқин орада ўз самарасини беришига умид билдирамиз.