Вилоят иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармасида "Жамоатчилик назоратини амалга оширишда давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва сиёсий партиялар ҳамкорлигининг долзарб масалалари" мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар Кенгашлари раҳбарлари, депутатлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда бугунги кунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлигини таъминлашда жамоатчилик назорати муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Вилоят Адлия бош­қармаси бўлим бошлиғи Зулфия Аҳмадхўжаева "Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари", "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси раҳбари Наргиза Муҳаммадиева ва Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси вилоят бўлими раҳбари Икромжон Каримовлар "Жамоатчилик назоратини амалга оширишда НТТларнинг ўрни ва жамоат эшитувларининг аҳамияти", Де­мократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Муҳаммадали Убайдуллаев "Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг жамоатчилик назоратини амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги", мазкур бўлинма бош мутахассиси Мақсадбек Исабоев "Жамоатчилик назоратини амалга оширишда сиёсий партиялар депутатлик гуруҳлари фаоллигини ошириш масалалари" ҳақида маъруза қилдилар.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган, очиқ-ошкора ва шаффофликка асосланган ислоҳотлар натижасида жамоатчилик назоратининг таъсир доираси сезиларли ортди. Жумладан, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ло­йиҳаси, энг аввало, умумхалқ муҳокамасига ҳавола этилаётгани, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилаётгани жамиятда қарорлар қабул қилишда аҳоли манфаатлари ҳисобга олинишига хизмат қилмоқда. Шунингдек, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг раҳбар-мутасаддилари ишига аҳоли томонидан билдирилаётган муносабатлар натижасида айрим масалалар ва муаммоларга чек қўйилмоқда.

Давра суҳбатида соҳа мутахассислари ва экспертлар жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари, жамоатчилик назоратини амалга оширишда ННТнинг ўрни ва жамоатчилик эшитувларининг аҳамияти, жамоатчилик назорати амалга оширишда сиёсий партиялар депутатлик гуруҳларининг фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида тўхталинди.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, депутатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, бунда қонун устуворлигини таъминлаш масалалари бўйича атрофлича фикр-мулоҳаза алмашилди.

Тадбир якунида давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб бориш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Давра суҳбатида вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов иштирок этди.