Яқинда бир гуруҳ ўзбекистонлик шифокорлар Чехияда малака ошириб қайтдилар. Прага шаҳридаги жаҳонга машҳур "МОТОL" клиникасида Европа радиологлари учун қисқа муддатли ўқув курси ташкилланди. Курс тиббий радиология ва интервенцион радиологиянинг долзарб муаммоларига бағишланди. Қатнашчилар орасида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган вилояти филиали рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлими мутахассислари – тиббиёт фанлари номзоди (PhD) Акмалжон Жалилов ҳамда илмий изланувчи Аброр Абдуллаевлар ҳам бор эди.
Ўқувга жаҳоннинг етакчи радиологларидан ҳисобланган Райн Ремюллер бошчилик қилди. Машғулотларда соҳа тараққиётига оид кўплаб янгиликлардан воқиф этилди. Жумладан, юрак-қон томир хасталикларини инвазив ва ноинвазив усулларда аниқлашнинг энг замонавий усуллари юзасидан илмий ва амалий кўникмалар ҳосил қилинди.
– Мазкур ўқув жараёнида юқори технологик диагностик усулларни амалга ошириш бўйича тушунчамизни яна бойитдик. Айниқса, гибрид интероперацион магнит резонанс томография текшируви назоратида бош мия ва орқа мия жарроҳлик амалиётлари, болаларда олиб борилган интервенция усулида, ультратовуш, МРТ назорати билан ўтказилган гибрид операциялар бизда катта таассурот қолдирди, – дейди Акмалжон Жалилов. – Мамлакатимиз тиббиётидаги ютуқлар, соҳани ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, хусусан, Наманган кардиологиясининг изчил тараққиёти, айни пайтда филиалимизда Австрия компанияси билан рўёбга чиқарилаётган йирик лойиҳа ҳақида ўқув курси қатнашчиларига фахр билан маълумот бердик. Янги давр талабларига ҳамоҳанг равишда юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш ва самарали даволаш имконини берувчи такомиллашган хорижий тиббий асбоб-ускуна ва янги авлод аппаратураларида хизмат кўрсатиш арафасида турганлигимизни айтганимизда чет давлатлардан келган тингловчиларда ҳавас уйғонди.
Ҳа, истиқлол йилларида диёримиз тиббиёти хориждаги етакчи давлатлар соғлиқни сақлаш соҳасининг тажриба ва ютуқларини ўзида мужассам этмоқда.
Абдулла ҒОЗИЕВ.