Тараққий этган давлатлар тажрибасидан маълумки, бугунги кунда замонавий, самарали иш услубларини қўллаш иқтисодиёт ва бошқа соҳалар ривожида ижобий натижалар бермоқда. Мамлакатимизда ҳам бу омилга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш Агентлиги вилоят филиали билан ҳамкорликда ўтказилган ўқув семинарида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзи билан очди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш Агентлиги вилоят филиали раҳбарининг ўринбосари Отабек Раҳимов анжуман дастуридаги мавзунинг ғоят муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
"Давлат фуқаролик хизматлари фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубияти тўғрисида" Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали масъул ходими Достон Раҳимов маъруза қилди. Нотиқ давлат фуқаролик хизматларини самарали ташкил этиш тажрибаси, бу борада аҳамият қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатлар, шунингдек, янгилик татбиқ этилган тизимлар иш натижадорлиги ва ходимлар моддий манфаатдорлиги кескин ортганлигини мисоллар воситасида изоҳлаб ўтди.
Тадбирда соғлиқни сақлаш тизимида жорий қилина бошланган фаолиятни ташкил этишнинг янгича механизмлари хусусида маълумот берилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиев, бошқарма бош мутахассислари Лола Улуғбоева, Дилором Маматхонова ва бошқалар татбиқ этилажак янги иш услубининг афзал жиҳатлари ҳақида фикр билдирдилар.
Абдулла ҒОЗИЕВ.