Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида тизимдаги тиббиёт муассасалари маънавий-маърифий ишлар тарғиботчиларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз Президентининг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг Ўзбекистон халқига Мурожаатига жавобан қилинадиган ишлар ҳақида сўз борди.
Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят даволаш-профилактика муассасалари маънавият ва маърифат тарғиботчилари дастлаб ВССБ Маънавият ва маърифат Кенгаши масъул котиби Абдулла Ғозиевнинг кун тартибидаги масалалар юзасидан маърузасини тингладилар.
Нотиқ таъкидлаганидек, энг улуғ, энг азиз байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга хизмат қилиши керак. Тиббиёт муассасаларида Мустақиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, "уч авлод учрашуви" тадбирлари, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Йиғилишда Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари, бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг Ўзбекистон халқига Мурожаати матни ўқиб эшиттирилди. Унда олға сурилган ғоя ва вазифалар моҳиятини соҳа вакилларига тушунтириш муҳимлиги таъкидланди.
Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси маънавиятчиси Аҳмаджон Юсупов, Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси маънавиятчиси Рустамжон Отамирзаев, Республика "Пахталикўл" фтизиатрия ва пульмонология тиббий реабилитация маркази маънавиятчиси Аъзамжон Абдуллаев ва бошқалар сўз олиб, маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш юзасидан фикр билдирдилар.