Мамлакатимизда халқимиз фаровонлигини, хусусан, юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Эндиликда тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш борасида қатор эзгу амаллар ўтказиш одат тусига кириб боряпти. Айни кунларда яна бир саломатлик акцияси бўлиб ўтмоқда.

Сешанба куни Мингбулоқ туманидаги Қизилқум маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли вакилларига вилоят тиббиёт муассасаларининг тажрибали шифокорлари тиббий хизмат кўрсатдилар. Вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг 14 та ихтисослик бўйича мутахассислари туман тиббиёт бирлашмаси вакиллари билан ҳамкорликда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкиллашди.

– Қишлоқ аҳлининг узоғини яқин қилиш мақсадида малакали мутахассислардан таркиб топган шифокорлар гуруҳи кун давомида хизматда бўлди, – дейди вилоят эндокринология диспансери бош шифокори Баҳриддин Сиддиқов. -"Мобил по­ликлиника", кўчма маммография қурилмаси, энг такомиллашган рентген аппаратлари воситасида тиббий текширувлар олиб борилди.

– Ҳудудимизга вилоятимизнинг энг тажрибали тиббиёт мутахассислари ва таниқли шифокорлар келишгани айни муддао бўлди. Биз педагоглар ҳам имкониятдан самарали фойдаланиб, соғлиғимиз ҳолати ҳақида билиб олдик. Малакали мутахассислар тегишли тавсиялар беришди. Кардиолог текширувидан ўтиб, саломатлигимни янада мустаҳкамлаш бўйича маслаҳат олдим, – дейди ўқитувчи Ҳамида Алимова.

Кекса инсонларни баъзи касалликлар безовта қилади. Вилоят марказидан ташриф буюрган докторларнинг тиббий кўриги уларга янада ойдинлик киритди. Маҳалла нуронийлари ҳам яратилган имкониятдан самарали фойдаланишди.

Шу куни маҳаллада яшовчилардан 354 киши тиббий кўрикдан ўтди. 158 кишида турли касалликларнинг аломатлари аниқланди ва уларни соғломлаштириш ишлари бошлаб юборилди. 4 нафар бемор ҳолати оғирлиги учун шифохонага жўнатилди. Бу шунчаки статис­тика эмас, агар тиббий тадбир ташкилланмаганида шунча беморни барвақт соғ­ломлаштиришга киришилмаган бўлар эди. Соҳада кечаётган изчил ислоҳотлар ана шундай самаралар бермоқда.