Янги Ўзбекистон тиббиётида ҳам янгиланиш жараёнлари, аниқроғи ислоҳотлар жадал бормоқда. Тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш, унга жаҳон тажрибаларини сингдириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш бугуннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида Наманганда ҳам бир қатор қувончли, натижалар қайд этилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов билан суҳбатимиз шу ҳақда кечди.
– Абдулҳоди Муҳиддинович, халқимизни тиббий хизматдан рози қилиш борасида вилоят соғлиқни сақлаш ходимлари астойдил изланмоқдалар. Уларнинг эл дардига дармон бўлиш учун фидойиларча интилишлари, касбга садоқат ва зиммадаги вазифага масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ёндошишлари туфайли фаолиятда ижобий натижалар кўзга ташланяпти.
– Тўғри айтасиз. Бугун саломатлик посбонлари зиммасида улкан ва шарафли вазифалар турибди. Барча интилишлару саъй-ҳаракатларимиз халқимизнинг соғлом ҳаётини таъминлашга қаратилган. Кейинги йилларда тиббиётдаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида кенг миқёсли ишлар қилинди. Эндиликда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш фаолиятимиз мезонига айланган.
Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан учрашувларида берилган кўрсатмалар, кейинги йилларда қабул қилинган Президент Фармон ва Қарорларида қайд этилган устувор вазифалар ижросини изчил таъминлашга бор куч ва имкониятларимизни астойдил йўналтирмоқдамиз. Бирламчи тизим фаолиятини тубдан яхшилаш, даволаш-профилактика ишларини такомиллаштириш, моддий-техник имкониятларни ривожлантириш, чет эллардаги ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, соҳага янги технологияларни татбиқ этиш, кадрлар малакасини ошириш каби устувор мақсадлар шулар жумласидандир.
– Тиббиётда бирламчи тизимнинг самарали ишлаши муваффақиятлар омилидир. Зеро, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари хизмати натижадорлиги оширилса, касалликларни барвақт аниқлаш ва даволашда ижобий тенденциялар намоён бўлади. Шундайми?
– Албатта. Мазкур тизим фаолиятини такомиллаштирмасдан туриб, соҳа тараққиётида кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Кейинги йилларда мана шу жиҳатга алоҳида урғу берилаётгани бежиз эмас. Шу боис ҳам соғлиқни сақлашни ташкил этишда айнан шу бўғин фаолиятига устувор аҳамият қаратиляпти. Айни пайтда вилоятда 14 та КТМП, 80 та оилавий поликлиника ва 93 та оила шифокорлик пункти ҳамда 160 га яқин маҳалла тиббиёт пункти мавжуд.
Бирламчи тизим иши самарадорлигига эришиш учун вилоят даволаш-профилактика муассасалари яқиндан ёрдам беришмоқда. Бинобарин, тиббиётнинг бор куч ва имкониятлари қуйи бўғин ишини юқори поғонага кўтариш орқали аҳоли саломатлик кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволашга эришиш кўзда тутилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида тиббий хизмат салоҳияти асосан маҳаллаларда намоён бўлди, десак янглишмаймиз. Аввало, скрининг текширувлари самарали ташкилланганлигини таъкидлаш жоиз. Биринчи ярим йилликда 800 минг нафарга яқин 40 ёшдан ошган аҳоли вакиллари юрак-қон томир ва эндокрин касалликлари бўйича текширувларга йўналтирилди. Бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олиш мақсадида аёллар скрингга чорланди. Бу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ 7 минг нафардан зиёд юртдошимизда юрак-қон томир, 1 минг 600 нафардан ортиқ кишида эндокрин, 26 нафар аёлда онкологик касалликлар эрта босқичларда қайд этилди. Жумладан, 19 нафар аёлда саратон хасталиги барвақт аниқланди.
– Билишимизча, ҳар ойда муайян йўналишлар бўйича чуқурлаштирилган тиббий кўриклар олиб борилди.
– Касалликлар профилактикасига қаратилган фаолиятимиз жорий йилда янада кенг миқёсда намоён бўляпти. Ўтган давр мобайнида аҳолининг маълум қатламига йўналтирилган мақсадли тиббий кўриклар уюштирилдики, бу тиббий тадбирлар ҳам саломатлик кўрсаткичлари яхшиланишига омил яратди. Жумладан, февралда "Қишлоқ хўжалиги ходимлари ойлиги", мартда "Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш", апрелда "Саломатлик сайллари", майда "Ёшлар ойлиги", кейинчалик "Аёллар саломатлиги ойлиги", июнда эса "Саломатлик карвони" тиббий тадбирлари амалга оширилиб, вилоятимиз аҳолисининг деярли ярмидан кўпи пойтахтимиз, вилоятимиз ва туманлардаги малакали шифокорлар ҳамкорлигида соғломлаштирилди. Туманлардаги шифохоналардан ташқари вилоятимиздаги ва Тошкентдаги тиббиёт марказларида ўнлаб беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Қисқаси, тиббиётни аҳолига яқинлаштиришга қаратилган фаолиятга янгича ёндошувлар пировардида касалликларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш имконини бермоқда.
– Биламизки, вилоятда ихтисослашган тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Суҳбатимиз давомида шу йўналишдаги ишлар ҳақида ҳам фикр юритсангиз.
– Ҳақиқатдан ҳам, ихтисослаштирилган тиббий хизматни бугунги кун талаблари асосида ривожлантирмасдан туриб, соҳада кутилган натижага эришиб бўлмайди. Зеро, ислоҳотлар самараларини кўп жиҳатдан шу хизмат даражаси белгилайди. Шунинг учун ҳам республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг вилоятдаги филиаллари салоҳиятини оширишга эътибор қаратяпмиз. Бунинг натижаси ўлароқ илгари хорижга ёки Тошкентга даволаниш учун қатнаган беморларнинг аксарияти вилоятнинг ўзида саломатлигини тикламоқда.
Қаранг, атиги ярим йилда бу борада муҳим қадамлар қўйилганлиги боис беморларимиз узоғи яқин бўлмоқда. Чунончи, илгари пойтахтда бажарилган юқори технологик амалиётлардан 10 таси РИО ва РИАТМ Наманган филиалида, 11 таси вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, худди шунчаси ВБКТТМда олиб борилмоқда. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида муваффақиятли бажарилаётган юқори технологик жарроҳлик амалиётларининг сони бундан ҳам кўп.
– Чиндан ҳам вилоят тиббиёти тараққиётида инқилобий ўзгаришлар жараёни боряпти, десак муболаға қилмаган бўламиз. Тўғрими?
– Дарҳақиқат, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг тиббиётга қаратаётган эътиборлари қанчалар самаралар бераётганлигини вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизими салоҳияти юксалаётганидан ҳам яққол билиш мумкин. Аввало, соҳанинг моддий-техник имкониятлари яхшиланмоқда. Жорий йилнинг ўзида Инвестиция дастурига мувофиқ 9 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу мақсадлар учун 56 миллиард сўмдан зиёд инвестиция йўналтирилган.
– Давр шитоб билан ўзгариб бормоқда. Ўз ўзидан тиббий хизмат даражаси юксалиб, фаолият доираси кенгаймоқда. Шу ўринда юқори малакали кадрларга эҳтиёж сезилади. Соҳани тажрибали ва малакли кадрлар билан тўлдириш масаласи қандай ҳал этиляпти?
– Жуда ўринли савол. Ҳаммаси кадрларга боғлиқ. Яъни, изланувчан, билимдон, юксак салоҳиятга эга кадрлар ҳар бир соҳа равнақида муҳим роль ўйнайди. Тиббиётда ҳам, албатта. Шунинг учун ҳам бу масалага устувор аҳамият қаратаяпмиз. Чунки, айни пайтда тизимни ёшартириш масаласи ҳам секин аста юзага чиқмоқда. Тўғри, тажрибали тиббиёт ходимлари ҳамиша зарур. Лекин, бугунги кун талаблари даражасидаги заковатли, иқтидорли мутахассисларга ҳам эҳтиёж сезиляпти.
Шундай бўлсада шифохоналардаги вакант ўринлар бизнинг оғриқли нуқтамиз ҳисобланади. Тиббиёт олийгоҳлари битирувчиларини кенгроқ жалб этиш орқали бу масалага ечим топилмоқда. Яқин йилларда муаммога ўрин қолмайди, деган умиддаман.
Кадрлар салоҳиятини юксалтириш ҳамиша биринчи даражали вазифаларимиз қаторида туради. Жорий йил ўтган даврида 622 нафар шифокорлар малакаси оширилиб, ихтисосликдан ўтказилди. 27 нафар шифокор хорижда малакасини оширди. Улар Туркия, Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Чехия, Озарбайжон давлатларининг таниқли клиникаларида малака-тажриба алмашиб қайтдилар. Келгусида бу йўналишдаги фаолият янада кенгаяди. Вакилларимизни АҚШ, Германия ва Литва каби тиббиёти ривожланган давлатларга малака ошириш учун юбориш кўзда тутилмоқда.
– Жуда яхши. Шу ўринда соҳа фаолиятини такомиллаштириш борасидаги изланишларга ҳам эътибор қаратсак.
– Муболағасиз айтиш мумкинки, бусиз тараққиёт бўлмайди. Шунинг учун ҳам тиббиётни рақамлаштириш борасида ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Вилоят даволаш-профилактика муассасаларига локал тармоқ тортиляпти. "E-KADR" тизими шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларида ва 20 дан ортиқ тиббиёт муассасасида ишга туширилди. Қатор тиббиёт муассасаларида "EDO" – электрон ҳужжат алмашиш тизими жорий этилмоқда. Шу билан бирга "Электрон поликлиника"нинг янги тизими "MedHub" татбиқ этила бошланди. Қисқаси, электрон ҳужжат алмашиш тизими орқали расмий ёзишмаларни тезкор ва ишончли тарзда етказиш имкониятлари яратилмоқда. Келгусида "Электрон поликлиника" автоматлаштирилган ахборот тизимини янада кенгайтириш ва "Қон хизмати" электрон тизимини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
– Суҳбатимиз якунида вилоятда хусусий тиббиёт қандай ривожланаётганлигини ҳам изоҳлаб ўтсангиз.
– Ўзингиз яхши биласиз, бугунги тиббиётни хусусий секторсиз тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, соҳамиз равнақида бу секторнинг алоҳида ўрни бор. Қайд этиш жоизки, нодавлат тиббиёт муассасаларини мустақиллик меваси, дейиш мумкин. Истиқлол йилларида бу йўналишга асос солинди ва айни кунда у давлат тиббиёт муассасалари билан аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатишда рақобатлашмоқда. Бугунги кунда вилоятимизда 500 дан ортиқ нодавлат тиббиёт муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Шу йилнинг ўзида улар сони 20 тага ортди. Хусусий шифохоналарнинг 316 таси амбулатор, 192 таси стационар шароитда ишлайди. Улардаги койкалар сони 6,5 мингга яқин. Ишловчилар миқдори эса 5 минг нафардан зиёд. Яқин орада бу тармоқ янада равнақ топиши шубҳасиз.
Умуман айтганда, аҳолига давр талаблари даражасида тиббий хизмат кўрсатишга эришиш учун бор имкониятлар сафарбар этилмоқда.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.
Абдулла ҒОЗИВ суҳбатлашди.