Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан бошланган
"Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги" давом этмоқда.
Юртимизда ўқитувчи ва мураббийлар ҳурмат-эътиборини ошириш, шаъни ва ғурурини тиклаш, масъулиятли ва шарафли меҳнатини рағбатлантириш бўйича бошланган хайрли ишлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббусида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Вазирликнинг 2022 йил 27 июлдаги "Аҳоли орасида профилактика кўриклари, скрининг дастурлари ва патронажни амалга оширишни янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида"ги 210-сонли буйруғи ижросига Наманган вилоятида ҳам чуқур масъулият билан ёндошилмоқда.
Соғлиқни сақлаш бошқармасининг бирламчи тиббий-санитария ёрдам бўйича бош мутахассиси Барчиной Аҳмедованинг изоҳлашича:
– Мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида ўтказилаётган "Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги" аввалида таълим соҳаси ходимлари орасидан тиббий кўрикка эҳтиёжи борлар рўйхати шакллантирилди. Улар ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилди. Акция доирасида 27 июлга қадар 42 минг 703 нафар ўқитувчи, 22 минг 601 нафар тарбиячи, жами 65 минг 304 нафар педагогнинг 47 минг 699 нафари профилактик кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 5112 нафарида турли касалликлар аниқланди. Бетоблиги бор устозлар амбулатор, кундузги ёки уй шифохоналарида муолажа олишга тавсия қилинди. Улар дори-дармонлардан бепул фойдаланмоқдалар. Кўрикдан ўтказилган 3069 нафар педагогни соғломлаштиришга эришилди. Зарурат туғилса, бепул тарзда туман, шаҳар, вилоят, республика шифохоналарида даволаш, юқори технологик муолажалар асосида соғломлаштириш ҳам режалаштирилган.
Ойлик доирасидаги амалий жараёнлар билан танишиш мақсадида Уйчи туманида бўлдик. Кўп тармоқли марказий поликлиникага келган фуқароларнинг аксари ўқитувчи ва мураббийлар. Тиббий кўрик доирасига киритилган соҳаларга ихтисослашган хоналар, 10 дан ортиқ врач, 15 нафар ҳамшира уларни профилактик, чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва скрининг текширувларидан ўтказмоқдалар.
– Тиббий кўрикдан ўтказилган 4144 нафар ўқитувчи ва мураббийларнинг 385 нафарида касалликлар аниқланиб, тармоқ режаси асосида даволаш чоралари кўрилди, 182 нафар педагог соғломлаштирилди. 202 нафар устозлар режали асосда соғломлаштириляпти, – дейди туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири ўринбосари Аҳмаджон Дадабоев.
Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида жорий этилган ойлик топшириқлари ижросини уюшқоқлик билан амалга оширишга тумандаги 7 та оилавий поликлиника, 6 та оилавий шифохона, 21 та патронаж бригадаси фаол жалб этилган. Улар тиббий кўрикка эҳтиёжи бор ўқитувчи ва мураббийлар рўйхатини шакллантиришда кўмаклашибгина қолмай, контингентга киритилган устозларни марказий поликлинакада бўлаётган кўрикка жалб қилиш билан тармоқ режасидаги кунлик кўрсаткичлар бажарилишида ҳам елкадош бўлмоқдалар.
Тиббий кўриклар якунида илк бор сурункали касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олиниб, индивидуал соғломлаштирилади. Ўткир ва сурункали хасталиклар қайд этилган беморлар бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда, стационар ёрдамга муҳтож қатлам эса туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади. Юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар берилади.
"Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги" акцияси таълим-тарбия ходимларига маънавий ва моддий ғамхўрликларнинг яна бир юксак ифодаси бўлди. Ҳолбуки, чуқурлаштирилган тиббий кўрик нархи ҳар бир киши учун 90 минг сўм бўлгани ҳолда уларнинг давлат ҳисобидан бепул ўтказилаётганини барчани бирдай мамнун этмоқда.
Янги Ўзбекистон ғоясининг меваларидан бири – ўқитувчи мақоми белгилангани, қадри кўтарилганлигидир. Улар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳақида қайғурилаётганлиги эса келажак авлодлар баркамол ривожини таъминлашнинг энг муҳим шартидир. Давлатимиз раҳбари бу эътибор ва ғамхўрлик бардавомлигини таъкидлаб педагогларга айтганларидек: "Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутманглар: халқимиз ўз келажагини сизларга ишониб топширган. Келажагимиз қандай бўлиши аввало сизларга боғлиқ. Бу йўлда Президент сизларни доимо қўллаб-қувватлайди!"