Хабарингиз бор, Наманган шаҳрида вилоят "Ягона буюртмачи инжиниринг" компанияси таклифига биноан бошланган Республика ихтисослаштирилган травматология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали биноси қурилиши "Проект сервис" МЧЖнинг 23 миллиард 303 миллион сўмлик лойиҳаси асосида тендер ғолиби – "Бунёдкор Мубошер" МЧЖ ишчи-ходимлари томонидан жадал амалга ошириляпти. Иш юритувчи Мансуржон Маллабоевнинг қайд этишича, иккита икки қаватли бинонинг реконструкция ишлари ниҳоясига етди. Бир-икки кун ичида электр ва санитария тармоқлари жиҳозларини ўрнатиш тугалланади.
Бош ва ёрдамчи пудратчи ташкилотлардан кунига 60-80 нафар ишчи фаолият кўрсатяпти. Улар учун бепул тушлик жорий этилган. Қурувчи гуруҳларнинг раҳбарлари – Сардорбек Жўраев, Достонбек Жўраев ва Олимжон Сулаймоновлар ишчиларининг меҳнат унумдорлиги юқори бўлишини, ҳар бир жараён аъло сифатда адо этилишини таъминламоқдалар.
Қурилиш ниҳоясига етгач, замонавий травматологик марказда қандай илғор технологиялар кўзда тутилмоқда? Эслатиб ўтамиз, бу хайрли мақсад учун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ва мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Австриянинг "AME International" компанияси директори Хайнц Мессинжер билан учрашувда тамал тоши қўйилган эди. Сўнгра вилоятимиз раҳбари Австрия давлати Молия вазири Магнус Бруммер бошчилигидаги делегация билан учрашиб, музокаралар якунида Австриянинг "AME international" халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда бўлажак замонавий Травматология шифохонасини жаҳон стандартлари талаблари асосидаги 10 миллион евролик юз турдан ортиқ тиббий аппаратура ва жиҳозлар билан таъминлашни кўзда тутувчи шартнома имзолашга муваффақ бўлган эди.
Марказ битгач, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкони яратилади, тиббий хизмат самарадорлиги ва амалиётлар сифати бир неча баробарга ортади. Энг асосийси, вилоятимиз аҳолисининг пойтахт ва чет элларга бориб даволанишига ҳожат қолмайди. Шунингдек, тиббий туризм ривожлантирилиб, бошқа ҳудудлардан келганларга ҳам хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.