ЁХУД ЮРАГИ ХАСТАЛАРНИНГ НАЖОТ МАСКАНИ

Юрак – тириклик таянчи. Атиги бир марталик бетакрор неъмат. Ҳаётимиз унинг измида кечади. Ҳамиша ўз маромида уриб турса, бутун вужудимиз бўйлаб таралган томирларимиздаги олранг оби ҳаёт ўз вазифасини муваффақиятли ўтаб, умримиз ҳаловатини тўкис таъминлайверади. Агар меъёрий "зарби"да ўзгариш юз берса, қон ҳайдаш жараёни бузилса борми, тириклик таянчимиз хас­таланганидан мужда бераётгани, огоҳлантираётгани шу. Юракдай бетиним инсон гоҳида чарчаганидай кўксидаги таваллуддошу қисматдош энг керакли дўсти ҳақида ҳам астойдил қайғуриши керак. Бу борада шифокорларнинг кўмагисиз, уларнинг муолажаларисиз, жарроҳлик амалиётларисиз ҳеч нимага эришолмаслигимиз барчамизга ойнадай аён. Наманганимиздаги кардиология маркази жамоаси ана шундай чуқур билимли, юқори малакали юраксозлардан иборат. Энг муҳими, улар кечаги ютуқлари билан асло-асло кифояланиб қолишга одатланишмаган. Аксинча, олға интилиш, бетиним изланиш, янгиликларни, дунё тажрибаларини ўзлаштириш билан жаҳон андозалари даражасида тиббий хизмат кўрсатишни ўзлари учун фаолият шиорига айлантириб олишган. Вилоят ҳокимлигининг раҳнамолигию ҳомийлиги эса тараққиёт ва ривожланиш жараёнларини жадаллаштириш кафолатини яратмоқда. Натижада хорижий давлатлар тиббиётчилари ва инвес­торлари билан ҳамкорлик доирасини тобора кенгайтиришга эришишмоқда. Бу гал фақат Австриядаги ҳамкорлар билан самарали алоқалар шарофатига кенгроқ тўхталиб ўтамиз.

Суратда: (ўнгдан) вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов билан

РИКИАМ Наманган филиали директори Солижон Мўминов Австрия пойтахти Венада.

 

ВЕНА. 2022 ЙИЛ. МАЙ

– Ўтган йил баҳорида вилоят ҳокимимиз Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги тўққиз кишилик гуруҳнинг асосий таркибини тадбиркорлар ташкил этгани ташрифда ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий юксалишга дахл­дор масалалар кўзда тутилганидан далолат бериб турарди, – дея эсга олади Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. – 10 майда Венага етиб бордик. Дастлабки куниёқ Австриянинг "Uni Gredit" банки департаменти директори ҳузурида бизнинг кардиология марказимиз модернизацияси бў­йича тақдимот маросими ўтказилди. Унда Биплан ва Монаплан ангиограф аппаратини ўрнатиш режаси баён қилинган эди. Шунингдек, Америкада тайёрланган ЭФИ станцияси "Sen jut" жиҳозини олиш масаласигача кун тартибига қўйилди ва ижобий келишувларга эришилди.

Директор сафар чоғида тасвирга туширилган суратларни компьютер мониторида кўрсатар экан, улар ичида биттаси ўша заҳоти эътиборимизни тортди. У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Венадаги штаб квартираси мажмуига кирадиган бинолар олдида тушилганди. Буни қаранг­ки, дунё аҳамиятига эга бўлган жойда бизнинг ақли зукко ва донишманд боболаримиз "давра қуриб ўтиришибди". Оппоқ ҳайкаллардаги ёрқин сиймолар кимлар экани монумент лавҳасига аниқ битиб қўйилибди: "Ибн Сино (980-1037), Беруний (973-1042), Умар Хайём (1048-1123), Розий (865-925). Ахир бу буюк зотлар Шарқнинг Биринчи Уйғониш – Ренессанс даври алломаларику! Яна иккиси, яъни Шарқ табобати асосчилари – Абу Бакр-Розий ва Ибн Синонинг бир даврада ёнма-ён "ўтиришлари"да ҳам катта маъно мужассам эмасми?! Ораларини бир асрдан кўпроқ вақт ажратиб турса-да, китоблар орқали устозу шогирдга айланишмадими?! Буюк устознинг буюк шогирди дунё тиббиётининг тўлақонли асосчиси мақомига эга бўлиб, унинг "Тиб қонунлари" бунга ҳамон шоҳидлик бериб келмоқда. Бугун эса Венада хизматларига муносиб виқор тўкиб "ўтиришганча" "суҳбат қуришмоқда". Нақадар фахрли ҳолат бу ҳозирги юртдош авлодлар учун!

 

МЕМОРАНДУМ АМАЛДА

Агар 2022 йил 10-14 май кунлари меморандум имзоланган бўлса, орадан бир йилдан сал кўпроқ вақт кечиб, қоғоздаги келишувлар деярли амалга ошди ҳисоб. Марказга Австриянинг "AME international" компанияси бериши керак бўлган қиймати 8,89 миллион евролик аппарат ва жиҳозларнинг 80 фоизи келтириб ўрнатилди. Сентябрь ойи охиригача лойиҳа бўйича 65 турдаги 350 аппарат ва жиҳоздан тўлиқ фойдаланишга ўтиш имконияти туғилади. Уларнинг барчаси дунёда энг сўнгги русумдагилари саналади. Чунки, илм-фан, техника бетўхтов ривожланаётган экан, унинг куч-қувватини, "ақли"ни, "маҳорати"ни инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга, умрини узайтиришга сарфлаш ғоят зарурдир. Истиқлолли Ўзбекистонимизда мазкур масала ҳамиша Юртбошимизнинг алоҳида эътиборида, диққат марказида турганига беҳад қувонмай бўладими?! Чунончи, 2022 йил 26 январда аҳолига кўрсатилаётган кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлари сифатини яхшилаш, ҳудудларда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволаш ишларини кенгайтириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятини трансформация қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган Президентимизнинг ПҚ-103-сонли қарори қабул қилингани айни муддао бўлди.

Марказда дастлабки пайтлар 18 турдаги кардиожарроҳлик амалиёти бажарилган эди. Ке­йинги йилларда кўпайтириб борилди, 65 турга чиқарилди. Янги аппаратлар ўрнатилгач, яна 20 тури қўшилди. Йил якунигача 112 турга етказиш мўлжалланмоқда. Бунинг учун, албатта, талаблар даражасидаги шароиту имкониятлар муҳайё. Вилоят ҳокимлигининг ғамхўрлиги туфайли бино-иншоотлар мукаммал таъмирдан чиқарилди. Юқоридаги аппарат ва жиҳозлар ўрни-ўрнига қўйилган. Ҳар қандай муаммоли ҳолатга барҳам берилгани улардан оқилона ва самарали фойдаланишга олиб келмоқда.

Халқимизнинг "Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлар" нақли нақадар тўғри экани марказда яна бир бор ўз исботини топмоқда. Янги аппарату жиҳозлар билан бирма-бир яхшироқ танишсак, бунга иқрорлигимиз янада ортади:

ФЛУОМЕТРнинг ноёблиги шундаки, ҳозиргача Ўзбекистонда бўлмаган. Уч ой муқаддам Норвегиядан жўнатилган. Аорта коронар шунтлаш операциясида ғоят қўл келади. Оёқдан томир олиб, юрак томирига, улангач, унинг қандай ишлаётгани – қон оқими, ўтказувчанлиги, томир ичидаги қаршиликларни кўриб, аниқланиши мумкин. Ке­йинги даволашнинг муваффа­қиятли олиб борилишида бу жудаям муҳим. Илгари томир шунт­ланарди-ю, унинг ичи кўринмасди. Флуометр энди томирнинг ички ҳолатиниям кўз ўнгимизда яққол намоёнлайди.

КОАГУЛЯТОРнинг эски русумдагисидан авваллари фойдаланиб юрилган. Лекин барча томирларни оддий коагуляция қилинган. Ҳозирги янгиси дастурий таъминотга эга: коронар томир учун, артериола ва венула учун алоҳида-алоҳида дастур киритилади. Юрак ёки бош­қа органлар томирлари учун коагуляцияни амалга ошириб беради.

АИК – замонавий сунъий қон айлантириш аппарати. Барча қулайликларни яратишга қодир. Яъни юракни тўхтатиб қўйиб, катта операцияни бажариш жараёнида вақтинча "юрак"ка айланиб туради. Кардиоплегияга – юракни тўхтатиб, музлатиб беришга эришади.

РЧА аппарати юрак уриш маромининг мураккаб бузилишларида радио частотали аббляция ўтказишда қўлланилади. Аввалари бундай амалиётни бошдан кечирган бемор тўла тузалмасдан, умрбод дори ичиб яшашга мажбур эди. Энди бунга ҳожат қолдирилмайди. ЭФИ – электрофизиологик текширув ва РЧА аппаратлари билан операция ўтказиш учун комплект аппарат мамлакатимизда ягона бўлиб, у Америкадан келтирилди.

ЭХОКГ – бу дунёга машҳур "Siemens" компания маҳсулоти. Мазкур аппаратнинг сунъий интеллекти мавжуд. Жаҳондаги энг олди бешталикка киради. Юракни текширувчи, ҳамма муаммоларни акс эттирувчи ноёб аппаратларнинг зўри, дея эътироф этишга арзийди.

Лойиҳа доирасида 2 та ангиограф аппарати ўрнатилган. Ҳар иккиси билан юрак-қон томир хасталигига чалинганларни текшириш ва томирнинг тиқилиш мавжудлиги аниқланган қисмига стент қўйиш бажарилади. Ғоят нозик ва мураккаб ҳолатдаги операция жароҳатсиз уддаланади. Яъни бемор кўкрагига тиғ теккизилмасдан операцияга киришилади. Аорта томири ор­қали муаммоли жойга "етиб борилади". Интервенцион хирурглар жараённи мониторда кўриб, амалиётни бажаришади. Тўғри, бир неча йил муқаддам мазкур йўналишга ўтилганини, рент­генэндоваскуляр хирургия бўлими мутахассислари катта тажриба ҳам тўплашганини яхши биламиз. Энди эса... Бу ҳақда ке­йинроқ фикр юритамиз.

Лаборатория жиҳозларига келсак. Масалан, ИФА анализатор 20.000 хотирали бўлиб, 3 та ячейкада "таҳлил ўтказади": 1.Онкомаркиёр. 2. Гепатит Б, С. 3. Бошқа торч инфекцияларни бир соат ичида бирваракайига 240 тасини аниқлаш "зеҳни" ва қувватига эга.

Биохимик, гематологик ва КЩС анализатор жиҳозларининг барчаси Европа ва Америкада ишлаб чиқарилган.

Лойиҳа доирасида марказнинг моддий-техника базаси бойиб, мустаҳкамланиб борар экан, янги ўрнатилган қимматбаҳо ва нозик, "ўткир кўз" ва "уддабурон" аппаратларни бош­қариб, уларнинг "мўжизавий салоҳияти"ни ишга сола оладиган иқтидорли кадрларни тайёрлаб боришга ҳам муҳимдан муҳим вазифа сифатида қаралмоқда. Аслида ана шундай мутахассислар марказнинг ўзида илгаридан фаолият юритиб келишади. Энди уларнинг қўшимча ўқуви, малака-маҳоратини ўзлаштириш сабоғи навбат кутиб турарди. Жорий йилнинг январида тўрт нафар хирург – Абдусалом Хўжамбердиев, Орифжон Қосимов, Нуриддин Баҳриддинов ва Носиржон Худойбердиев Белоруссиядаги клиникаларда сабоқ олиб ва тажриба ўрганиб қайтди. Июнь ойида Акмалжон Жалилов билан Аброржон Абдуллаев Чехия мамлакатида малака оширишди. Сентябрь ойида яна уч нафар мутахассисни Австрияга юбориш мўлжалланган. Йилнинг тўртинчи чорагида Ҳиндистонга сафар уюштирилади. У ерларда ўзбек жарроҳлари дунёга машҳур клиникаларда ҳамкасблари билан ёнма-ён фаолият юритиб, кўпдан-кўп мураккаб амалиётларнинг энг нозик сир-асрорларигача ўзлаштириб қайтишни ниятлашган.

 Суратда: марказ шифокорлари Прага шаҳри клиникасида.

 

 

ЭНГ НОЗИК, ЭНГ МУРАККАБ ОПЕРАЦИЯЛАРГАЧА МУВАФФАҚИЯТЛИ УДДАЛАНАДИ

Демак, йил сўнггига бориб, Наманганда жаҳоннинг тиббиёт соҳасидаги ўта мураккаб операцияларини муваффақиятли давом эттириш ва изчиллигига эришишнинг тўла кафолати яратилади, дейишимизга етарли асослар мавжуд. Бундай амалиётларнинг ғоят қимматли аҳамиятга моликлари қайсилар? – деган саволга жавоблар сира-сира мавҳум эмас, аксинча аниқдан аниқ. Чунки, бу ердаги маҳорати баланд хирурглар нималарга қодир эканликларини сўнгги йилларда яққол намойиш этиб келишаётгани беинкор ҳақиқатдир. Яна такрор бўлсаям шулар ҳақида мухтасар маълумот берамиз:

– Юракнинг туғма нуқсонларида кўкрак қафасини очмай, жароҳатламасдан туриб, ҳаловатли яшашга монелик қиладиган тўсиқни бартараф этиш;

– Юракнинг тож томирига стентлаш амалиёти;

– Юракнинг қисқариши оз бўлганда "батарея" қўйиш;

– Юракни тўхтатмасдан бажариладиган операциялар;

– Кўкрак қафасини очмай юракдаги туғма камчиликларни каминвазив усул билан, "оклюдер" билан бартараф қилиш;

– Юракнинг мураккаб мароми бузилиши касалликларида "абляция" амалиётини ўтказиш;

– Электрокардиостимулятор имплантацияси;

– Кава фильтр импланта­цияси;

– СРТ-Д кардиовертер– дефибрилятор имплантацияси;

– Ишлаб турган юракда аорта коронар шунтлаш;

– Гибрид операциялар (бир вақтда аорта коронар шунтлаш, сунъий клапан протезлаш ва аневризмаэктомия);

– Бир вақтда 3 та клапан операцияси;

– Бентал Де-Боно опера­цияси;

– "Тетрадо Фалло" бир босқичда радикал нуқсонни йўқотиш;

– 30 килограммдан енгил бўлган беморларни юрак туғма нуқсонлардан фориғ этиш;

– Аортал клапанни интервенцион усулда ўрнатиш (TAVI);

Онкологик беморларда химиотерапетик препаратларни селектив шикастланган жойга юбориш (онко-интервенция);

– Жигар циррозларида эндоваскуляр усулда портокавал анастамоз ўрнатиш (TIPS);

– Ишемик инсульт ўтказган беморларда бош мия томиларини стентлаш;

– Бош мия қон томирлари аневризмасида эмболизация (нейро-интервенция) амалиётларини йўлга қўйиш.

Эҳ-ҳаа, айтаверилса ўта мураккаб тиббий операцияларнинг деярли барчасини жаҳон андозаларига мувофиқ уддалаш учун зарур бўлган аппаратлар, асбоб-анжомлар мужассам жойланган амалиёт хоналари эшитганниям, кўрганниям ҳайратда қолдирмасдан иложи йўқ. Бундай киройи шароиту имкониятлар муҳайё этилган клиникада фаолият юритиш марказдаги врачу ҳамширалар учун бир неча йил аввал фақат ширин орзу эди, холос. Бугун эса тўла-тўкис ҳаётий ҳақиқатга айлантирилмоқда.

 

ЕВРОПА БИЛАН ТЕНГЛАШИБМИЗ

Марказнинг Рентгенэндоваскуляр хирургия бўлими мудири, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Акмалжон Жалиловнинг яқинда Чехиянинг Прага шаҳрида малака ошириш чоғида у ерда туриб, ўзининг бўлимидаги шароитларга мавжуд ҳолатни таққослаб кўргач, беихтиёр директорга телефон орқали ҳаяжон билан айтган қуйидаги иқрори сизни ҳам бефарқ қолдирмайди:

"Солижон Жалилович, Прагада ҳам, Берлинда ҳам худди Наманганимиздагидек шароит ва имкониятлар яратилган экан. Ҳеч муболағасиз Европа билан тенглашибмиз! Бундан буён биз мутахассислар ҳам улар каби ишласак бас, бирор бир бемор марказимиздан бенажот қайтмайди!"

Аслида Наманган кардиологлари, кардиохирурглари жаҳоннинг манаман деган олиму мутахассисларидан асло ортда қолишмаган. Тиббиёт фани тўхтовсиз ривожланаётган, жарроҳлик амалиётларига энг илғор инновациялар жорий этилаётган долзарб паллада улар фақат ўқиб-ўрганишда, янгиликларни излашда, операция жараёнларига татбиқ этишда янада фаол бўлишса, кутилган натижалар қўлга киритилаверади. Шуни қалбдан чуқур ҳис этишаётгани учун марказдаги олимлар сафи тобора кенгаймоқда. Ҳозирда 4 нафар фан номзоди, тиббиёт бўйича фалсафа доктори ишлаётир. Айни дамда илмий тадқиқотларини ҳимояга тайёрлаётганлар ҳам кўпаймоқда. Илгари Наманган кардиохирурглари пойтахтдаги устозларидан ибрат олиб, улар ортидан эргашган бўлишса, бугунга келиб, юксак орзу-иштиёқлар билан янада олға интилишмоқда. Жаҳонга чиқишмоқда. Жаҳоний билимларни ўзлаштиришмоқда, жаҳон тиббиётчилари билан бўйлашишмоқда. Ахир неча йилдан буён ҳамкорлик борди-келдилари бардавом. Гоҳ мезбонлик, гоҳ меҳмонлик фарзи чоғидаги малака-маҳорат сабоқлари наманганликларнинг малакасиниям, тажрибасиниям юз чандон ошириб юборганига шак-шубҳа йўқ.

Агар эътибор берган бўлсангиз, юқорида айтилган ўта мураккаб, ўта нозик тиббий-хирургик амалиётларга онкожарроҳлик ҳамда нейрожарроҳлик қўшилаётганига таажжубланишга асло ҳожат йўқ. Кейинги пайт­да тиббий трансформация жараёни кетмоқда. Ҳатто, бу борада водийда биринчи бўлиб, мия қон томирларидаги нуқсонларни жароҳатсиз жарроҳлик усулида бартараф этишга худди шу марказда киришилди. Қозоғистонлик олий тоифали нейрохирург Минжилқи Бердихўжаев иштирокида "Уйқу артерияларини стентлаш"га бағишланган илмий-амалий конференция ҳам ташкилланди. У фақат назарий маъруза билан чекланиб қолмади, айни маҳалда маҳорат дарси тарзида наманганлик ҳамкасбларини ёнига олиб, уч нафар беморнинг ҳаётига чанг солиб турган хавфларни муваффақиятли даф қилди.

Хуллас, марказдаги оламшумул ўзгаришлар тиббий туризмни ривожлантиришга ҳам кенг йўл очади. Яъни улар Европа андозасидаги, дунёга машҳур олим-шифокорлардан беморларни соғайтириш сабоғини олган, уларнинг маҳорат мактабини ўзлаштирган зеҳни ўткир, қўли енгил, беҳад уддабурон, ўз ишининг чечан усталарига айланишган. Ана шундай моҳир мутахассислар жамулжам бўлган мазкур нажот масканида не-не оғир хасталикдан ҳаётлари хавф остида омонат яшаётган инсонлар яна оёққа турадилар, яна соғлом ва ҳаловатли турмушга қайтадилар. Ҳозирданоқ вилоятимиздагилардан ташқари Андижону Фарғонадан, Тошкенту Жиззахдан, Навоийу Бухородан келувчиларнинг қадамлари узилмаяпти. Қўшни давлатлар – Тожикистон ва Қирғизистондан, ҳатто Россия Федерациясидан даволанишга талпинаётганлар кўпайиб боряпти. Бу – Наманган кардиология марказининг оламшумул юксалиши шарофатидан. Бу – истиқлол берган ҳадсиз имкониятлар туфайли. Бу – Ибн Сино авлодларининг боболарига тортганларидан, боболарининг муносиб издошлари эканлигидан далолатдир.

Содиқ САЙҲУН.