Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5199-сонли қарори асосида аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган, замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тиббий хизмат кўрсатиш тизими вужудга келди.

Янгиқўрғон туманлараро перинатал маркази 95 ўринга эга. Бу ерда 9 нафар олий тоифали шифокор фаолият юритиб келмоқда. 96 нафар ўрта тиббиёт ходимининг 60 нафари олий тоифали. Врач ва доимий доялар, неонатал ҳамширалар малака ва маҳоратларини мунтазам ошириб бормоқда. Марказнинг иккита акушерлик бўлимидаги мавжуд бешта туғруқ заллари сўнгги русумдаги мослама ва биринчи ёрдам тўпламлари билан таъминланган.

Муассасанинг неонатал реанимация ва анес­тезиология бўлимида муддатидан олдин туғилган ва хирургик касалликлари бўлган чақалоқларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиляпти. Бундан ташқари, муддатидан илгари туғилган ёки оғир аҳволдаги чақалоқларни перинатал марказга келтиришга мўлжалланган транспорт мавжуд. У тегишли тартибда жиҳозланган: кувьез, яъни чақалоқни ташиш учун мослама, ёрдам кўрсатиш учун асбоб-анжомлар билан таъминланган. Бу имкониятлар авваллари йўқ эди. Оғир ҳолдаги чақалоқларни кислород, кувьез мосламалари бўлмаган оддий "Damas"ларда олиб келардик, оқибатда баъзида норасидани сақлаб қолиш имкони бўлмасди.

Чақалоқлар реанимациясида оғир аҳволдаги норасида ҳаётини давом эттириши учун инкубатор, иситкич столлар, нафас олдирувчи аппаратлар мавжуд. Шунингдек, мониторларда уларнинг нафас олиши, юрак уриши кузатиб турилади. Lineомат қурилмаси орқали дори-дармонлар вақти-вақти билан бериб борилади. Чала туғилган чақалоқларда ўпка ривожланмаганлиги сабабли юзага келадиган муаммони бартараф этишда сулфоктор препарати кор келмоқда.

Йилига ўрта ҳисобда 5 минг нафардан ортиқ чақалоқ дунёга келади. Улар орасидаги муддатидан олдинги туғуруқлар, асосан, перинатал марказимизда амалга оширилмоқда.

Кўп тармоқли марказий поликлиникаларимиз аёллар маслаҳатхонасида хотин-қизларга комплекс ёрдам кўрсатиляпти. Косонсой, Янгиқўрғон туманларида яшовчи туғиш ёшидаги аёллар соғломлаштирилмоқда. Уларнинг 57 минг нафардан зиёди чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Маслаҳатхона қошида перинатал диагностика хонаси, онко-назорат хонаси, акушер-геникологлар хизмати мавжуд. У ерда ҳомиладор аёллар ўз вақтида назоратга олиняпти. Уларга мультивитаминли, бойитилган препаратлар бериляпти. Хавф белгилари аниқланган аёлларга туғуруққача тиббий-малакали ёрдам кўрсатиляпти. Марказда замонавий перинатал технологияларни қўллаш ҳомиладор аёллардаги муаммоларни асоратсиз даволаш имконини беряпти.

Гинекология бўлимида эса юқори технологик операциялар орқали аёллар соғлиги тез ва самарали тикланмоқда. Лапароскопик гистерэктомия, лапароскопик миомэктомия, бачадон бўйнини сакроспинал мустаҳкамлаш амалиёти, лапароскопик промонтопексия, пектопексия, Берч жарроҳлик амалиёти, турли слинг операцияларини шу ернинг ўзида амалга оширишга муваффақ бўлмоқдамиз.

Лайло АҲМЕДОВА,

Янгиқўрғон тумани тиббиёт

бирлашмаси бошлиғи.