Амрилло ИНОЯТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири

Барчамиз учун қадрли бўлган "Шифокор ва ҳаёт" газетаси таҳририятининг жонкуяр ходимлари!

Аввало, сизларни "Шифокор ва ҳаёт" газетаси илк сони чоп этилганлигининг 25 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Сизларга ўзимнинг самимий ҳурматим, эзгу тилакларимни билдириб, машаққатли ва олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Барчага яхши маълумки, матбуот ва оммавий ахборот воситалари иши ҳар томонлама оғир ва машаққатли, айни пайтда масъулиятли ҳамдир. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги пайтда бу масъулият янада кучаймоқда.

Бугунги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда. Барча соҳаларда ахборот олиш ва уни етказиш, жамоатчилик фикрини шакллантириш заруратга айланган. Бундай мураккаб шароитда ҳаёт янгидан-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда. Шу жумладан, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни ҳам тезкор, холис ва ўз вақтида кенг жамоатчиликка етказиш, халқимизни кундалик янгиликлардан бохабар қилиб бориш Сиз касб фидойилари зиммасига катта масъу­лият юклайди.

Тан олиш керакки, кейинги пайтларда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар таҳлили ошиб бораётгани алоҳида эътиборлидир. Чунки бундай тенденция ислоҳотларимиз самараларини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Ўзининг билим ва салоҳиятига, ишчанлик фазилатларига ишонган раҳбар тан­қиддан қўрқмай, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни халқ билан мулоқотнинг самарали воситаси деб билади. Аслида бундай мулоқот тараққиётимизни таъминлайдиган энг асосий омиллардан биридир.

"Шифокор ва ҳаёт" газетаси жамоаси ҳам ўз олдига қўйилган мақсад ва вазифалардан оғишмай, тиббиёт ходимларининг ишончли ҳамкори, яқин ҳамроҳига айланиб бормоқда. Бугун нафақат Наманган вилояти, балки водийда, қолаверса, бутун республика ҳудудларидан ҳам газета ўқувчиларини топиш мумкин. Унда берилаётган материаллар халқчил, холис ва айни пайтда тиббиёт ходимларининг амалга ошираётган ислоҳотларининг ёрқин кўзгуси бўлиб хизмат қилмоқда.

Мен вазир сифатида фаолиятимни бошлаганда ҳам асосий эътиборимни кенг жамоатчилик билан ҳамнафас бўлиб ишлайдиган Сиз азиз матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолияти билан чамбарчас боғлаганман. Чунки, соҳадаги ютуқлар ҳам, мавжуд муаммоларга ечим топилаётгани ҳам сизларнинг чин маънодаги яқин дўст сифатида менга берган энг катта ёрдамларингиз самарасидир. Шу боис доимий равишда Сизлар билан тез-тез учрашишга ҳаракат қиламан, фикрлашаман ва ҳар қандай билдирилган муносабатларга доим эътиборли бўламан.

Ҳаётимиздаги бугунги улкан ўзгаришлар, ислоҳотларимиз мантиқи барчадан янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишни талаб этаётгани бор ҳақиқат. Шу маънода, тиббиёт тизимидаги оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятини ошириш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига эришиш, очиқлик ва соғлом рақобат муҳитида ишлашни йўлга қўйиш бўйича кўп ишлашимиз кераклигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Ишончим комилки, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси ҳали кўп йиллар мобайнида миллий тиббиётимиз ривожини дунёга танитишда, халқимизнинг тиббиёт ходимларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда ўз ўрни ва сўзига эга бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор 25 йил бирга аҳил жамоа бўлиб меҳнат қилиб келаётган "Шифокор ва ҳаёт" газетаси таҳририяти ходимларини унутилмас кун, тарихий сана билан чин дилдан қутлаб, уларнинг келгуси ишларига ривожлар тилайман.