Абдулҳоди ИМИНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи
Мустақиллик йилларида, барча соҳаларда бўлгани каби тиббиётда ҳам мислсиз ўзгаришлар юз берди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати яхшиланиб, саломатлик кўрсаткичлари юксалди. Айниқса, соғлом турмуш тарзи тарғиботига эътибор кучайтирилди. Тиббий маданиятни қарор топтиришга устувор вазифа сифатида урғу берилди. Бу саъй-ҳаракатлар самараси халқимизнинг тиббий саводхонлик даражаси ортишида, касалликлар олдини олиш, узоқ умр кўрувчилар сафи кенгайишида намоён бўлди.
Бундай ижобий натижаларга эришишда оммавий ахборот воситаларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор, албатта. Шу ўринда "Шифокор ва ҳаёт" газетасини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Йигирма беш йилдирки, таҳририят ижодий жамоаси ўз олдига қўйилган масъулиятли вазифани сидқидил адо этмоқда. Чорак аср давомида чоп этилган 600 дан ортиқ соннинг ҳар бири ўн минглаб нусхада муштарийларга ҳавола қилинди.
Шу давр мобайнида "Шифокор ва ҳаёт" бошқармамизнинг ахборот кўмакчиси, тиббий маданият ва соғлом турмуш, маънавият ва маърифат тарғиботчиси сифатида намоён бўлди. Соҳага оид қонунлар, Президент фармон ва қарорлари мазмун-моҳиятини оммага етказишда, тизим фидокорларининг заҳматли хизматлари, ислоҳот натижаларини, тажриба ва ютуқларни тарғиб этишда таҳририят ходимларининг ҳиссаси катта бўляпти.
Кейинги йилларда тиббиётда ислоҳотлар янада жадаллашди. Соҳа ишини янги босқичга кўтариш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, айниқса фан ютуқлари, хорижий тажрибаларни жорий этишга устувор аҳамият берилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг таклиф ва ташаббуслари билан татбиқ этилаётган янгиликларни кенг тарғиб қилишда газетамиз таҳририяти ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Журналистларимизнинг фидойилиги ва матонати таҳликали кечган коронавирус пандемиясига қарши кураш даврида ҳам яққол намоён бўлганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мамлакатимизда бўлганидек, самарадорлик омилига айланган бирламчи тизим шаклланди. Тез тиббий хизмат кўрсатиш ривожлантирилди. Ихтисослаштирилган тиббий хизмат такомиллашди. Чет эл тиббиётчилари билан алоқалар мустаҳкамланди. Бу ўзгариш ва янгиланиш жараёнлари газета саҳифаларида изчил ва малакали ёритиб борилди. Қисқаси, Наманган тиббиётининг йигирма беш йиллик тарихи газета саҳифаларида ўз ифодасини топди.
Ўзбекистон тиббиёти бугун дадил қадамлар билан юксалмоқда. Хусусан, Наманган соғлиқни сақлаш тизими ҳам муттасил тараққий этмоқда. Моддий-техник имкониятлари тобора такомиллашмоқда. Эришилаётган ютуқлар, эгалланаётган марралар, татбиқ этилаётган даволаш ва диагностика усуллари, мутахассисларимиз жаҳоннинг машҳур тиббиёт муассасаларида ўрганиб келаётган тажрибаларни муваффақиятли қўллаётганликлари "Шифокор ва ҳаёт" орқали тарихнинг ёрқин саҳифаларига айланди.
Cоҳамизнинг бош нашри – "Шифокор ва ҳаёт" газетаси чоп этила бошланганлигининг йигирма беш йиллиги билан ижодий жамоани ва муштарийларни чин дилдан табриклайман. Умид қиламизки, газета таҳририяти ўз олдига қўйилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш учун астойдил изланишни давом эттираверади. Тиббиётдаги изчил ислоҳотлар натижаларини, жорий этилаётган янгиликларни тезкор ва тўлақонли ёритишда, халқимиз тиббий саводхонлигини оширишда ҳамда оммани соғлом ҳаётга чорлашда энг фаол тарғиботчимиз ва кўмакчимиз бўлиб хизмат қилади.