Алибек ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи

Инсонийликнинг олий қадрияти бўлган маънавиятнинг мукаммаллигини белгиловчи энг долзарб жиҳат, бу – тиббий маърифатдир. "Шифокор ва ҳаёт", 25 йилдирки, ана шу нафис ва диққатталаб, аммо энг хайрли жабҳанинг толмас курашчиси бўлиб хизмат қилиб келмоқда. 1998 йилда газетанинг таъсис этилиши истиқлолнинг дастлабки беш йилликларида вилоят соғлиқни сақлаш тизимида шитоб билан бошланган ислоҳотлар муваффақиятини маънавий жиҳатдан таъминловчи таъсирчан куч бўлиб майдонга келди.

Мамнуният билан эътироф этиш керакки, чорак аср давомида таҳририят фаолиятида бирор муддат сустлашиш, нашрлар давомийлиги ва таъсирчанлигига заррача эътиборсизлик кузатилмади. Ҳар бир нашр илк сондаги каби зўр иштиёқ, юксак дид ва савияда тиббий-маърифий жиҳатдан юқори малакада чиқариляпти. Бунинг учун газета муҳаррири, устоз журналист, "Жасорат", "Соғлом турмуш" медаллари соҳиби Абдулла Ғозиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, матбуот донишманди Содиқ Тожибоев ва барча ходимлар, жамоатчи муаллифлар ташаккурга лойиқ.

"Шифокор ва ҳаёт"нинг ҳар бир сони 6500 нусхада чоп этиляпти. Адади бўйича Намангандагина эмас, республика вилоятлари тармоқ газеталари ичида етакчи ўринда. Бу далил газета оммавийлик жиҳатидан ҳам юқори даражадалигини кўрсатиб турибди.

Тиббий ҳисоботлар билан танишганимизда, касалликлар олди олинганлиги ва камайганлиги ҳақидаги жумлаларни ўқиймиз. Ана шу оддийгина ифодалар замирида "Шифокор ва ҳаёт"нинг тиббий маърифат учун курашлари, таҳририят фидойилиги ҳам мужассамдир.

"Шифокор ва ҳаёт"нинг тиббиётни такомиллаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, юртдошларимизнинг қалбан ва жисмонан баркамоллиги учун қилаётган меҳнати янада самарадор, мазмунли ва бардавом бўлсин!