Муҳаммадюсуф РАҲМОНОВ,
Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси ташкилий-услубий бўлими
мудири, ВССБнинг собиқ бошлиғи
Асос солиш. У мураккаб ва қувончларга, ширин ташвишларга тўла ҳодиса. "Шифокор ва ҳаёт"нинг вужудга келиши ҳам шундай эди. Қувончлари шундан иборат эдики, республика вилоятлари ичида биринчи бўлиб, давлатимизнинг тиббиётга оид қонун ҳужжатлари, вазирлик, бошқарма буйруқлари, йўл-йўриқлари тарғиботи ва ижросини таъминлаш, соҳадаги ислоҳотлар самаралари, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш, тизим ходимларининг билим ва касбий маданиятларини ошириб бориш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тушунчаларини ташвиқ этиш, қолаверса, бошқарувни такомиллаштириш борасида таъсирчан воситага эга бўлишимиз эди.
Ширин ташвишлари эса, таҳририят учун шароит яратиш, газета жамоасини шакллантириш, уларда тиббиёт нашрига хос салоҳият ҳосил қилиш, газета низомини яратиш, концепциясини белгилаш, рўйхатдан ўтказиш, қоғоз, нашр ишларини йўлга қўйиш...
Бу масалалар, ўша пайтда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида менга топширилди. Журналист Раҳматулло Усмонов муҳаррир этиб тайинланди. У билан юқорида айтганим қувонч ва ширин ташвишларни баҳам кўрдик. Фарзандга исм қўйишдаги каби газетага ном танлашда ҳам тортишувлар бўлди. Бир неча вариантлар ичида "Шифокор ва ҳаёт" номи ғолиб келди. Ниҳоят, газета 1998 йилнинг 17 июль куни илк бор дунё юзини кўрди – нишона сони босилиб чиқди.
Вазирлик, вилоят ҳокимлиги оқ йўллари, жамоатчилик вакилларининг табриклари, таниқли шоирларнинг шеърий мотивациялари ва албатта, вилоятда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, ташхислаш, даволаш, профилактикага оид мақола, суратлар билан чоп этилган "Шифокор ва ҳаёт" ўша кунданоқ ижтимоий ҳаётимизда ўз ўрнини топди. Нишона сонида берилган таниқли шоира Дилбар Бону шеъридаги мана бу тўртлик ҳамон эсимда:
Сиз ҳамиша бирдай соғломлик тараф,
Айланасиз Ватан ифтихорига.
Доим ҳамроҳ бўлсин, буюк бир шараф,
Эли соғлом юртнинг шифокорига!
Ўшандан буён "Шифокор ва ҳаёт"нинг 600 дан ортиқ сони чоп этилди. Наманган тиббиёти бугун жаҳон андозалари даражасида такомиллашиб бораётган экан, бу хайрли ишга қадрдон ва севимли газетамиз ўзининг тарғиботчилик, ташвиқотчилик ва ташкилотчилик вазифасини фаол адо этиш билан катта ҳисса қўшиб келмоқда.