Муҳаммадхон АКРАМОВ,
газета муҳаррирининг собиқ ўринбосари,
Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи Косонсой тумани
филиали мудири
1998 йилнинг баҳор ойлари эди. Вилоят давлат солиқ бошқармасининг "Солиқ ва иқтисодиёт" газетаси таҳририятида шу газета ходимлари марҳум Раҳматулло Усмонов ва Абдунаби Қорабоев билан суҳбатлашиб ўтиргандик. Раҳматулло ака менга юзланиб:
– Муҳаммадхон, мана, мустақилликнинг илк кунларидан юртимизда тиббиётга эътибор ортиб, матбуот ва оммавий ахборот воситаларига кенг йўллар очиляпти. Соҳаларнинг ҳам ўз газеталари таъсис этиляпти. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қошида ҳам тиббиёт йўналишида газета жорий қилинмоқчи. Шу хайрли ишга бош қўшсак қандай бўларкин,– деб қолди.
– Жуда зўр бўларди, – дедим. – Айниқса, бугунги кунларда, тиббиётда янгилик, ўзгаришлар амалга оширилаётган бир пайтда бу ташаббуснинг амалга ошиши вилоятимиз тиббиёти равнақига хизмат қилади.
Эртаси куни Раҳматулло ака билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўша пайтдаги раҳбари Осимхон ака Қосимов ҳузурида бўлдик. Эзгу мақсад ва вазифалар аёнлаштирилгач, бошқарма бошлиғи "Йигитлар, қани ишга киришинглар. Ташкилий ишларни амалга оширишда ёрдам бериш учун ваколатли масъул бириктирамиз. Ишни, республика Соғлиқни сақлаш вазиридан оқ фотиҳа олишдан бошланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди", – дедилар.
Орадан икки-уч кун ўтгач, Раҳматулло ака билан Тошкентга йўл олдик. Борган кунимизоқ ўша пайтдаги Соғлиқни сақлаш вазири Феруз Назиров билан учрашишга муваффақ бўлдик. Вазир жуда хурсанд бўлиб, "Мамлакатимиз вилоятлари бошқармалари ичида Наманганда биринчи бўлиб газета ташкил этилаётгани нақадар қувончли! " деб бизга оқ фотиҳа берди.
Тез орада газета давлат рўйхатидан ўтказилди, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси биносидан таҳририят учун алоҳида хоналар ажратилди. Газетага ном танлашда бутун бошқарма ходимлари, таниқли фахрий шифокорлар таклиф ва мулоҳазалари билан қатнашганлар. Бир овоздан "Шифокор ва ҳаёт" номи танланди. Газетанинг илк нишона сони 1998 йил 17 июлда 10 минг нусхада чоп этилди.
Мана, 2010 йилдан буён газета етук журналист, моҳир ташкилотчи, юксак салоҳиятли раҳбар Абдулла ака Ғозиев муҳаррирлигида вилоятимиз тиббиётига ҳамоҳанг равишда равнақ топиб, давлат дастурлари ижроси, тизимдаги фидойиликларни юксак савияда акс эттириш, аҳолининг тиббий саводхонлиги ва маданиятини оширишда катта муваффақиятларга эришди. Таҳририят ходимлари ва вилоятимиз тиббиётчиларини севимли нашрларининг қутлуғ санаси билан самимий муборакбод этаман.