Ёқубжон БОЗОРОВ,

олий тоифали асаб хасталиклари врачи

Ҳаётда китобларнинг, газета-журналларнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. На компьютер, на телевизор. Аввало, ўзимиз, қолаверса ўғил-қизларимиз буни яхши билишлари керак. Оиламиздагиларга китобхонлик ва газетхонлик ота-оналаримиздан ўтган. Бундай одатни биз ҳам ўз навбатида фарзандларимизга сингдирганмиз.

Турмуш ўртоғим, педагог Василахон билан бирга ҳар йили 6-8 хил газета-журналларга ёзилиб келганмиз. Ўзим "Шифокор ва ҳаёт"нинг бирор сонини қолдирмай ўқиб бораман. Бу нашрнинг чинакам мухлисиман. Кейинги йилларда газета қиёфаси кескин ўзгарди. Мазмун-мундарижаси ва безатилиши жиҳатдан жуда манзур тушяпти. Бошқа ҳамкасбларим ҳам шуни эътироф этишяпти.

Газета ўқишнинг муҳимлиги-ю, аҳамиятини маънавияти бой одам чуқур ҳис этади. Қаранг, ишхонангиз ёки уйингизда ўтириб, вилоят тиббиёти янгиликларини билиб оласиз. Танишу нотаниш ҳамкасбларингиз фаолиятидан хабар топасиз. Кези келса, хизматингиз элнинг олқишларига сазовор бўлса, нафақат оғзаки, балки газета орқали "Раҳмат, дўхтир!" деган дил изҳорига мушаррафсиз. Мен бахтлиман деб айтишга ҳақлиман. Сабаби 2011 йили "Шифокор ва ҳаёт"да "Дарё­дил дўхтир" сарлавҳали очерк қаҳрамонига айландим. Уни ўқиб, касбимдан ғоят фахрландим, зиммамдаги масъулиятимни янада кучлироқ ҳис қилдим. Газета ижодкорлари рағбатидан миннатдорман.

 

 

Нўъмонжон АБДУСАЛОМОВ,

меҳнат фахрийси

Газеталарга меҳрим баланд. Айниқса, "Шифокор ва ҳаёт"га. Ахир унда инсонлар саломатлигига дахлдор мақолалар жамулжам-да. Врачлар маслаҳатларини ўқиш ва уларга амал қилиш саломатликни сақлашнинг муҳим омили. Шунинг учун ҳар бир сонидаги таъсирчан ва фойдали мақолалар билан қизиқиб танишиб бораман.

Мухлис сифатидаги таклифим шуки, газетада бошқа соҳаларга тааллуқли муҳим янгиликлар ҳам изчил ёзиб турилса, адабий-бадиий асарларга янада кенгроқ ўрин берилса, айни муддао бўларди.