Манзура ЭРГАШЕВА,
"Тиббиёт ва замон" журнали муҳаррири
Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олгач, фаолиятимни "Шифокор ва ҳаёт" газетасида бошлар эканман, ижодий муҳит барқ урган чинакам тажриба ва маҳорат дорилфунунига келганимни ҳис этдим. Зеро, назарий билимларни эгаллаш, мутахассислик дипломини олиш муҳим шарт бўлишига қарамай, матбуот ва журналистика сир-асрорларини ўрганиш ва қўллай олиш устозлар кўмагисиз бўлмайди. Таҳририятда журналистикага хос кўникмаларни ўзлаштириш билан бирга соғлиқни сақлашга оид сиёсий, тиббий билим ва тушунчаларни бойитиш кўникмасини ҳам эгалладим.
"Шифокор ва ҳаёт" газетасидаги саккиз йиллик фаолиятим давомида тиббиётдаги ислоҳотларни, янгиликларни ёритишдаги қайноқ жараён, зеҳну заковати, фидойилиги билан ҳурмат қозонган шифокор ва ҳамширалар ҳақидаги очерк ва мақолаларим ижодий фаолиятимнинг мазмуни, ҳаёт дафтаримнинг нурли саҳифаларидир.
Мен тиббиёт мавзуини ёритишга ихтисослашган журналист бўлиб шаклланишимда қадрли устозларим Содиқжон Тожибоев ва Абдуллажон Ғозиевларнинг катта хизмати борлигини доимо ҳис этаман. Улардан бой касбий малака, одоб, ташаббускорлик ва ташкилотчилик фазилатларини эгалладим. Шу боис республика соғлиқни сақлаш тизимининг нуфузли нашрларидан бири бўлган "Тиббиёт ва замон" журнали муҳаррирлигига тайинландим. Таҳририятни аниқ мақсад сари йўналтириш, журналнинг ҳар бир сони мазмун, сифат ва долзарблиги жиҳатидан талаб даражасида бўлишини таъминлашда "Шифокор ва ҳаёт" дорилфунуни таълим-тарбияси муҳим роль ўйнаяпти.
Яна бир мулоҳазага алоҳида урғу бермоқчиман. Мазкур нашрларнинг оёққа туриши ва бугунги нуфузга эришишида муассисимиз бўлган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда соҳадаги барча муштарийларимизнинг алоҳида хизматлари бор. Негаки, ўқувчиси, обуна бўлиб қўллайдигани, яъни сиз азиз тиббиёт ходимлари билан ҳамкорлик биз учун шарафли. Шунинг учун ҳам газетанинг қутлуғ тўйи, ўйлайманки, ҳаммамизнинг байрамимиз. Шуни чуқур ҳис этган ҳолда чин дилдан баралла айта оламан, 25 йиллик айём барчамизга муборак бўлсин, азизлар!