Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Прези­дент­ликка номзод Улуғбек Иноятов Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги маданият марказида сайловчилар билан учрашди.

Учрашувда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайлов жараёнларини кузатиш бўйича кузатувчилари, партия фаоллари, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, депутатлар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёшлар қатнашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шоҳиста Тур­ғунова сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Хусусан, номзоднинг меҳнат фаолияти давомида Наманган давлат университетига ректорлик даврида тиббиёт ва хорижий тиллар факультетларини ташкил этишдаги саъй-ҳаракатларини эътироф этди. Шундан сўнг Президентликка номзод Улуғбек Иноятов сўзга чиқиб, сайловолди дастурида белгиланган асосий йўналишлардан ўрин олган таклиф ва ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берди.

Номзод дастурининг асосий жиҳати, унда кучли ижтимоий ҳимоя йўналишига алоҳида эътибор қаратилган. Аёлларнинг ўқиши, касб ўрганиши ва ишлаши учун шароит яратилиши ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалалар тизимли ҳал этилишига хизмат қилади.

Дастурнинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти – барқарор тараққиёт ва ижтимоий фаровонлик асоси, деб номланган йўналишида мамлакатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, кафолатланган бюджетга бевосита боғлиқлигини инобатга олиб, ундириладиган барча тўловларни (жарима, давлат божи, йиғим, бошқа мажбурий ундирувлар) давлат бюджетига йўналтириш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда.

– Миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда улардан самарали фойдаланишни таъминлаш, маҳаллий инвес­торларга ҳам хорижий инвесторларга берилганидан кам бўлмаган имтиёзлар бериш инобатга олинган, – деди Улуғбек Иноя­тов ўз сўзида. – Бугунги кунда хорижий инвесторларнинг ўз акцияларидан оладиган дивидендлари уч йил муддатга солиқдан озод қилинган. Улар учун фойда солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилган. Шунингдек, 7 мингдан зиёд хомашё ва товарларга божхона божлари бекор қилинган. Буларнинг барчаси хорижий инвесторларни кенг жалб этишга қаратилган имкониятни яратади. Худди шундай имконият ва имтиёзлар маҳаллий инвесторларда ҳам бўлиши, ўз ўрнида миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашда катта омил вазифасини бажаради.

Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси, "Эл юрт ҳурмати" ордени соҳиби Зиёвиддин Мансуров, Наманган давлат университети докторанти, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Манзура Абдуллаева, Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Мавлуда Жўрабоева ЎзХДПдан Президентликка номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга чақирди.