Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Робахон Маҳмудованинг вилоятимиздаги ишончли вакили жойларда сайловчилар билан учрашмоқда.

Жумладан, Чортоқ туманидаги 14-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган навбатдаги сайловолди ташвиқотида туман фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, "Адолат" СДП аъзолари, хотин-қизлар ва ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Учрашув аввалида ишончли вакил, партиянинг вилоят кенгаши раиси, депутат Исроилжон Жўраев номзод ва унинг сайловолди дастурида илгари сурилаётган устувор мақсадлар хусусида сайловчиларга батафсил маълумотлар берди.

Робахон Маҳмудованинг сайловолди дастурида ҳуқуқий давлат, ижтимоий адолатни қарор топтириш, фуқаролик жамиятини барпо этиш, иқтисодиёт, таълим ва илм-фан, соғлиқни сақлаш, экология, оилани мустаҳкамлаш, юксак маънавиятли жамият қуриш, тинчликсевар ташқи сиёсат каби йўналишлар устувор.

Тадбирда сўз олган партия фаоллари ва хотин-қизлар номзоднинг сайловолди дастури юзасидан ўз фикрларини билдириб, уни қўллаб-қувватлади.

– Номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган "Ақлли тиббиёт" тизимининг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилиб, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш кенгайтирилиши ҳамда дориларнинг ягона электрон базасини такомиллаштириш орқали уларнинг ноқонуний айланмасига, фармацевтика ва тиббиёт ходимларининг яширин келишувларига чек қўйилади ҳамда нарх­ларнинг асоссиз оширилишининг олди олиниши мумкин, – дейди партия фаоли Шаҳнозахон Исмоилова.

Савол-жавобларга бой бўлган тарғибот тадбири сўнгида ишончли вакил сайловчилар саволларига бафуржа жавоб қайтарди. Учрашув якунида ишончли вакил барчани Президент сайловида номзод Робахон Маҳмудовага овоз беришга чақирди.

* * *

Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг вилоятимиздаги ишончли вакили сайловолди ташвиқотини бошлади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси мажлислар залида ўтказилган дастлабки учрашувда экопартия фаоллари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар Кенгашлари депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, тиббиёт ходимлари иштирок этишди.

Ишончли вакил, Наманган Давлат университетининг экология кафедраси доценти, география фанлари доктори Абдуғаффор Назаров йиғилганларга номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурини таништирди.

Таъкидланишича, номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатимизда иқтисодиётни ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. "Яшил тараққиёт учун" шиори остидаги сайловолди дастурнинг бош мақсади – экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурс­лардан самарали фойдаланиш, "Яшил" иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали аҳолимизнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда фаровон жамиятни барпо этишдан иборат эканлиги тўғрисида алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Жумладан, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини икки баробарга камайтириш, шаҳарлар бош режаларини тузишда уларда яшил майдонлар камида 30 фоизни ташкил этиши талабини қонунчиликда белгилаш каби таклифлар алоҳида эътироф этилди.

Тадбир якунида номзоднинг сайловолди дастури бўйича экопартия фаоллари томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ишончли вакил йиғилганларни Президент сайловида номзод Абдушукур Ҳамзаевга овоз беришга чақирди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.