Жорий йилниннг 20 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида видеоселектор тарзида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов олиб борди.

Йиғилиш кун тартибида Ўзбекистонда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида олиб борилаётган профилактик ҳамда эпидемияга қарши тадбирлар самарадорлигини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди. Соғлиқни сақлаш вазири видеоселекторни кириш сўзи билан очар экан, мамлакатимиз тиббиёт тизимида олиб борилаётган амалдаги фаолиятларга атрофлича тўхталди. Вазир кун тартибидаги масалага тўхталар экан, мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасидаги фаолиятларда амалга оширилган ишлар қаторида ўз ечимини кутаётган камчилик ва муаммоларга, айниқса, кадрлар масаласи, шифохона ичи инфек­цияси ва бир қанча масалаларга жиддий эътибор қаратиб, мазкур соҳада йўл қўйилган хато ва камчилик ҳамда айрим раҳбарларнинг фаолиятга бўлган масъулиятсизлигини тан­қид остига олди.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Баҳодир Юсупалиев сўзга чиқиб, мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, вазир томонидан билдирилган мавжуд муаммо ва камчиликларга алоҳида урғу қаратди. Масъул ходимлар томонидан қўмитанинг ҳудудлар кесимида ўтказилган текширув ва таҳлилий натижалари тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди. Айрим ҳудудларда биноларнинг талабга жавоб бермаслиги, шунингдек, тиббий асбоб-ускуналарнинг маънан эскирганлиги ҳамда бир қанча мавжуд камчиликлар тилга олинди. Йиғилиш давомида масъуллар сўзга чиқиб, ҳақиқатан ҳам соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини инкор этишмади. Йиғилиш сўнггида мутахассислар соҳа ривожи учун янгича ёндашувлар бўйича ўз таклифларини беришди.

Видеоселектор якунида кўриб чиқилган долзарб масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилинди.