Фахр билан айтиш жоизки, мамлакатимизнинг ҳар бир соҳасида ўзининг истеъдоди ва интеллектуал салоҳияти билан хорижий давлатларда халқаро эътирофга муносиб бўлаётган ва Янги Ўзбекистонимизнинг янги авлодига айланаётган ёшлари билан ҳақли равишда фахрланамиз. Шундай экан, куни кеча ана шундай халқаро миқёсда эътироф этилган муваффақиятга гувоҳ бўлдик. Янги Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги нуфузини оширишда тиббиёт ходимларининг, айниқса ушбу соҳа олимларининг ҳам ўз ўрни бор. Халқаро даражадаги тиббиёт технологияларини янада такомиллаштириш ҳамда ушбу технологияларни халқимиз саломатлигига хизмат қилишни ташкил этиш бугуннинг долзарб вазифасидир.

Юртимизнинг яна бир фарзанди, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи раҳбари, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, травматолог – ортопед Камолхўжа Эшназаровга Корея Республикасининг Теджон тиббиёт технологиялари институтининг профессори илмий даражаси берилди. 2023 йилнинг 20 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳайъат йиғилишида доктор Камолхўжа Эшназаровга профессорлик сертификатини Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов тантанали равишда топширди. Бу албатта, юртимиз тиббиёт аҳли учун катта ютуқдир.

Эътирофлиси шундаки, муносиб рағбат эгаси Камолхўжа Эшназаровнинг эришган ютуқлари хусусида Теджон тиббиёт технологиялари институти президенти Бюнг-ки Ли ўзининг эътирофли фикрларини Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовга қуйидагича йўллайди.

Корея Республикасининг Теджон тиббиёт технологиялари институти Сиз ва жамоангизнинг мамлакатларимиз ўртасидаги яқин муносабатларни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларини қадрлайди. Бугун биз Ўзбекистонда илм-фан, тиббиёт ва таълимнинг жадал ривожланишига олиб келадиган барча воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқдамиз.

Албатта, тиббиёт технология­ларини ўқитиш ва тиббиёт тизимини бошқаришни ташкил этиш соҳасида Кореядаги етакчи олийгоҳлардан бири бўлган институтимиз ўз фаолиятини жаҳон миқёсида, жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам кенгайтиришдан манфаатдор. 2023 йил бошида Президентимиз Бюнг-ки Ли бошчилигида институтимиз ходимларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилди. Ташриф давомида жамоамиз Сиз билан учрашди. Музокаралар чоғида Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш ва институтимизни ташкил этиш, шунингдек, мeморандум имзолаш таклиф этилди. Жамоамиз Самарқанддаги бир қанча тиббиёт коллежлари ва клиникаларида бўлди. Институтимизнинг маъмурий бўлими билан маслаҳатлашганимиздан сўнг Ўзбекистонда кадр­лар тайёрлаш ва таълим тизимини жорий этишга қарор қилинди. Дастлаб, Самарқанд шаҳридаги тиббиёт коллежини бошқариш учун институтимизга ўтказилади ва ушбу коллежда янги ўқув йўналиши ҳамда таълимнинг инновацион тизими (инновацион таълим тизими) ташкил этилади. Учрашув ва музокараларимизни ташкил этишда соғлиқни сақлашни ташкил этиш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган доктор Камолхўжа Эшназаровнинг ҳиссаси катта бўлди. Бундан ташқари, доктор Камолхўжа Эшназаров Кореянинг Йонсей университети, Чоннам университети каби дунёга машҳур университетларида таҳсил олган ва кўплаб корейс профессорларининг талабасидир. Улар Aмерика, Европа, Осиё, жумладан, Жанубий Кореядаги халқаро илмий журналларда йигирмадан ортиқ илмий мақолалари чоп этган. Кўплаб мамлакатларда ўтказиладиган халқаро конференция, форум ва учрашувларда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Доктор Камолхўжа Эшназаровнинг илмий изланишлари ва амалий фаолияти институтимиз ривожланишининг устувор инновацион йўналишига тўғри келади. Айниқса, 3D-босма суяк имплантатлари ва суяк нуқсонларини эндопротезлаш амалиётида қўллаш, мушаклар мувозанатини ўрганиш ҳамда ортопедик беморларни даволаш ва реабилитация қилиш учун сканерлаш ёрдамида инсон биомеханикасини таҳлил қилиш ва бошқа кўплаб жиҳатлар бизнинг илмий базамиз ва доктор Камолхўжа Эшназаровнинг амалий ишлари учун умумий қизиқиш уйғотмоқда. Шу муносабат билан, тиббиёт соҳадаги улкан илмий ва амалий ютуқларни инобатга олган ҳолда ҳамда миниинвазив (кичик инвазив) усуллар ва бўғимларни эндопротезлаш каби инновацион тиббий технологияларни амалиётга жорий этишдаги хизматлари ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, университетимизда ва Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ҳамда тиббий таълим сифатини оширишда ўзининг беқиёс меҳнатларини бахшида қилган доктор Камолхўжа Эшназаровга Теджон тиббиёт технологиялари институти профессори илмий даражаси берилди.

Шу ўринда таъкидламоқчиманки,Президентингиз Шавкат Мирзиёевга нафақат мамлакатингизда, балки бутун дунёда илм-фан ва тиббиёт ривожига хизмат қилаётган интеллектуал ёшларнинг янги авлодини тарбиялагани учун самимий миннатдорлик билдирамиз. Ишончимиз комилки, янги Ўзбекистоннинг янги авлоди бутун дунёда тиббиёт, тиббий технологиялар ва таълимни ривожлантиришда катта имкониятларга эга.

Сизни фуқаронгиз доктор Камолхўжа Эшназаровнинг хал­қаро миқёсда эътироф этилган муваффақияти билан табриклаймиз. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси тан олиниши ва мустаҳкамланишидан яна бир бор далолатдир.

Ҳамюртимиз Камолхўжа Эшназаровнинг эришган ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилганлиги Ўзбе­кис­тон тиббиётининг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни борлигини яна бир бор кўрсата олди десак, муболаға бўлмайди.

Ибодат СОАТОВА.