27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан тантанали тадбир ташкилланди. Унга вилоят телерадиокомпанияси, газета ва журналларда фаолият олиб бораётган журналистлар, блогерлар таклиф этилдилар.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов меҳмонларни яқинлашиб келаётган қутлуғ сана муносабати билан муборакбод этди.

– Яхши баламизки, шифокорлар халқ дардининг нажоткорлари бўлса, сиз оммавий ахборот воситалари ходимлари улар фаолиятини оммага етказувчи иқтидорли ижодкорларсиз. Қаерда бирор янгиликни ишга татбиқ этсак, қаерда илғор тажрибалар яратилса, сизлар албатта уларни тарғиб қиласизлар. Ходимларимизга кўтаринки руҳ, хизматларидан мамнуният ҳисларини бағишлайсизлар. Шунинг учун ҳамкорлигимиз ҳамиша барқарору бардавомдир,– деди бошқарма бошлиғи. – Биз оммавий ахборот воситалари ва матбуот ходимларини ўзимизнинг беминнат таянчимиз ва кўмакчимиз деб биламиз. Сизлар учун даволаш-профилактика муассасаларимиз эшиги доимо очиқдир. Эътиборли жиҳати Сизлар жойлардаги муаммоларни ва камчиликларни ҳам сезгирлик билан аниқлаб, уларни ижобий ҳал этиш, халқимизни тиббий хизматдан розилигига эришиш борасида катта кўмак бераётганингиз учун ҳам бугун миннатдорчилик билдиришга бурчлимиз.

Таъкидландики, Президентимиз томонидан оммавий ахборот воситаларига алоҳида эътибор берилаётгани бежиз эмас. Чунки, жонажон Ўзбекистонимиз ўз тараққиётининг янги ва муҳим босқичига қадам қўяётган ҳозирги даврда медиа соҳаси вакиллари – журналист ва муҳаррирлар, режиссёр ва операторлар, блогерлар, телерадиоканаллар, газета ҳамда журналлар ходимлари ватанимзнинг демократик қиёфасини шакллантириш ҳамда уни дунёга тараннум этишга беқиёс ҳисса қўшиб келяптилар. Биргинга тиббиёт соҳасидаги ютуқларимиз ўз вақтида наинки мамлакатимизга, балки жаҳонга ҳам кўз-кўз қилинмоқда.

Ўзбекистон тиббиёти, айниқса Наманган вилояти соғлиқни сақлаш соҳаси кейинги йилларда юксак поғоналарга кўтарилмоқда. Тиббий хизмат кўрсатишда юқори технологиялар, хориж тажрибаси дадил қўлланилмоқда. Бу ютуқларда шифокорлар билан бирга журналист ва блогерларнинг ҳам ҳиссаси борлиги алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админс­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Алибек Эргашев ҳам сўзга чиқиб, қатнашчиларни байрам билан муборакбод этди.

Тантанали маросимда фаол журналист ва блогерлар рағбатлантирилдилар.