Ҳафталик давомида юқори малакали шифокорлар гуруҳи ҳар куни вилоятнинг олис ҳудудларига йўл олдилар. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, республика ихтисослаштирилган хирургия маркази, Травматология ва ортопедия илмий-текшириш институти, республика кўз касалликлари шифохонаси, Тошкент тиббиёт академияси 1-клиникаси ва бошқа илмий-амалий марказлари таниқли мутахассислари вилоят даволаш-профилактика муассасаларидан сафарбар қилинган ҳамкасблари билан аҳоли вакилларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикка чорлашди. 2 та кўчма флюорографик текшириш ускуналари, 4 та УТТ, 4 та ЭКГ, 4 та лаборатория текширувлари жамланмаси ва бошқа турдаги энг замонавий тиббий жиҳозлар ёрдамида тиббий текширувлар олиб борилди.
- Акция мобайнида 11 та туман ва Наманган шаҳрида яшовчи 6,5 минг нафарга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 4508 нафарига амбулатор шароитида, 1130 нафарига шифохона, шу жумладан 116 нафарига республика миқёсидаги клиникаларда даволаниш учун йўлланмалар берилди. 2433 нафар аҳоли флюорографик текширувлардан ўтказилди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Райҳона Мансурова.
Ижтимоий акция боис олис қишлоқларда яшовчи кам таъминланганлар ва ногиронлар учун қулайлик яратилди. Пойтахтга ёки вилоят марказига бориб, саломатлигини тиклаш ниятида юрган кишилар ҳузурида бевосита улар орзу қилган олим шифокорларнинг қабулини уюштириши эл бахту саодати йўлидаги хайрли ишлар сирасига киради, албатта.
- Рафиқам жигар ҳасталигига чалинган. Уни даволаш қийин кечаётганди. Мамлакатимизнинг етакчи шифокорлари вилоятимизга келишгани айни муддао бўлди. Қабул чоғида улардан зарур тавсияларни олдик. Шу қадар имконият яратилганидан беҳад мамнунмиз, - дейди Алижон ака Мақсудов.
Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари тажрибали мутахассислари билан ҳамкорлик боис маҳаллий шифокорларнинг малакаси юксалди, соҳага оид билим ва янгиликлардан бохабарлик даражаси ошди.
Тадбир якунида чуқурлаштирилган тиббий текширувларни самарали ташкиллашда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ пойтахтлик олим-шифокорларга вилоят ҳокимлигининг Ташаккурномаси тантанали вазиятда топширилди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкилланган мазкур акция халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш сари қўйилган муҳим қадам бўлиб, юртдошларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик доирасини янада кенгайтириш имконини берди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.