Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" мажмуасида "Спорт – саломатлик гарови" шиори остида югуриш ва юриш марафони ташкилланди. Эрталаб бу маскандаги ўйингоҳни спортчи ёшлар эмас, балки ноодатий ҳолатда тиббиётчилар банд этишди. Соябонли айвон остида юзлаб ҳамкасблар ўтиришган бўлса, югуриш йўлагида спорт кийимидаги тиббиётчи хотин-қизлар саф тортишди.

Тантанали тадбирни Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Дилором Абдураҳимова кириш сўзи билан очди. Унинг такидлашича, Наманган шаҳар оила ва хотин қизлар қўмитаси ҳамда тиббиёт бирлашмаси томонидан, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Айниқса спортни оммавийлаштиришга алоҳида этибор қаратиляпти. Мазкур марафон худди шу йўналишдаги саъй-ҳаракатлардан биридир.

Сўнгра шаҳардаги намунали оила бекаси, "Дўстлик"ордени соҳибаси, шоира Дилбар Ҳайдаровага сўз берилди. Ижодкор аёл ўзининг "Наманган мадҳи" шеърини фахр билан ўқиб, марофон қатнашчиларига муваффақиятлар тилади.

Мусиқа садолари остида дастлаб футбол ўйингоҳини икки бор айланиб югуришга старт берилди. Кейин эса 5000 қадам масофага юриш амалга оширилди.

Ниҳоят ғолиблар аниқланди. Чаққон югуриб, биринчи бўлиб финишга Екатрина Муродова етиб келди. Унинг ортидан Муслима Солибоева ҳамда Матлуба Нормирзаевалар белгиланган масофадаги марра чизиғига қадам қўйишди . Шунингдек, Зоҳида Ҳамдамова, Дилором Иброҳимова, Ҳалима Солижоновалар ҳам югуришда фаоллик кўрсатишгани эътироф этилди.

Марафон ғолибларига эсдалик совринлари тантанали топширилди.